16:30 / 23.09.2019
3 063

Чет эллик мураббий. Купернинг истеъфоси ҳақида

Чет эллик мураббий. Купернинг истеъфоси ҳақида
Ниҳоят, узоқ кутилган хабар расман янгради – Эктор Купер истеъфога чиқарилди. Узоқ кутилганининг сабаби, бу ҳақида анча олдин гап-сўзлар тарқалган, фақат масаланинг молиявий томони, мураббий билан шартнома шартлари юзасидан музокаралар ўтказилгани боис ҳал этиш осон бўлмади.

Ҳа, айнан мана шу жиҳат одамни хурсанд қилади. Ўзимизнинг ва чет эллик мураббий ўртасидаги биринчи фарқни намоён этади. Мураббийни олиб келиш ҳам, уни бўшатиш ҳам қандайдир музокаралар талаб этган – бу ассоциациямизни анча юқорироқ стандартларда ишлашга мажбур қилади. Мазмунан «Бор йўқол, кўзимга кўринма», деб масалан, бир мураббийни ҳайдаб, иккинчисига телефон қилиб, «Терма жамоани сен ол, клубингга ўзим телефон қилиб қўяман» қабилида ишлашдан кўра профессионалроқ. Бу учун қанча пул кетгани, бошқа мавзу.

Иккинчи фарқ, масалан, Купер учун ташкил қилиб берилган йиғинлар, ўртоқлик учрашувлари ва шароитларда. ЎФА унинг барча инжиқликларини кўтарган, масалан ҳатто Туркия меҳмонхоналаридан бирида йўқ бўлган музни қаердандир ташиб олиб келишган. Инжиқлик деганим, бу ижобий маънода. Агар бир мураббийни терма жамоа бошига олиб келдингми, унинг талабларини юз фоиз бажаришга мажбурсан, акс ҳолда у ҳам юз фоиз ишламайди.

Футболчи ватанпарвар бўлиш керак, тўғри, чунки масалан, майдонда қўшимча куч керак бўлганда, бор имкониятни ишга солиш керак бўлганда, юрак ҳам зарур. Аммо мураббийлик бошқача соҳа, ақлий меҳнат. Мураббий ҳар қанча ватанпарвар бўлса, шунчалик ақли ортиб кетмайди. Профессионализм биринчи ўринда. Маҳаллий мураббийнинг бундай инжиқликларини кўтаришимизга шубҳам бор, Ўзбекистондаги ҳеч қайси мураббий «мехмонхонага қаердан бўлса ҳам муз топиб келинг» демайди. Муз-ку майли, умуман, маҳаллий мураббий ЎФАнинг бор шароитларидан келиб чиқиб ишлашга мажбур. Бу шуни англатадики, ўзимизникилар ЎФАнинг шароитларини бир босқич юқорига кўтаришга сабаб бўла олмайдилар.

Учинчи фарқ. Чет эллик мураббий барча футболчилар учун холис бўлади. Купернинг дастлабки ўйинларини эсланг, барча футболчилар таркибга киришга ҳаракат қилган, Жавоҳир Одилдан муҳимроққа айланиб қолган, қандайдир ишончсизликдан асар ҳам йўқ эди. Тўғри, таркиб масаласида, айниқса, журналистларнинг эътирозига сабаб бўлган танловлар бўлган, Денисовни мисол қилиш кифоя. Аммо Денисов айнан мураббийнинг футбол қарашларидан келиб чиқиб, четлатилгани ҳам аниқ. Чунки Купер келганида, Денисовни танимасди, тўғрими?

Тўртинчи фарқ. Купер футболимиз тарихида энг кўп танқид қилинган мураббий бўлди. Ҳа, Бабаян ёки Қосимовни эслаш мумкин, уларга нисбатан танқидий фикрлар кўпроқ бўлганди, қўшиламан. Лекин аксарият ҳолларда мухлислар ва журналистлар томонидан салбий фикрлар янграган холос.

Бирор футбол мутахассисининг телевизорда ёки интервьюда чиқиб Қосимовни ёки Бабаянни танқид қилганини эшитганмисиз? Ўзбекча истиҳолами, бошқами, кўз кўзга тушади, деб кўп мутахассислар терма жамоа ҳақидаги фикрларни ўзларига олиб қолишар, терма жамоа ўйини ҳақидаги фикр айтилмасди. Куперга келганда, ҳаммаси бемалол бўлди.

Биринчидан, у барибир тушунмайди, иккинчидан, тушунса ҳам, таниш эмас, хафа бўлса бўлар. Учинчидан, ўрганиб қолган, хафа бўлмайди ҳам. Купер Хайрулла Ҳамидовнинг уйига кўнгил сўраш учун борди, уч кун ўтиб эса, Хайрулла Ҳамидов у ҳақида бемалол танқидий фикрларни билдирди, истеъфога чиқиши кераклигини айтди. Табиийки, чет эллик мураббийнинг танқидга бўлган муносабати, биз журналистларни ҳам чет элликка айлантириб қўйиши бор гап.

Яна бошқа фарқлар бор. Баъзиларини санадим ва эътибор берсангиз, аксарият ҳолларда бу фарқлар чет эллик мураббийнинг устунлигини кўрсатади. Бу назарий жиҳатдан, албатта, айрим ҳолатлар бўладики, айнан бир паллада чет эллик мураббийдан кўра, маҳаллий мутахассис жамоага ижобий таъсир кўрсатиши мумкин. Ҳозирги ҳолат каби. Аммо зинҳор, бугунги истеъфо «ана, чет эллик мураббийни ҳам кўрдик, ўзимизникидан қўймасин экан» деган хулосани тақдим этмаслиги керак.

Агар кимдир, «Ўзимизнинг мутахассис чет элникидан яхшироқ» деса, юқорида мен келтирганим каби, маҳаллий мутахассиснинг европалик ҳамкасбидан яхшироқ бўлиши ҳақида фарқларни келтириб ўтиши шарт. Абрамовнинг Купердан айни пайтда яхшироқлиги ёки Сколари ўз вақтида кўрсатган натижадан кўра, Қосимов муваффақиятлироқ бўлгани, ҳеч нарсани исботламайди. Абрамовнинг услуби Купердан яхшироқ, дейиш мумкиндир, аммо бу чет эллик-маҳаллий солиштирмаси учун умуман ўлчов эмас. Ҳамма ўзбек мураббий Абрамов бўлмаганидек, чет эллик мураббий фақат Купердан иборат ҳам эмас.

Умуман, Осиё миқёсида ҳам олинг, қитъа чемпионига айланган Қатарни ким бошқарди? Испаниялик мураббий. Ўз вақтида БАА, Баҳрайн каби терма жамоаларнинг кучайишида маҳаллий мутахассислар муҳим рол ўйнамадими? Япония, Корея, Эрон, Австралиянинг бугунги ҳолатигача келишида голландиялик, португалиялик, германиялик мураббийларнинг аҳамияти катта эмасми?

Гўёки Купернинг ҳимоявий услуби тўғри келмагани, ўзбек футболи ҳужумкор экани ҳақидаги фикрлар мен учун ғалати туюлади. Замонавий футболни ҳужумкор ва ҳимоявий деб ажратиш ҳам ҳар доим у қадар тўғри эмас, жамоа ўсиб, кучайиб борган сари, тўпни яхшироқ назорат қилади, ҳужумкорлик ўсиб бораверади. Бундан ташқари, биз Моуриньони олиб келган Бразилия эмасмиз-ку, тўғрими?

Суперлига ўйинларига қараб, клубларимизнинг Осиё Чемпионлар лигасидаги қатнашишларига баҳо беринг – қайси ўйинларда футболимиз ҳужумкор? Нечтадан гол уряпти «Пахтакор» ёки «Локомотив» Осиё майдонларида? Уларни нега ҳимоявий услубда айбламаяпмиз? Яъни асосий муаммо танланган услубдан эмас, шунчаки, жамоанинг кучсизроқ эканидан, кутилганидек ривожланмаганидан, деб биламан.

Муваффақиятсизликнинг асосий сабаблари сифатида эса, қуйидагиларни айтиш мумкин.

Биринчидан, мураббий ҳар қанақа маънода диктатор бўлган замонда муваффақият қозонган ёши каттароқ мутахассислар бугунги инстаграм авлодини бошқаришда қийинчиликларга дуч келмоқдалар. Асосан футболчилар орасида «улардан бири» бўла олаётган Клопп, Зидан каби ёш мураббийлар бошқарувда самаралироқ кўриняптилар. Купернинг муваффақиятсизлигига асосий сабаб шу, дейиш мумкин.

Купернинг истеъфоси у жамоани йўқотиб қўйганлиги туфайли рўй берди. Мен ҳар бир ўйин ёки турнирдан кейин фикрларимни ёзиб бордим. Чуқурлашиш ниятим йўқ. Айб бутунлай жамоада ёки Куперда, демоқчи эмасман. Умуман айбдор қидириш ҳам шарт эмас. Купер ҳам яхши бўлишини истади, лекин жамоа билан алоқани йўқотди. Бундай ҳолатлар янада профессионалроқ бўлган Европада ҳам, айниқса, аввалги авлод мураббийлари билан содир бўлиб келмоқда ва кўпинча, истеъфо билан тугаяпти.

Иккинчидан, юқорида истеъфога чиқариш музокаралари чўзилгани ҳақида ёздим-ку, тайинланиш жараёни ҳам худди шундай, балки бир неча баробар узоқроқ ва чуқурроқ давом этиши керак. Яъни ЎФА маълум бир мураббийни танлар экан, ўзига яраша стратегия билан ёндашиши талаб этиларди.

Ҳар бир мураббийнинг ҳам амплуаси бор – баъзилари тайёр юлдузли жамоани яхши ўйнатади, бошқаси янги футболчиларни кашф этиб, авлодлар алмашинувини самарали амалга ошириши мумкин, бошқаси мотиватор ва ҳоказо. Терма жамоамизнинг айни (ўша) пайтдаги ҳолати қандай вазифаларни тақозо қилади, қандай мураббийга муҳтож, бу ҳақида чуқурроқ таҳлил қилиниши лозим эди.

Эсингизда бўлса, терма жамоани бошқариши мумкин бўлган чет эллик мураббийлар исмлари ошкор қилинганди ўшанда. Рўйхатда Билич, Далич каби ёш мураббийлардан тортиб, Кейруш, Купер каби номлар учраган. Яъни саналган ўн нафар мураббийлар бир-биридан амплуа жиҳатидан ҳам, услуб жиҳатидан ҳам тубдан фарқ қиларди. Демак, бундан ЎФА аслида терма жамоага қандай мураббий кераклигини аниқ билмаган, таниқли ва тажрибали ном қидирган, деб хулоса қилиш мумкин.

Албатта, ЎФАнинг айнан Куперни танлаши ва балки Купернинг Ўзбекистонни танлашида ўзига яраша хатолик бўлганини айтиш мумкин.

Учинчидан, албатта, объектив сабаблар ҳам бор.Масалан Осиё кубогида жамоанинг муҳим бўлаги бўлган Шукуровнинг, шунингдек Сидиқовнинг жароҳат олиши. Бу футболчилар билан терма жамоамиз сал бошқачароқ кўриниши ва балки, Купер ўз режаларини амалиётга кўчиришда самаралироқ бўлиши мумкин эди.

Энди нима қилиш керак?
Купернинг яхши мутахассис бўлганини тан олсам-да, истеъфо қарорини қўллаб-қувватлайман. Чунки юқорида айтганимдек, агар жамоа ва мураббий ўртасида «химия» бўлмаса, ҳамма ҳар томонни кўзлаб турса, ўз имкониятидан юқори сакраб, тарихда бўлмаган натижанинг қайд этилиши тугул, жамоа ўз салоҳияти даражасида ҳам тўп сура олмайди ва кучсиз жамоаларга ютқазишда давом этиш мумкин. Терма жамоа клуб эмаски, бундай ҳолатларда танланган йўналишдан воз кечмай, футболчиларни алмаштириб ташланса ёки мураббийга мосроқ таркибни йиғса. ЎФА олдида бошқа йўл қолмаганди, назаримда.

Энди терма жамоага маҳаллий мутахассислардан бири, катта эҳтимол билан Вадим Абрамов тайинланади. Нафақат Абрамов, умуман бугунги ҳолатда ҳар қандай бошқа мураббий ҳам вазиятни ижобий томонга ўзгартириши табиий эди. Ким кўпроқ кучайтириши мумкинлиги ҳисобга олинганда, Абрамов варианти яхшироқ кўринмоқда. Лекин бу ҳам вақтинча бўлиши эҳтимол. Эсингизда бўлса, Бабаян Миржалол Қосимов ўрнига келиб, вазиятни ўнглаганди. Лекин маълум вақт ўтиб, унинг жамоаси ҳам жуда ишончсиз ўйин кўрсатишни бошлаганди.

Хулоса қилиб шуни айтиш мумкинки, Купер ўрнига маҳаллий мураббийнинг тайинланиши – вазиятни ўнглаш учун ягона тўғри қарор. Аммо мана шу ўтган сўнгги бир йил ўзимизникиларнинг Купердан ёки маҳаллий мутахассисларнинг чет элликлардан яхшироқ эканини исботламаслиги, шундай хулосага келиб қолинмаслиги керак. Агар кейинги бошқарув айнан шу фикрни ўзига доимий принцип қилиб олса, натижалардан қатъи назар терма жамоа бошқаруви яна орқага кетишни бошлади, деб айтишим мумкин. Орқада эса, биз жуда кўп марта бориб қолган таниш манзара бор.
Қаҳрамон Асланов

Манба: Kun.uz

arenda kvartira tashkent

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Спорт » Чет эллик мураббий. Купернинг истеъфоси ҳақида