00:30 / 21.08.2020
2 302

Куман ва «Барселона». Саволлар ва жавоблар

Куман ва «Барселона». Саволлар ва жавоблар
Фото: EPA/Vostock-photo
У ёки бу футболчининг янги жамоада қандай ўйнаб кетишини яхши биламиз. Чунки бериладиган вазифалар ҳам, футболчининг маҳорати ҳам маълум. Лекин мураббийлик бошқа – ҳар доим янгича вазифа, мутлақо янги шароит ва янги фазилатлар керак бўлади. Шунинг учун тахминлар ўринсиз. Аммо Рональд Куман борасидаги баъзи шубҳаларни тилга олиш ва унга жавоб ахтаришнинг зарари йўқ.

Муваффақиятсиз мураббий
Рональд Куман мураббийлик фаолиятини салкам 20 йил олдин бошлаган бўлса-да, Европа миқёсда катта натижалар кўрсата олмаган. У кўпчилик ўхшатаётган Пеп Гвардиола билан шуниси билан фарқ қилади – Пеп тажрибасиз бўлса-да, ўзининг янги ғоялари билан жамоа бошига келган ва илк уринишдаёқ ҳаммаси ўхшаганди. Куман ҳам Пеп каби шу тизимдан чиққан мутахассис, аммо унда мураббий сифатида ўзини кўрсатиш учун 20 йил вақт бор эди. Айтиш мумкинки, Куман агар футболчи сифатида «Барселона» афсонаси бўлмаганида, жамоага тайинланмасди.

Фақат Нидерландия миқёсидаги совринлар, «Валенсия» ва «Эвертон»даги муваффақиятсизликлар Куманнинг янги жамоадаги авторитетига соя солиши мумкин. Ҳатто Нидерландия терма жамоасини «тирилтиргани» эътироф этилаётган бўлса-да, бу давр ван Дейк, Вейналдум, Де Йонг, Депай каби футболчиларнинг клуб миқёсида ҳам юлдузга айланаётган пайтларига тўғри келди.

У кўпчилик кутган халоскор эмас, катта эҳтимол билан Бартомеунинг шахсий танлови, демак, агар илк ойларда ўйин кучаймаса, футболчиларда яна ишончсизлик пайдо бўлиши, мураббийга янада қийин бўлиши турган гап?

Тўғри, Куманнинг мураббийлик фаолиятидаги ютуқлари у қадар катта эмасдир, аммо у биринчидан, «Барселона» афсонаси – шунинг ўзи ҳам клуб ичкарисида, футболчилар ва ходимлар олдида уни авторитетга айлантиради. Иккинчидан, у нидерландиялик, Йохан Кройф ва Луи ван Гаалнинг шогирди ҳисобланади – яъни, унинг ғоялари «Барселона» қадриятлари билан ҳамоҳанг келиши, ёт унсур бўлиб қолмаслиги ҳозирдан тушунарли.

Масалан, Оле Гуннар Сульшер «МЮ»га келгунча, бир қатор муваффақиятсизликка учраган мураббий эди, Френк Лэмпард фақат Чемпионшип тажрибасига эга бўлган, аммо уларнинг клублардаги эътибори муҳим аҳамият касб этди, ҳатто юлдуз футболчилар ҳам уларни авторитет сифатида қабул қилишда оғринмадилар. Яъни Куманнинг футболчи сифатидаги эътибори ва айнан «Барселона» афсонаси экани унинг бошқа камчиликларини ёпа олади.

Яна бир жиҳат, топ-клубларга топ-мураббийлар лозимлиги, жамоа муҳитидаги мураббийнинг авторитети ҳақида гап борганда, доим Месси феномени ўртага чиқади. Гўёки, у «Барселона» ёки Аргентина жамоаларининг яширин «президенти», мураббийлардан тортиб, асосий таркибдаги шерикларигача ўзи танлайдигандек таассуротлар ҳам йўқ эмас.

Мен бу фикрларга қўшилмайман. Месси – майдондаги ҳокимликдан бошқасига қизиқмайдиган, саҳна орқасидаги интригалардан холи бўлган, характери ёш боланикига ўхшаш футболчи. Мессига ёқишга уриниш, Месси билан келиша оладиган футболчиларни асосий таркибга олиш каби ҳолатлар асосан, ўша мураббийларнинг ожиз характерга эга эканидандир. Агар майдонда жамоа кучли, ташаббускор ўйнаса, Мессининг атрофида унинг даражасига яқин шериклар бўлса, «Барселона» ўзи иштирок этадиган мусобақаларда совринлар учун курашса, Месси бошқа нарсаларни ўйлаб ҳам ўтирмай, мураббийнинг кўрсатмаларини бажариши, у айтган позиция ва вазифаларга кўниши шубҳасиз.

Орзу ва қурбонликлар
Куманнинг баъзи мантиқсиздек туюлган қарорлари унинг ҳар томонлама мувозанатли шахс эканини кўрсатмаяпти. Масалан, «Барселона»даги бугунги ҳолат қўрқинчли – худдики, авлодлар алмашинувига очиқ бўлса-да, ажралиш имконсиз бўлган (Месси) ёки катта маошлар туфайли қийин бўлган (Гризманн) футболчилар бор. Трансферлар борасида мутлақ эркинлик берилмайди, чақираётган Бартомеу келаси йилдаёқ сайловда ютқазиши мумкин. Айнан мана шундай мавҳумликлар туфайли Хави таклифни рад этди. Куман эса, ўзи бошқатдан қурган, салоҳияти жуда умидли бўлган, лойиҳаси – Нидерландия миллий жамоасини ташлаб, «Барселона»га кетиб қолди.

Шунга ўхшаш ҳолат унда Англияда ҳам бўлган – йўқ жойдан анча юқорига кўтариб, «кучли олтилик»ка яқинлаштирган «Саутҳэмптон» билан шартномани якунига етказмай туриб, «Эвертон» таклифига рози бўлганди ва жамоасини ярим йўлда ташлаб кетганди. Албатта, «Барселона»дан воз кечиш мумкин бўлган таклиф йўқ, аммо мана шундай қарорлар Рональд Куманнинг мулоҳазали, мувозанатли шахсият эканига соя солмайдими?

Бунга баҳо бериш учун Куманни «Барселона»да ишлаш орзуси доим таъқиб қилиб келганини ҳам эътиборга олиш керак.

«Мен мураббийлик фаолиятимни бошлаганимда иккита катта орзум бор эди – Нидерландия миллий жамоаси ва «Барселона»ни бошқариш».
Апрель ойида испан журналистларнинг саволларига шундай жавоб бермаган бўлганида ҳам, ҳамма аллақачон Куман Барселонага қанчалик талпинишини билиб бўлганди.

Ҳатто ўз вақтида бу орзу армонга айланаёзгани ҳақида ҳам айтганди:
«Барселона»да ишлаш орзуси менга тинчлик бермайди. Мен доим у ерда мураббий бўлиб ишлашни истайман, аммо у томонда жимлик. Агар мақсадингга эриш олмасанг, табиий равишда, бори билан кифояланишга мажбур бўлар экансан. Бугунги ишларимни, вазифаларимни қадрлашни бошладим, «Барселона»ни миямда чиқариб ташлашга ҳаракат қиляпман».
Шу даражада бир истак билан ёнаётган одам ҳаётидаги балким ягона имкониятни қўлдан чиқариши мумкинлигига ишониш қийин. Биринчидан, «Барселона»да мураббийлик курсиси ҳозир бўшади, агар Куман қабул қилмаса, бошқа мураббий билан бир неча йиллик шартнома имзолаб қўйилиши мумкин эди. Иккинчидан, келаси ёз кутилган тақдирда ҳам, Бартомеу сайловларда ютқазиши ва янги раҳбарият бутунлай бошқа режа ва номзодлар билан келиши мумкин.

Куманнинг Нидерландия миллий жамоаси билан шартномасида ҳам, Евро-2020дан сўнг, агар таклиф бўлса, «Барселона»га кетиши мумкинлиги қайд этилган экан. Пандемия туфайли, Европа чемпионатининг сурилиши вазиятни қийинлаштирди, аммо Каталония клуби НФАга маълум миқдорда компенсация тўлаб бериши орқали муаммо ҳал бўлди.

Баландпарвозликми ёки режа?
«Биз нидерландияликлармиз, тўпни назорат қилиш, ташаббускор бўлишни ёқтирамиз. Тўп орқасидан югуриш биз учун эмас. Мен шу ғоя асосида улғайдим, тарбия кўрдим ва мана шу йўналишда давом эттирмоқчиман. Ўзимни «Барселона»ни бошқара оладиган малака ва тажрибага эга, деб ҳисоблайман. Нидерландияликлар ва «Барселона» ўртасида боғлиқлик бор, ўйлайманки, янги вазифага тайёрман», – деди Куман «Камп Ноу»даги таништирув маросимида.

Чиройли гаплар, ҳаммаси мос келади, аммо Кике Сетьеннинг тайинланиши ҳам худди шу каби фикрлар билан асослантирилганди – «Барселона» ғоясини билади, шу йўналишда ишлайди, тўпни назорат қилиш, қадриятлар, «барсача футбол» қабилидаги изоҳлар билан мураббийдан кўп нарса кутилганди. Натижада нима бўлди?

Вальверде ҳақ экани, бугунги таркиб билан ташаббускор ўйнаш қийин экани исботланди. Тўп назорат қилишга уриниш, ташаббускорлик жуда кўп ҳаракатни, асосийси юқори прессингни талаб қилади. Бунинг учун эса, майдондаги ҳамма футболчи доим фаол бўлиши керак. Гвардиола айнан мана шу талаб туфайли, Агуэродан Жезусни устун кўришни бошлаганди. «Барселона»да эса, Месси ва Суарес деярли тўпсиз ҳаракат қилишмас, тўпни қайтариб олиш доим жамоага қийин бўлиб қолганди. Вальверде шунинг учун вертикал футболга урғу бериб, бу камчиликларни ёпди, Сетьен эса, ғояларини амалиётга кўчира олмади.

Нидерландия футболи, тўп назорати ҳақида гапириш осон, аммо бугунги таркиб билан Куман буни эплай оладими?

Куманнинг бугунги бошланғич нуқтаси Вальверде ёки Сетьенникидан фарқ қилади. Табиийки, бу мураббийлар ҳам юлдуз футболчиларга қандай ҳаракатланиш, тўпсиз фаол бўлиш ҳақида бони уришгандир, аммо Месси ёки Суарес учун айнан уларга мосланган ва қулай футбол самаралироқ туюлган бўлиши мумкин. Айтайлик, Месси ҳамма тўпга югуриб, чарчаб қолгандан кўра, унинг баъзи қора вазифалардан озод қилиниши, айнан керакли паллада Мессидан тўлиқ фойдаланиш имконини беради – бу ҳам ўзига хос амалий қараш. Мессининг индивидуал кўрсаткичлари, жуда кўп ўйинларни қутқариб қолгани ҳам шундай изоҳланиши мумкин.

Аммо энди, айниқса, 2:8 ҳисобидан кейин, футболчиларнинг ўзи ҳам ўзгариш пайти келганини, юқоридаги қараш билан замонавий футболда бирор иш чиқмаслигини англаган бўлишлари табиий ҳол. Бундан ташқари, Луис Суареснинг, ундан ташқари, бир неча ёши катта футболчиларнинг трансферга қўйилиши мумкинлиги ҳақида хабарлар ҳам тарқалди. Куман «мана шу футболчилар билан шуғулланиб, натижа кўрсат» деган кўрсатма билан чекланмайди, катта эҳтимол билан трансферлар ойнасида айнан Куман учун футболчилар олиб келинади. Сўнгги йилларда «Барселона» мураббийлари орзу қилган позицияда турибди Куман.

Бундан ташқари, Куманнинг «Валенсия», «Бенфика» ёки «Эвертон»даги муваффақиятсизликларига қарасангиз, бир умумийликни кўрасиз –Куманнинг қайсарлиги. Яъни у ҳар қандай ҳолатда ҳам, ўз йўналишини тўғри деб билган ва бундан четга чиқмасликка тиришган. Юқоридаги жамоаларда бу зарарга ишлагандир, аммо айнан «Барселона»да бу аксинча натижа бериши мумкин. Чунки Вальверде ҳам, Сетьен ҳам, маълум пайтда натижа ёки футболчиларнинг муносабатини деб, ўз ғояларидан воз кечишга мажбур бўлишди. Мана шу характерсизлик оқибатда ушбу мураббийларнинг жамоа ичида ҳурмати пасайди. Куман билан ундай бўлмайди.

Куманнинг «Барселона»си қандай бўлади?
Рональд Куман учун яна бир қулай ҳолат шундан иборатки, у жамоа энг тубга тушган ҳолатда келди. Яъни қайсидир муддат, у ўз ғояларини татбиқ қилиш учун вақт, ўзига кераксиз футболчилардан воз кечиб, кераклиларини сотиб олишга имконият ҳам бўлади. Дастлабки ойларда мухлислар дарҳол ўзгаришни кутишмайди – Испания чемпионатида ўша режимда ҳам пешқадамлик қилиш мумкин. Энг муҳим паллалар эса баҳорда – Сетьен каби, жамоага келиши билан ЕЧЛни ютиш вазифаси қўйилмаган. Раҳбарларнинг қувватлаши ва мухлисларнинг тушуниши Куманга ўз ғояларини татбиқ қилиш учун етарлича шароит яратади.

Шунга ўхшаш вазият Куман учун бегона эмас. 2011 йилда у «Фейенорд»га келганида, жамоа инқирозга тушиб қолган, «ПСВ»дан 0:10 ҳисобида ютқазганди. Куман аста-секин жамоани ўнглаб борди. «Фейенорд» соврин ютмаган бўлса-да, ўртамиёналикдан бутунлай чиқиб, Куман билан икки марта 2-ўринни қўлга киритди.

«Суарес 30 ёшда, Месси ва Пике ҳам, Бускетс ҳам», – деганди Куман бир йил олдин, Esport3 телеканалига берган интервьюсида – «албатта, уларда яна бир неча йил бор, лекин кейинчи? Жамоада ўзгариш қилиш керак, аммо ҳар бир чизиқдаги асосий футболчиларнинг ёши ўтиб боряпти. Нима қиласиз? Шунинг учун менга маҳаллий футболчилар билан ўйнаш ёқади, чунки улар «Барселона» услубини яхши ўзлаштиришган. Мен ёшларни майдонга туширишга қўрқмайман. Агар икки бир хил футболчи, бири 30, иккинчиси 22 ёшда бўлса, иккинчисини танлайман, чунки келажак ҳам муҳим».

Бу фикрлар Бартомеунинг Суарес, Альба, Пике, Ракитич, Бускетс каби футболчиларга боғлиқ режаларига мос келади. Бу юлдузларнинг баъзилари жамоани тарк этишлари, қолганлари ҳам, янги мавсумда асосий планда бўлмасликлари мумкин – бу бир.

Жамоа таркибидаги, келажаги мавҳум бўлган бир қатор футболчиларнинг тақдирига ойдинлик киритилади. Тодибо, Аленья, Миранда, Рафинья, Ориол Бусткетс, Мончу каби футболчилар ниҳоят, яна бир имкониятга эга бўлишлари мумкин – бу икки.

Табиийки, Куман кўз остига олган баъзи трансферлар амалга оширилади. Бу асосан ёш нидерландиялик юлдузлар бўлиши эҳтимоли юқори. Масалан, илк кунлардан ван Дер Бекнинг «Кам Ноу»да Де Йонгга шерик бўлиб, икки йил олдинги «Аякс» маркази ташкил топиши мумкин. Шунингдек, «Ювентус»да у қадар ишончли дебют қилмаган Де Лигт - «Барселона» вариантини ўйлаб кўрса, Пикега муносиб ўринбосар.

Альфред Схройдер омили
Юқорида айнан «Аякс» вариантига урғу берилгани бежиз эмас. Ушбу мутахассис «Ҳоффенҳайм»да Нагельсманнга, ўша Европада фуррор кўтарган «Аякс» – 2017-2019 йилларда Эрик Тен Ҳаагга ёрдамчи бўлган. Ўтган мавсумда Схройдер «Ҳоффенҳайм»га бош мураббий сифатида қайтди. Унинг натижаси Нагельсманн даражасида бўлмади, аммо еврокубок ўринларидан бирини олди. Лекин унинг бош мураббий сифатидаги натижалари эмас, Нагельсманн ва Тен Ҳааг ёрдамчи сифатида ўзларига айнан ушбу мутахассисни танлаганликлари эътиборга молик.

Схройдер ҳар икки мураббий штабида бир хил вазифани бажарган – ҳар бир футболчи билан индивидуал шуғулланиш орқали, унинг камчиликларини баҳолаб, уларни бартараф этиш устида ишлаш. Содда қилиб айтганда, мураббий ўз услубини стол устига қўяди, Схройдер эса, амалиётда бунга халақит бериши мумкин бўлган иллатлар устида ишлайди. Яъни футболчиларга қараб, услубни сингдирмайди, конкрет услубга футболчиларни мослаб беради.

Маълум бўлишича, у «Барселона»нинг яна бир собиқ футболчиси Ҳенрик Ларссон билан биргаликда Куманнинг мураббийлар штабидан ўрин олади.

Бунинг энг фойдали томони, «Барселона»нинг асосий муаммоларига ечим беришидир. Маълумки, «Барселона» футболчилари эркинликни яхши кўришади ва айнан шу жиҳат қайсидир маънода Вальверде ва Сетьеннинг муваффақиятсизликларига сабаб бўлди. Юлдуз футболчиларга мос тизим ишлаб чиқиш йўлида қийинчиликларга учрадилар.

Куман эса ўз ғояси, уни амалга ошириш режаси ва кучли ёрдамчилар билан Барселонага отланди. Кўрамиз.

Қаҳрамон Асланов

Манба: Kun.uz

arenda kvartira tashkent

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Спорт » Куман ва «Барселона». Саволлар ва жавоблар