
Сўнгги йилларда одам саломатлигига таъсир этувчи янги омиллар кенг миқёсда ўрганилмоқда. Улар орасида энг хавфли ва кўпинча кўзга кўринмас омиллардан бири — пластик микрозарралардир. Илмий доираларда бу зарраларнинг организмида тўпланиши, хусусан, мия фаолиятига ва руҳий саломатликка салбий таъсири ҳақида кўплаб тадқиқотлар ўтказилаётгани бежиз эмас.
Ширинликлар ва чипслардаги хавфли таркиб
“Brain Medicine” журналида чоп этилган сўнгги тадқиқот шундай хулосага келди: инсон рационда кўп истеъмол қиладиган қайта ишланган маҳсулотлар (ширин ичимликлар, чипслар, ярим тайёр таомлар, наггетслар ва бошқалар) пластик микрозарралар билан бой бўлиб, бунинг саломатликка таъсири жуда жиддий. Масалан, табиий товуқ филеси билан таққослаганда, бир грамм наггетсда 30 баравар кўпроқ микропластик мавжуд экани аниқланган.
Бу зарралар инсон организмига овқат орқали кириб, бошқа моддаларга нисбатан анча кучли таъсир кўрсатади. Улар махсус ҳимояли мия тўсиғи — гематоэнсефалик барьер орқали ўтиб, нейрон фаолиятига таъсир қилади. Бу эса руҳий саломатликдаги ўзгаришлар, хусусан, депрессия, хавотир, диққат етишмаслиги ва бошқа неврологик бузилишлар учун замин яратиши мумкин.
Мутахассислардан жиддий огоҳлантириш
Оттава университетининг психиатрия шифокори Николас Фабианога кўра, масаланинг энг хавфли томони шундаки — бу зарралар кундалик рацион орқали организмга мунтазам кириб келмоқда. “Америка Қўшма Штатларида кундалик овқатланишнинг 50 фоиздан кўпроғини қайта ишланган ва микропластик бор маҳсулотлар ташкил этмоқда. Бу тенденция бутун дунёдаги соғлиқни сақлаш тизимларига жиддий таҳдид солмоқда”, дейди Фабиано.
Тадқиқотчиларнинг таъкидлашича, ушбу моддалар мияда йиғилиб қолганда хавфли концентрацияга етиши мумкин. Бу эса инсонда руҳий саломатлик билан боғлиқ муаммоларни янада кучайтиради. Таъкидлаш жоизки, мия — инсон организмдаги энг ҳимояланган, бироқ энг нозик аъзолардан бири ҳисобланади. Унга салбий таъсир қилувчи микроскопик моддаларнинг тўпланиши узоқ муддатда оғир оқибатларга олиб келиши мумкин.
Zamin.uz таҳририятидан:
Микропластикнинг инсон миясига ва умумий психик ҳолатига бўлган таъсири ҳақидаги бу огоҳлантирувчи сигнални инкор этиб бўлмайди. Истеъмолчилар сифатсиз ва қайта ишланган маҳсулотларни танлашдан аввал икки марта ўйлаб кўриши керак. Сиз нима деб ўйлайсиз: шундай маҳсулотларнинг фойдасига нисбатан хавфи кўпроқ эмасми? «Замин»ни Telegram’да ўқинг!
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг Мавзуга оид янгиликлар