14:33 / 23.07.2017
15 885

Беморлик нима: азоб-уқубатми ёки неъмат, жазоми ёки синов?

Беморлик нима: азоб-уқубатми ёки неъмат, жазоми ёки синов?
Инсон борки ҳаёти давомида бирор касалликни бошидан кечиради. Албатта, инсон ўз ҳаётининг бирдек равон, мусибатларсиз ўтишини хоҳлайди. Аммо, «иссиқ жон» деганларидек, касаллик турли инсонларда оғир ёки енгил кечиши мумкин. Инсон жисман дард чекар экан, унинг руҳиятида ҳам албатта салбий фикрлар кечади. Бу руҳий кечинмалар инсоннинг ёшига ҳам боғлиқ бўлади. Инсон ёшликда касалликни осон ўтказиш билан бирга, у бу ҳақда чуқур ўйламайди ҳам. Аммо ёши ўтган сари касаллик унга гуёки доимий ҳамроҳдек туюлиб, ҳали у ери, ҳали бу ери оғришидан нолий бошлайди.

Ҳатто ёмон ҳаёлларга бориб бесабрлик қилади ва буни гўё Аллоҳ таолонинг ғазабига учраганлик белгиси деб тушунади. Аслида ҳам шундайми? Зотан, ҳар бир инсон ҳаёти давомида турли қийинчилик ва мусибатларга дуч келади. Чунки ҳаётнинг ўзи синов ва имтиҳонлардан иборат. Ваҳоланки, дард келганда баъзи инсонларнинг умидсизликка тушиб заифлашиб қолишлари уларнинг касаллик орқасидан келадиган ҳикматлардан бехабар эканликларининг аломатидир. Мўмин мусулмонга Аллоҳ таоло томонидан юбориладиган барча касалликлар у учун хайрлидир. Гоҳо бандалар фарз қилинган ибодатларни тўлиқ адо эта олмасликлари ёки солиҳ амаллари етарли бўлмаслиги мумкин.

Бундай ҳолатда Аллоҳ таоло уларга бирор касаллик ёки мусибат юбориб, Ўз ҳузурида уларнинг гуноҳларини кечиб, улуғ даражаларга кўтаради. Ушбу сўзимизга қуйидаги ҳадис далил бўла олади. Муҳаммад ибн Холид ас-Суламийнинг бобосидан қилинган ривоятда: «Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Албатта, Аллоҳдан бир бандага мартаба ёзилган бўлса-ю, банда амали билан унга етмаган бўлса, Аллоҳ уни жасадида ёки молида, ёки боласида бало (мусибат)га гирифтор қилади. Сўнгра уни ана шунга, токи Аллоҳдан унинг учун ёзилган мартабага эриштиргунча сабр қилдиради», – дедилар». Абу Довуд ривояти.

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Мусулмон кишига етадирган ҳар бир машаққат – дард, ташвиш, қайғу, азият ёки ночорлик ва ҳатто (баданига) кирган тикан ҳам Аллоҳ таоло даргоҳида унинг гуноҳларига каффорат бўлади!» – дедилар». Имом Бухорий ривояти. Агар Аллоҳ таоло дард ва аламларни юбормаганида эди, инсонлар соғликнинг қадрига етмаган бўлар эдилар. Баъзида инсон касаллик, ғам-ташвиш ва фақирлик каби мусибатлар унга Аллоҳ тамонидан юборилган неъмат эканлигини англаб етиши зарур. Агар теранроқ ўйлаб кўрсак, бу мусибатлар билиб-билмай қилган гуноҳларимиз учун каффорат бўлишини тушунамиз.

Диний манбалардан маълумки, солиҳ кишилар турли мусибатларга учраб туриши Яратганнинг унга муҳаббати аломатидир. Жумладан, касалликнинг келиши Аллоҳ таолонинг унга яхшиликни ирода килгани белгисидир. Бундай кишилар учун мусибат ва касалликлар Аллоҳ таоло олдида уларнинг даражотлари кўтарилишига воситадир. Бу фикримизга Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ушбу ҳадиси шариф мисол бўла олади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Аллоҳ кимга яхшиликни хоҳласа, уни бирор мусибатга мубтало қилади», – дедилар. Имом Бухорий ривояти.

Динимиз тарихига назар солсак ҳам юқоридаги фикрларимизни тасдиқловчи мисолларни келтириш мумкин. Айрим пайғамбарларни ҳам бундай мусибатлар четлаб ўтмаган. Ҳаттоки башарият саййиди бўлмиш Муҳаммад алайҳиссалом ҳам бемор бўлганлар. Ибн Масъуд розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларига кирсам, у зот иситмалаб ётган эканлар. Мен: «Эй Аллоҳнинг расули, сиз қаттиқ иситмалаяпсиз-а?» – десам, у зот: «Ҳа, мен сизлардан икки киши иситмалагани каби иситма бўламан», – дедилар. «Унда сизга икки ажр бўладими?» – десам, «Ҳа, шу сингари бирор мусулмонга азият етса, тиконми ёки ундан каттароғи азоб берса, у билан ёмонликлари ўчирилиб, гуноҳлари худди дарахт баргидек тўкилиб кетади», – дедилар». Имом Бухорий ва Муслим ривояти.

Энди, Аллоҳ таоло томонидан бандаларига юбориладиган турли мусибатлар улар учун азоб-уқубатми ёки синов эканлигини уламолар қуйидагича шарҳлайдилар. Мусулмон бўлмаган инсон учун бу мусибатлар Аллоҳ таоло томонидан юборилган азоб-уқубатдир. Чунки бу мусибатдардан у ҳеч қандай ажр-мукофот олмайди ва гуноҳларига ҳам каффорат бўлмайди. Зеро, касалликлар ва мусибатлар орқасидан ажр-мукофот олиш учун, биринчи ўринда иймонли бўлиш талаб қилинади. Бошқа инсонларга зиён келтирмаса-да, жузъий хато ва камчиликлардан ҳоли бўлмаган солиҳ инсонлар учун эса хайр-раҳмат ва синов имтиҳони ва Аллоҳ таолонинг ҳузурида уларнинг даражаси кўтарилиши белгисидир.

Баъзи бир синовлар банданинг Аллоҳга янада яқинлашишига сабаб бўлса, доим ибодатда бўлса ҳам аммо фисқ-фужурларга берилиб юрган бандалар учун эса мусибат келтиради ва у ўз гуноҳ ишларидан хулоса чиқариб, Аллоҳ таоло буюрган йўлга қайтишига сабаб бўлади, дейишган. «Нисо» сурасининг: «Кимки ёмонлик қилса, жазосини олур» ояти нозил бўлганда, кўп саҳобалар қийин ахволда қолишган экан. Ҳатто Абу Бакр розияллоҳу анҳу Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга бу ҳақида мурожаат қилиб: – Бу оятдан кейин ўзимизни қандай ислоҳ қиламиз, ҳар бир ёмонлик учун жазоланаверсак ҳолимиз не кечади? – дедилар.

– Аллоҳ сизни мағфират қилсин, эй Абу Бакр. Ахир, касал бўлмайсизми, ғам-қайғу чекмайсизми, очликдан силлангиз қуримайдими?
– Албатта, шундай.
– Ўшалар сизларга берилган жазодир», – дедилар. Ибн Ҳиббон ривояти.

Бу ҳадис мазмунидан маълум бўлишича, мўмин инсоннинг умри давомида чеккан азоблари, касалликлари, ҳатто очликдан қийналганлари ҳам қилган гуноҳларига каффорат бўлар экан.

Ушбу ҳадисга ҳамоҳанг бўлган «Шуро» сурасининг 30-оятида Аллоҳ таоло шундай марҳамат қилади: «(Эй инсонлар), сизларга не бир мусибат етса, бас, ўз қўлларингиз қилган нарса-гуноҳ сабабли (етур). Яна У кўп (гуноҳларнинг жазосини бермасдан) афв қилиб юборур».

Энди Аллоҳ таоло бандаларига берган касалликлар ортидан келадиган ҳикматлар устида тухталсак. Замонавий тиббиёт нуқтаи назаридан қараганда, инсон айрим юқумли касалликларга чалинганда, танада уларга қарши иммунитет ҳосил бўлади. Бу жараёнда танадаги ортиқча ғубор ва зарарли моддалар ташқарига чиқади, айрим ҳужайралар янгиланади, баъзи аъзоларнинг бузилган фаолияти тикланади. Диний нуқтаи назардан эса, дард чекиш туфайли мўмин банда Яратганни кўпроқ эслай бошлайди, саломатликнинг қадрига етади, шу билан бирга, дард туфайли чиройли сабр-тоқат қила олиш синовидан ҳам ўтиб покланиш мартабасига кўтарилади. Шуларнинг натижаси ўлароқ мўмин киши юборилган ҳар қандай касаллик Аллоҳ таолонинг қазо ва қадари эканига иймон келтиради. Шу билан бирга, унда дард берган Аллоҳнинг Ўзи шифосини ҳам беришига умид пайдо бўлади.

Касалликнинг ҳикматлари билан бирга, шу ўринда беморларни зиёрат қилиш фазилатлари ҳақида ҳам тухталсак. Ушбу ҳадиси қудсий бу фикримизни ёрқин ифодалаб беради. Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам дедилар: «Аллоҳ таоло Қиёмат куни: «Эй одам боласи, касал бўлдим, мени кўргани бормадинг», дейди. Шунда у киши: «Эй Раббим, қандай қилиб сени кўргани бораман? Сен оламларнинг Рабби бўлсанг», дейди. Аллоҳ эса: «Билмайсанми, фалончи бандам касал бўлди, лекин уни кўргани бормадинг. Агар уни кўргани борганингда унинг ҳузурида мени топар эдинг», дейди.

Аллоҳ: «Эй одам боласи, сендан овқат сўрадим, менга уни бермадинг», деса, у киши: «Эй Раббим, қандай қилиб сени овқатлантираман? Сен оламлар Рабби бўлсанг», дейди. Аллоҳ эса: «Билмайсанми, фалончи бандам сендан овқат сўради, лекин сен унга таом бермадинг. Агар унга овқат берганингда ҳузуримдан уни топар эдинг», дейди. Аллоҳ: «Эй одам боласи, сендан сув талаб қилдим. Лекин мени сув билан сийламадинг», деса, у киши: «Эй Раббим, нечук сени сув ила сийлайман? Ваҳоланки, сен оламлар Рабби бўлсанг», дейди. Аллоҳ эса: «Фалончи бандам сув талаб қилди. Сен унга сув бермадинг. Билмайсанмики, агар сув билан сийлаганингда, уни менинг ҳузуримдан топар эдинг», дейди». Имом Муслим ривояти.

Ушбу ҳадисда эътибор қаратишимиз лозим бўлган алоҳида таъкидланган нозик бир лафз бор. Мазкур ҳадисдаги: «Агар унга овқат берганингда ҳузуримдан уни (ажр-мукофотини) топар эдинг ёки «сув билан сийлаганингда, уни менинг ҳузуримдан топар эдинг», лафзидан кўра «Билмайсанми, фалончи бандам касал бўлди, лекин уни кўргани бормадинг. Агар уни кўргани борганингда унинг ҳузурида мени топар эдинг», лафзи бўрттириб кўрсатилгани бежиз эмас.

Бу билан бемор ҳузурига зиёрат учун борган инсон албатта Аллоҳ таолонинг раҳмати ва мағфиратига эришиши башорат қилинмоқда. Шунингдек, Аллоҳ таолонинг бошқа бандаларига нисбатан хаста ва беморларга маънавий яқинлигига ишора қилинмоқда. Эътибор беринг, бу ерда: «унинг ҳузурида мени топар эдинг» дейилиши билан хаста ва бемор кишиларга алоҳида эътибор кўрсатиш, уларнинг кўнгилини кўтариш, дил яраларига малҳам бўлиш каби инсоний фазилатлар улуғланмоқда.

Демак, гап беморни зиёрат қилиш фазилатлари ҳақида кетар экан, зиёрат қилиш учун борган кишининг бемор ҳузурида унга умид бахш этадиган, руҳиятини кўтарадиган сўзлар билан сийлаш айнан суннатга мувофиқ ишлардан саналади. Бу борада Имом Бухорий ривоят қилишича, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам беморни зиёрат қилсалар: “Лаа ба’са, тоҳурун иншааллоҳ”, яъни «Зарари йўқ, иншааллоҳ, (бу касаллик сизни), гуноҳлардан поклайди», – деб айтардилар. Бемор инсон ўнинг дардига Аллоҳ шифо беришидан умидвор бўлиши билан бирга, дардининг давоси учун сабаб бўладиган турли воситалар ҳақида ўйлаши ҳам табиийдир.

Дарҳақиқат, Имом Бухорий Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилган ҳадиси шарифда: «Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Аллоҳ қайси бир дардни нозил қилган бўлса, албатта, унинг шифосини ҳам туширгандир», дедилар». Шундай экан, бемор шифо воситаси сифатида табибларга мурожаат қилиши, тиббий муолажалардан фойдаланиши ўринлидир. Ушбу воситалардан яна бири дуодир.

Чин ихлос билан ўзи ва бошқалар томонидан қилинган дуолар орқали ҳам даво топиш мумкин. Шу билан бир қаторда, хасталиклардан садақа бериш билан ҳам даволаниш мумкин. Чунончи, Абу Умома ал Бахилий розияллоҳу анҳудан ривоят қилиниб, «Набий алайҳиссалом: «Хасталарингизни садақа билан даволанг» деганлар. Термизий ривояти.

Ҳақиқатан ҳам, дарднинг шифоси учун воситачи бўлган табиблар ва садақадан манфаатдор бўлган инсонларнинг Аллоҳ тамонидан ризқлантирилишининг ўзи ҳам яна бир ҳикматдир. Чунки бу ҳикматнинг тагида табибларнинг бемор орқали ризқланиши Аллоҳ таоло томонидан сабаб қилинганлиги маъноси ётади.

Юқоридаги барча фикрларимиздан хулоса қиладиган бўлсак, Аллоҳ таоло мўмин бандаларига дард ёки мусибат берар экан, бандалари ўйлаганларидек, уларга зулм қилиб эмас, балки марҳамат кўрсатиб уларни синовдан ўтказиш, айрим хато ва камчиликларини кечириш ва даражаларини кўтариш гуноҳларига каффорат бўлиши учун ғамхўрлик қилаётгани аён бўлади.


Манба: Mulohaza.uz

arenda kvartira tashkent

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Саломатлик » Беморлик нима: азоб-уқубатми ёки неъмат, жазоми ёки синов?