Қандли диабет ҳақида аксариятда қуйидагича тасаввур шаклланган: бемор бутун умр парҳез тутиб юришга ва инсулин қабул қилишга маҳкум. Ҳақиқатан ҳам шундайми?
Осиё мамлакатлари аҳоли орасида қандли диабетнинг тарқалгани бўйича биринчи ўринни эгаллайди: нақ 56 фоиз! Ўзбекистонда ҳам ушбу касаллик билан боғлиқ муаммолар ва уни даволаш масалалари муҳим аҳамият касб этади.
Жаҳон тажрибасига назар соладиган бўлсак, ўтган асрнинг иккинчи ярмида Ғарб мамлакатлари аҳолисида ёппасига семириш кузатилган. Бу ҳолатни бартараф этиши учун турли тадқиқотлар ўтказилган, жумладан, жарроҳлик йўли ҳам синаб кўрилган. Жарроҳлик амалиётидан сўнг беморларда қондаги қанд (глюкоза) миқдорининг ҳам меъёрлашгани кузатилади, натижада, бу диабетни хирургик йўл билан даволашга асос бўлди.
Ўзбекистонга бу амалиётни Тошкент тиббиёт академияси хирургик касалликлар кафедраси ассистенти, жарроҳ Умид Рўзиев олиб кирди. Жанубий Кореяда бу усулни ўрганган, Малайзия, Россия, Қозоғистон давлатларида малакасини оширган жарроҳнинг айтишича, энди диабетдан азият чекувчилар даво қидириб, чет элга боришларига ҳожат йўқ, ўзимизда ҳам бемалол даволаниш мумкин.
Қандли диабетнинг икки типи мавжуд. Биринчи тип кам учрайди ва организмда инсулин ишлаб чиқарилмаслиги билан кечади. Иккинчи тип эса кўпроқ ёши катталар орасида кузатилади ҳамда организмда ишлаб чиқарилаётган инсулинга нисбатан сезувчанликнинг йўқолиши билан боғлиқ. Бу тур семизлик, ошқозон ости бези касалликлари, алкоголь истеъмоли кабилар негизида ривожланади. Тақдим қилинаётган даво усули ҳам айнан иккинчи турни даволашга мўлжалланган.
Операциянинг мақсади ортиқча килограммларни йўқотишга қаратилган, чунки диабетнинг асосий сабабчиси — семизлик. 9 ноябрь куни соғлиқни сақлаш тизимини ривожлантириш мавзусидаги Президент раислигида ўтказилган видеоселекторда ҳам аҳолининг 46 фоизида қонда холестерин миқдорининг кўплиги, 31 фоизида юқори қон босими борлиги таъкидланди. Минг афсуски, бизда ҳеч ким унга жиддий касаллик сифатида ёндашмайди. Ортиқча вазн негизида ривожланувчи юрак-қон томир касалликлари, қон босими ошиши, умуртқа чурраси, остеохондроз, бўғим хасталиклари, шу жумладан, қандли диабет ҳақида бош қотиришмайди.
Фото: Pixabay
Ўзбекистон аҳолисининг ўлим сабаблари таҳлил қилиб чиқилганда буларнинг аксарияти инфаркт, инсульт, қандли диабет таъсирида бўлаётганини кўриш мумкин. Бунга эса семизлик айбдор.
Қандли диабет шуниси билан хавфлики, унда кечадиган бузилишлар организмнинг ҳамма нуқталарига зарарини кўрсатади. Мия, буйрак, ўпка, юрак, борингки, оёқларда ҳам унинг асоратлари ривожланиб боради.
«Операция давомида ошқозон ости безига мутлақо тегилмайди. Чунки муаммо безда эмас, балки ундан ажралаётган инсулиннинг таъсир этиш жараёнидаги бузилишдадир. Бир сўз билан тушунтирадиган бўлсам, ошқозон-ичак тизими “қайта қурилади”. Бемор ҳолатининг алоҳида кўрсаткичларидан келиб чиққан ҳолда ошқозон, ичакнинг баъзи қисмлари қисқартирилиши мумкин (тиббий тилда: гастрошунтирование), аммо ошқозон олиб ташланармиш, фақат тўғри ичак қолармиш сингари фаразлар мутлақо нотўғри.
Амалиёт умумий анестезия остида ўтади. Бутун жараён эндокринолог мутахассис билан маслаҳатлашган ҳолда олиб борилади», — дейди Умид Рўзиев.
Иккинчи тип диабетда ошқозон ости бези зўриқиб ишлайвериб, ўз фаолиятини, вазифасини бажаришни мутлақо тўхтатган ҳолатларда, ёши анча улуғ бўлган, ҳамроҳ касалликлари (буйрак, юрак, ўпка нуқсонлари) чуқур илдиз отган ҳолларда бу операция ўтказилмайди.
Энг асосийси, организмнинг индивидуал кўрсаткичлари инобатга олиниши керак. Чунки инсон 60 ёшда ҳам ўзини авайлагани учун яхши ҳолатда бўлиши, баъзилар эса 40 ёшдаёқ организмининг “бошига етган” бўлиши мумкин. Бемор умумий кўрикдан ўтказилиб, керакли синама таҳлиллари кўриб чиқилгач, операцияни ўтказиш ҳақида бир тўхтамга келинади. Жарроҳликдан сўнг бемор шифокорнинг қатъий назорати остида бўлади, парҳезга, алоҳида кун тартибига риоя этиш талаб этилади. Беморнинг қайсидир аъзосида операциядан олдин нуқсонлар аниқланган бўлса, бу ҳам инобатга олинади.
Ҳозирга қадар 30 дан ортиқ беморда семизликни шу усулда бартараф этиш мақсадида амалиёт ўтказилган, улардан 22 таси эса айнан қандли диабетни даволаш билан боғлиқ. Операцияни бошдан кечирган беморларнинг барчаси ўз саломатлигидаги ижобий ўзгаришлардан рози.
Бекзод Қодиров (мазкур жарроҳлик амалиётини бошдан кечирган бемор):
— Илгари сал нарсага ҳам тинкам қурирди. Ортиқча вазндан, юқори қон босими, кўп чанқашдан қийналардим. Кунига уч маҳал дори, доимий парҳез, ҳар олти ойда шифохонада ётишдан бошим чиқмасди. Тўғри, жарроҳликдан кейин маълум муддат қийналдим, лекин ҳозир нега шу операцияни илгарироқ қилдирмаган эканман, деб ўйлайман. 30 кг вазн ташладим, қон босимим жойида, бемалол зинадан тушиб-чиқа оламан. Мендаги ижобий ўзгаришларни кўриб, қайнопам ҳам ўзидаги диабетни шу йўсинда даволашга қарор қилди. Ҳозир у ҳам ўз ҳолатидан мамнун.
Операцияни дастлаб бир қатор техник камчиликлар билан ўтказишга тўғри келган. Ҳозир эса техник таъминот яхшиланди, Хитойда ишлаб чиқарилган сифатли қурилмаларни бевосита ўзимизда харид қилиш имконияти мавжуд. Бемор ихтиёрига кўра ёки лазер ёрдамида, ёки очиқ жарроҳлик усулида амалиётни ўтказиш мумкин.
Бу турдаги амалиёт ҳозирча фақатгина Тошкент тиббиёт академияси хирургик касалликлар кафедрасида ўтказиляпти. Вилоятлардан мутахассисларни жалб қилиб, уларга ҳам тажрибани ўргатиб, бу усул оммалаштирилса, чекка ҳудудлардаги беморларнинг ҳам шифо топиши осонлашарди. Буни йўлга қўйиш эса мутассади ташкилотларга боғлиқ масала.
Маълумот учун: 1-тип қандли диабетни даволаш борасида ҳам ижобий натижаларга эришилмоқда. Соғлом ошқозон ости бези тўқималарини лаборатория шароитида етиштириб ўрнатиш амалиётини жорий қилиш орқали хасталикни даволашга эришиш мумкин. Бу усул ҳам тез орада амалиётга татбиқ қилинишини кутиб қоламиз.
Саодат Абдураҳмонова
Манба: Kun.uz “Замин” янгиликларини “Telegram”да кузатиб боринг
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босингМавзуга оид янгиликлар
“Ҳизбуллоҳ” бир суткада Исроилга қарши 20 га яқин ҳарбий амалиёт ўтказди
Халқаро жиноят суди Исроил бош вазири Нетаньяхуни ҳибсга олишга ордер берди
Ўмон султонлиги элчиси: «Урушларни ҳарбий куч билан ҳал қилиб бўлмайди»
22 ноябрь куни Cobalt автомобилига шартнома очилиши эълон қилинди
Шавкат Мирзиёев Россия бош прокурори билан учрашув ўтказди
Қозоғистон Украина атрофидаги вазият туфайли ҳарбий ва фуқаролик объектлари хавфсизлигини кучайтирди
Бефойда ва қиммат: шифокорлар тавсия этмайдиган 5 турдаги биологик фаол қўшимчалар
Зеленский Путин борасида баёнот берди: “Тинчликни истаганлар юзига тупурмоқда”