12:30 / 05.09.2017
5 384

Нақд пул ва пластик картадаги пул ўртасидаги фарқ энди тарихда қоладиган бўлди — эксперт фикри

Нақд пул ва пластик картадаги пул ўртасидаги фарқ энди тарихда қоладиган бўлди — эксперт фикри
Мустақил молиявий эксперт Александр Давлетов Uz24 cайтига берган интервьюсида узоқ кутилган валюта сиёсатининг либераллаштирилиши ҳақидаги қарорни изоҳлаб ўтди ва валюта бозори келгусида қандай ривожланиши ҳақида гапириб берди.

— 5 сентябрдан бошлаб юридик шахслар жорий халқаро операциялар бўйича тўлов учун тижорат банкларидан чекланмаган миқдорда хорижий валюта харид қилишлари мумкин. Жисмоний шахслар валютани эркин сотиши ва харид қилишлари мумкин, фақат харид қилинган валюта халқаро пластик карталарга ўтказиб берилади. Фикрингизча, аҳоли учун нега тўлиқ бўлмаган конвертация механизми танланди?

— Биринчидан, кеча эълон қилинган фармон тарихий эканлигини алоҳида қайд этмоқчиман. Янги даврда ҳаётимизнинг турли жабҳаларига оид кўплаб ислоҳотлар бошлаб берилди, лекин айнан валюта соҳасидаги ўзгаришлар аввал бошланган ислоҳотлардан ўзди ва у ўзининг мантиқий якунига яқинлашмоқда. Ой сатҳига илк бор қадам ташлаган одамзод — Нил Армстронг ўзининг машҳур гапини айтган: «Бу инсоннинг кичик бир қадами бутун инсоният учун улкан қадам бўлади». Миллий валютанинг эркин конвертацияси билан ҳам шунга ўхшаш ҳолат юз берди. Биз мамлакатимизда эркин бозор ташкил этиш учун илк қадамни ташладик, бироқ бу қадам кейинги ва узоқ ўзгаришлар учун ўта муҳим саналади.

Сизнинг саволингизга эса қуйидагича жавоб бераман: жисмоний шахсларга хорижий валютани халқаро пластик карталарга ўтказиб бериш йўли билан сотишни аҳоли учун чекланган конвертация, дейиш ярамайди. Бу шунчаки техник жиҳат. Илгари — сотувларнинг ҳажмида ҳам, даврийлигида ҳам чекловлар амал қилган, фойдаланиш учун турли мумкин ва мумкин бўлмаган лимитлар ўрнатилган вақтда бу механизмни шундай аташ мумкин эди. Ҳақиқатдан ҳам ўша пайтда халқ бундай конверисон карталарни «чала карта», деб атарди.

Лекин ҳозир вазият бутунлай бошқача. Хорижий валютани харид қилиш ва карточкага тушириш ҳажмида ҳам, ундан кейинчалик фойдаланишда ҳам бирор чеклов йўқ. Харидор фақат илк бора конверсион пластик карта очаётганида бир қадар вақт йўқотиши мумкин, кейинги конверсион операциялар бор-йўғи 10–15 дақиқани олади.

Бу, биринчидан, ислоҳотлар аввалида чайқовчилик босимини йўққа чиқаради, иккинчидан — операцияларнинг шаффофлигини таъминлайди. Орадан бироз вақт ўтгач, бозорнинг барча иштирокчилари янги шароитларига кўникиб, мувозанат ҳосил бўлгач, жисмоний шахсларга хорижий валюта нақд кўринишда ҳам сотила бошлайди. Лекин фикримча, фуқароларимиз ўз тажрибасида конверсион карталарнинг қулайлигини синаб кўришгач, кейинчалик уларга конверсион картага ёки нақд кўринишда валюта харид қилиш имконияти тақдим этилганида уларнинг аксарияти айнан конверсион карталарни танлашига шубҳа қилмайман, яъни пировард натижада, барибир уларга танлов тақдим этилади.

— «Қора бозор» билан энди нима бўлади? Доллар курсининг волатиллиги (тебраниши) пасаядими?

— «Қора бозор» йўқ бўлиб кетмайди, лекин тўлиқ маргиналлашади ва иқтисодиётнинг легал секторига хизмат кўрсатишни бас қилади, у ерда криминал ва яримкриминал унсурлар қолиб, қора нақд пулларни айлантиришади. Энди буёғи ҳуқуқ-тартибот органларининг иши. Доллар курсининг волатиллиги фақат дастлабки даврларда мумкин бўлади. Кейинчалик сўм курси техник эмас, макроиқтисодий омиллар, Марказий банк ҳамда ҳукумат сиёсатига кўра белгилаб борилади. Албатта, ташқи омиллар ҳам ўз ўрнига эга бўлади, лекин биз бунга тайёр туришимиз керак. Инфантиллик дарҳол йўқолмайди.

— Баъзи бир экспертлар Марказий банк миллий валютани босқичма-босқич девальвация этиши, бир неча айрибошлаш курси амалиётини давом эттириши ҳақида фикрлар билдириб туришган эди. Сизнингча, нега МБ миллий валютани кескин девальвация қилишга қарор қилган?

— Бир ойча муқаддам ҳукумат ва МБ шошилмасдан, нечоғлик эҳтиёткорлик билан қадам ташлаётганини кузата туриб, мен ҳам шундай фикрга келган эдим. Экспертлар ҳамжамияти, жумладан, мен тарафимдан ҳам узоқ истиқболда кўплаб курслар мавжудлигининг зарарли экани ҳақида кўп ва хўп ёзилди. Иқтисодиёт тарихида бирорта муваффақиятли мисол йўқки, валюта курсларнинг кўплаб режимлари иқтисодиётни узоқ муддатда ўсишига хизмат қилган бўлса. Ўйлашимча, МБ ва ҳукумат дарҳол девальвация қилиш ҳақида якуний қарорга иқтисодий фаолликнинг умумий пасайишини кузатишганидан сўнг келишган, ёз фаслида бутун бизнес инвестиция қилишдан ўзини тийиб, кутиш режимига тўлиқ ўтиб олган эди. Ноаниқликка нуқта қўйиш фурсати етиб келган эди.

— Сўмнинг расмий айрибошлаш курсининг пасайиши импорт товарлар ва инфляция суръатига таъсир қиладими?

— Бу савол ҳозир энг кўп бериладиганларидан. Айрибошлаш курсининг пасайиши доимо нарх шаклланишига ўз таъсирини ўтказади, бироқ бу товар бозори ва хизматлар бозорининг сегментига боғлиқ. Субъектларнинг илгари имтиёзли конвертацияга рухсати бўлмаган товар ва хизматлар бозорида кучли ўзгариш кузатилмайди. Булар асосан халқ истеъмоли моллари, озиқ-овқат ва нозиқ-овқат маҳсулотлардир. Уларнинг нархи умуман олганда ошмайди, чунки бу сегмент узоқ йиллар фақат бозор курсига кўра мўлжал олган ва у ерда рақобат муҳити шакллантирилган. Бундан ташқари, айрим ижтимоий сегментларда давлат бошқаруви ва дотациясини ҳам ҳисобга олиш керак.

Бунинг учун истеъмол бозорида нархларни барқарорлаштиришга кўмак берувчи махсус фонд ташкил этилган. Аҳоли дори-дармон ва ижтимоий жиҳатдан муҳим озиқ-овқатлар билан паст нархларда таъминланади. Лекин қаердаки монополия бўлса у ерда нархларнинг ошиши кузатилади — булар энергия ташувчилар, ҳаво ва темирйўл транспорти. Бу секторлар доимо имтиёзли ресурслардан, жумладан, имтиёзли конвертациядан фойдаланиб келишган. Бу ерларда нархнинг шаклланиши шаффоф эмас. Монополия муаммоси конвертация жорий қилингунга қадам ҳам мавжуд эди, токи бу соҳалар ислоҳ қилинмас экан, янги шароитларда ҳам қолаверади.

— Юридик шахс мақомига эга бўлмаган, истеъмол моллари импорти билан шуғулланувчи хусусий тадбиркорлар учун жисмоний шахслар учун ўрнатилган тартибга асосан банк ҳисоб рақамлари орқали валюта харид қилиш имконияти тақдим этилмоқда. Бу дегани шундай маҳсулотларни пластик карта ёки нақд пулга сотиб олиш ўртасидаги фарқ йўқ бўлишини билдирадими?

— Ҳа, айнан шундай. Энди хусусий тадбиркорлар (асосан «савдогарлар») товарларини тезроқ сотиш, пулларни тезроқ тўплаш ва ўзларига хизмат кўрсатаётган банк ҳисоб рақамлари орқали сўмни тезроқ долларга конвертация қилишдан манфаатдор. Энди уларга фарқи йўқ: пул нақд бўладими, нақд бўлмаган кўринишда бўладими. Инкасса қилинаётган нақд пул хусусий тадбиркорнинг ҳисоб рақамида эртаси куни пайдо бўлиши ҳисобга олинса, унинг учун айнан пластик карталар орқали савдо қилиш муҳимроқ бўлади, чунки маблағ дарҳол ҳисоб рақамга бориб тушади. Айтиш мумкинки, чакана савдода нақд пул ва пластик картадаги пул ўртасидаги фарқ энди тарихда қоладиган бўлди.

— Фармонга кўра, мулкчилик шаклидан қатъи назар, экспорт билан шуғулланувчиларнинг валюта тушумидан мажбурий сотув бекор қилинмоқда. Бу ҳол экспорт қилинаётган маҳсулотларга ички бозорда сўм курсининг пасайиши кўп ҳам таъсир қилмаслигини билдирадими?

— Биринчидан, экспорт қилинаётган маҳсулотларнинг ички бозордаги нархлари экспорт тушумини мажбурий сотиш ҳажмига боғлиқ эмас. Улар биринчи навбатда айрибошлаш курси, экспорт божлари ва чекловлар каби бошқа омилларга боғлиқ. Долларнинг сўмга нисбатан курси қанчалик катта бўлса, экспортчи ўз маҳсулоти ёки хизматининг хорижда сотилишидан шунчалик манфаатдор. Шу сабабли у ички бозордан кўра экспорт орқали савдо қилишни маъқул кўради, албатта, экспорт божларини ҳисобга олган ҳолда. Шу сабабли дастлабки даврда қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари, айниқса мева ва сабзавотлар нархларининг ошиши кузатилиши мумкин. Лекин бу ишлаб чиқаришни кенгайтиришни рағбатлантиради. Нима бўлганда ҳам, экспорт товарлари нархини тартибга солиш ва мувофиқлаштириш учун давлатда таъсирли ричаг бор — бу экспорт божлари ва вақтинчалик чекловлар механизми. Конъюнктура ва қўйилган вазифаларга кўра, давлат экспорт божларини пасайтириши ёки ошириши мумкин.

— Сир эмаски, айрим ишлаб чиқариш лойиҳалари аввал бошдан имтиёзли конвертацияни қўлга киритиш учунгина барпо этилган ва ишбилармонларнинг бир қисми учун бундан келадиган фойда ишлаб чиқаришнинг ўзидан келадиганидан ҳам кўпроқни ташкил этарди. Бундай лойиҳаларга нима бўлади? Ташқи қарзлар олинган медицина, таълим ва қурилиш соҳасидаги лойиҳаларга нима бўлади? Уларга давлатнинг ёрдами керак эмасми?

— Имтиёзли конвертация умидидагина очилган ва ишлаётган зарарли лойиҳалар ёки «паразит»-ташкилотлар шунчаки ёпилади. Бу — бозор қонуни. Ташқи қарзлар олинган ижтимоий соҳалардаги лойиҳалар эса амалга ошишда давом этаверади, бунинг учун ташвишланмаслик керак. Биринчидан, бу қарзлар 15–20 йилга олинган ва имтиёзли даврга эга ва асосийси уларга давлатнинг ўзи кафил. Шунчаки бу қарзларга хизмат кўрсатиш қимматлашади ва давлат бюджети зиммасига тушади. Сўм курсининг пастлаши шароитларида бу қўшимча харажатлар девальвация эффекти (солиққа тортилувчи базанинг кескин кенгайиши), яъни бюджетга солиқлар ва божлар кўринишида қўшимча даромадлар эвазига қопланади.

— Валюта сиёсатининг либераллаштирилиши оқибатида юзага келадиган иқтисодий номутаносибликларни бартараф этиш учун келгусида яна қандай ислоҳотлар ўтказилиши керак, деб ўйлайсиз?

— Бу ислоҳотлар дастури ва ёндашувга боғлиқ. Мен учун иқтисодий соҳада энг аввало банк соҳасидаги ислоҳотларга қўл уриш керак, у ерда шаффоф кредит бозори барпо этиш керак, банкларни тўлиқлигича уларга хос бўлмаган функциялардан озод қилиш керак. Кейинги жараён — солиқ ислоҳоти ҳам жуда муҳим. Солиққа тортиш тизимини тубдан ўзгартириш керак. Боз устига, барча ўзгаришларнинг бош мақсади ва асоси мулк ҳуқуқини ҳимоя қилиниши бўлмоғи шарт. Бусиз ҳар қандай ислоҳот бўш ва маънисиз бўларди.

Манба: Kun.uz

arenda kvartira tashkent

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Ўзбекистон » Нақд пул ва пластик картадаги пул ўртасидаги фарқ энди тарихда қоладиган бўлди — эксперт фикри