22:39 / 31.10.2020
3 097

Ўзбекистонда ниқоб тақиш талаби нега сақланиб қолмоқда?

Ўзбекистонда ниқоб тақиш талаби нега сақланиб қолмоқда?
Ўзбекистонда эпидемиологик вазият барқарорлашмагунча ниқоб тақиш шарт. Бу ҳақда Ўзбекистонда Коронавирусга қарши кураш штаби аъзоси Барно Абдусаматова 31 октябрь куни АОКАда ўтказилган брифингда айтиб ўтди.

Мутахассис «Баъзи давлатлар кўчада ниқоб тақишни олиб ташладилар. Ниқоблар инфекция юқишидан 100 фоиз ҳимоя қила олмаслигини барчамиз биламиз. Нима учун бизда ниқоб тақиш шарт?», деган саволга атрофлича жавоб берган.

- "Баъзи давлатларда ниқоб тақиш бутунлай бекор қилингани йўқ. Транспортда, бозорлар, дўконлар ва бошқа аҳоли тўпланадиган жойларда ниқоб тақиш талаби сақланиб қолган. Фақатгина кўчада юрганда ижтимоий масофа сақлаган ҳолда ниқобсиз юриш тавсия этилган. Ҳар бир давлат касаллик профилактикасига қаратилган ўзининг тартибини белгилайди ва амалга оширади. Саломатликни баҳолаш ва кўрсаткичлар институти (IHME) олимларининг аниқлашича, тиббий ниқоблардан фойдаланиш биргина АҚШнинг ўзида 130 мингга яқин кишининг ҳаётини асраб қолади", - дейди Коронавирусга қарши кураш штаби аъзоси Барно Абдусаматова.

Барно Абдусаматова COVID-19’ни жиловлашнинг бошқа чоралари, жумладан, ижтимоий масофа ҳам бу қадар катта фойда бермаслиги ва Nature Medicine (табиат тиббиёти) журнали мақоласида 2021 йилнинг февраль ойи охирларига келиб вафот этганлар сони икки баробарга ортиб, 511 минг кишига етиши мумкин, деган тахминлар борлигини билдирган. Тадқиқотчилар фикрича, ниқоб тақиш кўрсаткичи 85 фоизни ташкил этса, 95 мингдан зиёд кишининг ҳаёти сақлаб қолиши, ниқоблар SARS-CoV-2 каби респиратор вируслар юқишининг олдини олиши ва COVID-19 тарқалишига тўсқинлик қилиши мумкин.

«Ҳали давоси топилмаган, кейинчалик қандай асоратлар қолдириши, юқтирилгандан сўнг яна қайталанмаслиги шубҳа остида бўлган, қаршисида бутун дунё тиббиёти ожиз турган касалликка қарши ягона самарали чора ҳисобланган санитария қоидаларига амал қилмаслик, тиббиёт ниқобларни тақмаслик учун қанчалик бепарво бўлиш керак?! Карантин қоидалари юмшатилгани одамларни хотиржамликка эмас, аксинча сергакликка чорлаши керак», — дейди штаб аъзоси.

Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистонда коронавирус билан боғлиқ вазиятнинг кескинлашгани сабабли 10 июлдан 1 августгача мамлакатда қатъий карантин чоралари жорий қилинган эди. Кейинроқ карантин чекловлари 15 августга қадар узайтирилди. 15 августдан сўнг чекловлар юмшатилгани билан фуқароларнинг жамоат жойларида ижтимоий масофа (2 метр) сақлаши, тиббий ниқобда бўлиш талаби ҳам бошқа қатор талаблар билан бирга сақланиб қолди. Бунда улар томонидан санитар талаблар бузилган тақдирда қатъий чоралар (жаримага тортиш) кўрилиши белгиланган.

arenda kvartira tashkent

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Ўзбекистон » Ўзбекистонда ниқоб тақиш талаби нега сақланиб қолмоқда?