Huawei Мате 90: Мур қонуни чекловларини енгувчи илк смартфон бўлади

Huawei компанияси ўзининг янги Huawei Мате 90 серияси учун бир вақтнинг ўзида бир нечта инновацион совутиш ечимларини тайёрламоқда. Инсайдерларнинг маълумотларига кўра, қурилма илғор 3D иссиқлик тарқатиш архитектураси билан жиҳозланади. Аввалроқ МEМС-вентилятори ҳақида хабарлар тарқалган бўлса-да, сўнгги маълумотлар янада мураккаброқ тизим — микропомпа ёрдамида ишловчи суюқлик контури ва уч ўлчамли иссиқлик узатиш технологиясидан фойдаланилишини кўрсатмоқда. Бу ҳақда Ixbt.com хабар беради.
Янги тизимнинг асосий ғояси иссиқликни нафақат процессордан, балки бутун қурилма юзаси бўйлаб вертикал ва горизонтал йўналишда тақсимлашдан иборат. Смарт Пикачу тахаллуси билан танилган инсайдернинг сўзларига кўра, бу технология локал қизиб кетишнинг олдини олади. Конструкцияда мис фолга, графен қатламлари ва микронасос ёрдамида ҳаракатланувчи суюқлик қўлланилиши кутилмоқда, бу эса иссиқликни экран ёки орқа панел орқали ташқарига самарали чиқариш имконини беради.
Huawei Мате 90 сериясида илк бор Логик Фолдинг (мантиқий тахлаш) технологияси асосида яратилган янги Кирин 5G чипи ўрнатилади. Ушбу концепция Huawei томонидан Тау масштаблаш қонуни доирасида тақдим этилган бўлиб, у микросхемаларни кўп даражали оптималлаштириш орқали Мур қонунининг физик чекловларини енгиб ўтишга қаратилган. Бу эса смартфон унумдорлигини янги босқичга олиб чиқиши кутилмоқда.
Бундан ташқари, компания янги флагманлар учун зум-суратга олиш имкониятларини профессионал камералар даражасига кўтарувчи махсус аксессуарлар устида ҳам ишламоқда. Маълумот ўрнида, инсайдер Смарт Пикачу аввалроқ Xiaomi 13 Ultra ва Xiaomi Пад 6 каби қурилмалар ҳақида аниқ маълумотларни тақдим этган эди. Шунингдек, Huawei Мате 90 нинг фаол вентиляторли алоҳида версияси ҳам сотувга чиқиши эҳтимолдан холи эмас.





























Изоҳлар 0
…