Олимлар 5000 йиллик мумиё микроорганизмидан нон ёпди

Олимлар 5000 йиллик мумиёдан олинган ачитқи ёрдамида табиий хамиртурушли нон тайёрлади. Бу ҳақда “Daily Mail” хабар берди.
Нашр маълумотларига кўра, 1991 йилда Альп тоғларидан топилган машҳур Муз одам Эци мумиёси тадқиқотчиларни ҳануз ҳайратга солишда давом этмоқда. Тадқиқотчиларнинг аниқлашича, беш минг йил аввал яшаган инсон тўқималарида ҳали ҳам тирик микроорганизмлар, жумладан, совуқ ҳароратга чидамли ноодатий ачитқилар сақланиб қолган.
Eurac Research мутахассислари Эцининг териси, ички аъзолари ва ошқозон қолдиқларидан олинган намуналарни ўрганган. Таҳлиллар шуни кўрсатдики, мумиё таркибида қадимги ичак бактерияларидан тортиб, жуда паст ҳароратда ҳам яшай оладиган ачитқиларгача бўлган мураккаб микроорганизмлар жамоаси сақланган.
Олимларни айниқса ушбу ачитқилар катта қизиқиш уйғотган. Улар лаборатория шароитида микроорганизмларни ўстириб, аста-секин уларни унли муҳитга мослаштиришга эришган. Бир неча ой давом этган тажрибалардан сўнг, ушбу микроорганизмлар оддий нон ачитқиси каби фаолият кўрсата бошлаган.
Натижада тадқиқотчилар хамир тайёрлаб, тахминан 5300 йиллик тарихга эга бўлган мумиёдан олинган ачитқи ёрдамида ҳақиқий нон ёпишган. Тадқиқот раҳбари Муҳаммад Сарҳаннинг айтишича, хамир тахминан бир сутка ичида кўпчиб чиққан ва пишириш учун тўлиқ яроқли бўлган.
Олимлар бу билан тўхтаб қолишмоқчи эмас. Ҳозирда улар қадимий ачитқилардан пиво ва бошқа ачитилган маҳсулотлар ишлаб чиқариш имкониятларини ҳам ўрганмоқда.





























Изоҳлар 0
…