09:18 / 15.10.2022
1 030

Мўғулистон бош вазири Россиядаги сафарбарликдан қочганларга ҳимоя ваъда қилди

Мўғулистон бош вазири Россиядаги сафарбарликдан қочганларга ҳимоя ваъда қилди
Фото: DW
Оюун-Эрдэнэ Лувсаннамсрай россияликлар Мўғулистонда 60 кунгача қолиши мумкинлигини эслатди. Бу даврда улар хавфсизлик билан таъминланади.

Мўғулистон ҳукумати сафарбарликдан қочган ҳолда мамлакатга келган Россия фуқаролари хавфсизлигини таъминлаш устида ишламоқда. Бу ҳақда 14 октябр, жума куни DW нашрига берган интервьюсида Мўғулистон бош вазири Оюун-Эрдэнэ Лувсаннамсрай маълум қилди.

У Россияда сафарбарлик эълон қилинганидан кейин минглаб россияликлар Россия ва Мўғулистон ўртасидаги қуруқлик чегарасини кесиб ўтганини тасдиқлади. «Мўғулистонга кўплаб руслар ва мўғул этник гуруҳига мансуб рус бурятлари келди. Бизнинг амалдаги қонун ва қоидаларимизга кўра, сиз Мўғулистонда 30 кун қолишингиз ва бу қолиш муддатини яна 30 кунга узайтиришингиз мумкин. Ҳукуматимиз уларнинг хавфсизлигини таъминлаш устида ишламоқда, одамлар ушбу ҳуқуқий асослар доирасида», - дея таъкидлади Мўғулистон бош вазири.

«Вазият кескинлашганда, бошқа давлатлар ҳам худди шундай муаммога дуч келади», деб огоҳлантирди Лувсаннамсрай ва тинчликка эришиш учун музокаралар олиб боришга чақирди.

12 октябр куни БМТ Бош ассамблеяси Россиянинг Украина тўртта ҳудудини аннексия қилганини қораловчи ва Россия ўтказган сохта референдумларни тан олмайдиган резолюцияни кўпчилик овоз билан қабул қилди. 143 давлат вакиллари ушбу ҳужжатни қўллаб-қувватладилар, Россиянинг ўзи, Беларус, Сурия, Шимолий Корея ва Никарагуа бунга қарши чиқди, яна 35 давлат, жумладан Мўғулистон бетараф қолди.

Нима учун унинг мамлакати Бош ассамблея резолюциясини қўллаб-қувватламаганлиги ҳақида сўралганида, Оюун-Эрдэнэ Лувсаннамсрай Улан-Батор «бошиданоқ давлатлар ўз масалаларини тинч йўл билан бир-бирига минимал зарар етказган ҳолда ҳал қилиши керак бўлган позиция ва сиёсатга содиқ қолганини» айтди.

«Бизнинг нуқтайи-назаримиз шуки, бу урушни чўзмасдан, масалага тинч йўл билан ёндашган маъқул. Чунки уруш давом этар экан, дунёдаги ҳар бир давлат бунинг учун тўлайди ва азоб чекади», - деди бош вазир ва зарар ривожланаётган мамлакатлар учун айниқса жиддий бўлишини қўшимча қилди.

«Албатта, бу қийин вазият. Аммо бугунги кунда инсониятнинг бошқа чораси йўқ», - деди Лувсаннамсрай, агар Путин «шунчаки гаплашиб олинганидан сўнг» фикрини ўзгартириши мумкинлигига ишонасизми, деган саволга.

Мўғулистон ҳукумати раҳбарининг сўзларига кўра, «музокаралар учун камида бир фоиз имконият мавжуд бўлса ҳам, ундан фойдаланиш керак». Бунда асосий ролни, унинг фикрича, Германия ва Хитой ўйнаши керак.

«Баъзилар уруш бўлмайди деб ўйлашганди, лекин шундай бўлди. Энди биз ядровий қуролларни муҳокама қилиш нуқтасига келдик. Кимдир улардан фойдаланади деб ўйлайди, кимдир ишлатмайди деб ўйлайди. Бундай қуроллардан фойдаланиш - ҳазил эмас. Улар инсон зотини йўқ қилиши мумкин», деди Оюун-Эрдэнэ Лувсаннамсрай. «Унда иқтисодий ўсиш, қайта тикланадиган энергия ва ердаги ҳаётимизни узайтириш ҳақидаги ҳар қандай гап-сўз бефойда бўлади», — дея хулоса қилди у.

arenda kvartira tashkent


Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Дунё » Мўғулистон бош вазири Россиядаги сафарбарликдан қочганларга ҳимоя ваъда қилди