
Россия Украинага қарши кенг миқёсли уруш бошлагач, уруш бир неча кун ичида тугамаслиги ва Россияга (нафақат дипломатик, иқтисодий жиҳатдан ҳам) жуда қимматга тушиши маълум бўлгач, Путиннинг ўрнига ким келиши мумкинлиги ҳақидаги гап-сўзлар янги куч билан янграй бошлади.
Бу мунозараларда мантиқ жуда оддий: Бу Путиннинг уруши, уни тугатиш ёки оқибатларини юмшатиш учун Россия президенти бошқа одам бўлиши керак.
Россиядаги турли нашрлар Путиннинг ўрнини эгалловчи номзодлар сифатида РФ Давлат думаси спикери Вячеслав Володин ва айни вақтда Россия Хавфсизлик кенгаши раисининг ўринбосари лавозимида ўтирган собиқ президент Дмитрий Медведев ҳамда президент администрацияси раҳбарининг биринчи ўринбосари Сергей Кириенкони санашади.

Фото: discover24.ru
Сўнгги ойларда уларнинг барчаси Путинга ёқиш учун бот-бот жанговар баёнотлар билан чиқиш қилишмоқда. Масалан, Медведев АҚШга ҳужум билан таҳдид қилган ва икки йилдан сўнг Украина дунё харитасида мавжуд бўлишига шубҳа билдирган. Володин ўзини ўзи мустақил деб эълон қилган «ДХР»да ўлим жазосини сақлаб қолишни таклиф этган. Кириенко эса умуман, Путиннинг яқин доирасига киришга муваффақ бўлган ва эндиликда «ДХР», «ЛХР» ва Украинанинг оккупация қилинган ҳудудларини бошқармоқда.

Володин, Медведев, Кириенко — ворисликка бош номзодлар. Фото: duma.gov.ru
Бошқа ворислар орасида Путиннинг собиқ тансоқчиси, айни пайтда Тула области губернатори бўлган Алексей Дюмин саналган, шунингдек ФВВнинг янги раҳбари Александр Куренков (у ҳам ўз вақтида Путинни қўриқлаган), Хавфсизлик кенгаши котиби, 71 ёшни қаршилаётган Николай Патрушев ҳам бор. Ўша Патрушевнинг ўғли, қишлоқ хўжалиги вазири Дмитрий Патрушев ва Путиннинг қизи Екатерина Тихонова экзотик вариантлар сифатида кўрилмоқда.

Путин ва Алексей Дюмин. Фото: today.29ru
«Медуза» махсус мухбири Андрей Перцев Путин яқин орада кетиши ҳақидаги гап-сўзларда қандайдир асос бор-йўқлиги ҳақида фикр юритди.
Путин истеъфога чиқмоқчими?
Йўқ. Боз устига, Россия президенти навбатдаги сайловлар ўтувчи 2024 йилдан кейин кетишга тайёрланаётганига бирорта ишора ҳам йўқ. 2020 йилда конституцияга ўзгартиришлар киритилганидан сўнг Путиннинг амалда қолиш учун назарий муддатлари яна 12 йилга чўзилди. Путиннинг ўзи буни амалдорлар ичидан ворислар излаб «кўзлар сузилмаслиги» учун қилинаётганини таъкидлаган. Ҳозирга келиб эса Путин курсисидан воз кечишни асло истамагани ва мамлакатни 2036 йилгача бошқаришдан умид қилаётганига заррача шубҳа қолмади. «Левада» марказининг июн ойидаги сўровномасига кўра, 72 фоиз россияликлар Путин 2024 йилдан кейин ҳам президент бўлиб қолишини исташади.

Россияликларнинг 72 фоизи Путин 2024 йилдан кейин ҳам президент бўлиб қолишини истайди. Фото: 1tv.ru
Бироқ май ойи охирларида «Медуза»нинг президент администрацияси ва ҳукуматга яқин манбалари элита «Путиндан кейинги келажак»ни тез-тез муҳокама қилаётганини айтишган. Сабабни улар шундай тушунтиришган — «Етарли тарзда яқин истиқболда у давлат бошқарувида бўлмаслиги ҳақида тушунча ёки истак бор».
Эҳтимолли сабаб — Путиннинг саломатлиги борасидаги миш-мишлар (гўёки у сўнгги босқичдаги онкологик касалликдан даволанмоқда). Бу миш-мишлар Путин ўз вазифаларини бажаришда қийналиб боради ва у ворис танлашга мажбур бўлади, деб ўйлашга ундайди — 90-йиллар охирида унинг ўзини Елцин танлагани каби.
Юқорида номлари зикр этилган сиёсатчиларнинг фаоллашгани ҳам шу билан тушунтирилмоқда. Улар президентнинг жанговар кайфиятига мослашмоқда — шу сабабли улар ОАВда кўпроқ кўриниш бериб, таниқли бўлиш ва элита қўлловини олишга уринмоқда.
Путин ворисини ўзи танлайдими? Унга бирор кор-ҳол бўлиб қолса-чи?
Айни паллада Путин ҳокимияти қандайдир фитна туфайли қулаши эҳтимоли жуда паст (гарчи буни тўлиқ инкор этиш мумкин бўлмаса-да). «Медуза» сўзлашган амалдорлар ҳам ҳеч ким Путинни тахтдан йиқитиш ҳақида ўйламаётганини таъкидлаган эди. Албатта, улар бошқача сўзлаши ҳам мумкин эмасди, бироқ статистика ҳам Россияники каби персоналистик режимлар одатда барқарор бўлишини кўрсатади.
Персоналистик режим — олий етакчи барқарор институтлар (армия ёки ҳукмрон партия)га эмас, турли таъсир доиралари ўртасидаги мураккаб муносабатлар тизими, алалоқибат шахсий алоқаларига таяниб бошқаришини билдиради. Агар ҳукмдор ўз режимини шундай қила олган бўлса (Путин билан боғлиқ ҳолатдан кўряпмизки, бу жараён босқичма-босқич амалга ошади), кўп ҳолларда у ҳокимиятни умрининг сўнгига қадар сақлаб қола олади.
Бундай вазиятда эса ворис тайинлаб, ҳокимиятни унга топшириш жуда хавфли. Буни Путинга Қозоғистон тажрибаси яққол кўрсатиб берди. У ерда Нурсултон Назарбоев 2019 йилда ўз ихтиёри билан истеъфога кетиб, президентлик постини Қосим-Жўмарт Тўқаевга қолдирди, ундан пойтахтни Нурсултонга ўзгартиришдек содиқлик қасамини қабул қилиб олди, ўз қўлида бир қатор конституцион ваколатларни ҳам сақлаб қолди. Бироқ 2022 йилнинг бир неча ойи ичида Назарбоев пойтахт номидан бошқа ҳамма нарсани йўқотди. Сентябр ойига келиб эса пойтахт ҳам қайта Астана деб атала бошлади. Тўқаев қилгани сингари ворис ўз хўжайинини «топшириши» ва унинг оиласини ҳам тинч қўймаслиги хавфи жуда катта.

Путин Назарбоев хатосини такрорламоқчи эмас. Фото: topnews.ru
2022 йилнинг 24 февралигача Путин агар ўзи изн берса демократлаштириш жараён унга хотиржам қарилик гаштини суришга имкон беради деб умид қилиши мумкин эди: қоида тариқасида янги демократик ҳокимият ўзидан аввалги диктатор билан нисбатан хайрихоҳ оҳангда гаплашади. Бироқ у очган уруш унинг шахсан ўзи учун таҳдидларни ҳам кучайтириб юборди: янги ҳокимият учун у энди токсик фигурага айланди, ундан халос бўлишга уриниш истаги катта бўлиши мумкин.
Умуман, сўнгги лаҳзагача курсига ёпишиб олиш Путин учун оптимал стратегиядек кўринмоқда. Бу ерда иккита оддий йўл бор: сўнгги лаҳзада у ворисни ошкора тайинлашга жазм қиладими ёки шу ҳолатда ҳам сукут сақлашни афзал кўрадими? Биринчи йўлдан Венесуэла лидери Уго Чавес борган. У муқаррар ўлим билан тугайдиган касалликдан сўнг Николас Мадурони вице-президент қилиб тайинлаган. Россияда шунга ўхшаш вазиятда бироз вақт тепада ҳокимият учун парда ортида кураш боради.

Уго Чавес ва Николас Мадуро. Фото: businessinsider.in
Жанубий-шарқий Осиёда ҳокимиятларнинг қўлдан қўлга топширилиши феноменини ўрганган авторитаризм тадқиқотчиси Алексей Гилев элита учун вориснинг «статус қудрати» жуда муҳимлигини аниқлаган. Ворис ҳукмрон юқорига албатта мансуб бўлиши (энг яхшиси — у биринчи шахснинг қариндоши бўлиши), аммо у «шахсий қудрат»га эга бўлмаслиги, яъни омма орасида машҳур бўлмаслиги керак.
Таъсир кучи катта бўлган доиралар янги етакчи жуда мустақил бўлишидан манфаатдор эмас, чунки улар ресурслар устидан назоратни сақлаб қолишни исташади. Гилевнинг қайд этишича, айнан шу сабабли етакчиларга уларнинг бевалари, қизлари, ўз сиёсий кучига эга бўлмаган сингиллари ворис бўлишади.
Ғарб таблоидлари Путиннинг қизларидан бирини эҳтимолли ворис деб ёзганда айнан шуни назарда тутган. Бироқ Гилев «ворис дилеммаси»га эътиборни қаратади: кучсиз, аммо элиталар учун фойдали бўлган бундай янги етакчи ҳокимиятни сақлаб қолиши қийин, ҳокимият номзодлари эса сайловларда овоз йўқота бошлайди.
Бироқ постсовет ҳудудида янги етакчи ўзидан аввалги ҳукмдорнинг, гарчи у томонидан тўғридан тўғри тайинланмаган бўлса-да, авторитар сиёсатни муваффақиятли давом эттиргани борасида мисоллар кўп.
Жамиятда бу ҳолатда демократияга эришишнинг биргина ишончли усули бор — ҳокимият учун курашга аралашиш. Боз устига, ворислар кўпинча ҳалол сайловларда ютқазиб қўйишади.
Путин кетмайди. Уни йиқитишолмайди. Саломатлиги ҳолати ноаниқ. Унда нега ОАВ ворисни муҳокама қилмоқда?
Бу ерда бир неча сабаб бирлашган. Мухолиф кайфиятда бўлганлар Путин яна 14 йил мамлакатни бошқара олишига ишонгиси келмаяпти. У элита ички курашлари ёки халқ норозиликлари туфайли курсини тарк этишига ҳам ҳозирча ишониб бўлмайди. Шу сабабли халқаро тажрибага мурожаат қилиб, Россиядагидек режимда ҳокимият қандай ўзгарганини кўриш мантиқли.

Елцин ва Путин. Фото: Kremlin.ru
90-йиллар ва нолинчи йилларда сиёсат оламини кузатганларга «Ворис» операцияси» жумласи жуда яхши таниш. 1999 йилда Владимир Путин номзодини президентликка илгари суриш айнан шундай аталган. Бир неча ой ичида медианинг кучли қўллови билан ФХХнинг кўпам машҳур бўлмаган директори рейтинги ўндан бир фоиздан биринчи турдаёқ президентлик сайловида ғолиб чиқиш даражасигача кўтарилди.
2007 йилда Путиннинг ўзи ворис қидируви билан машғул бўлди. Номзодлар икки киши эди: мудофаа вазири (КГБ бўйича Путиннинг хизматдоши) Сергей Иванов ва президент администрацияси раҳбари ўринбосари Дмитрий Медведев.

Иванов, Медведев ва Путин. Фото: Kremlin.ru
Ўшанда Медведев жамоасида ишлаган иқтисодчи Игор Юргенснинг эслашича, «ворислар»га телеканалларда бир хил вақт ажратилган, улар бир-бирига мос сайловолди кампанияси ўтказишган, «уларнинг ҳар бири пошшога нималарга қодир эканини кўрсатишга мажбур эди». Юргенснинг фикрича, Медведев танланганига сабаб — у Ғарб ва Россия либерал элитаси билан мулоқотни яхшироқ йўлга қўя олгани бўлган. Тўрт йил ўтгач (курсида ўтирган чоғида президентлик муддатини тўрт йилдан олти йилга кўтаришга улгурган) Медведев навбатдаги президентлик сайловида қатнашмаслигини эълон қилди ва Путин учун Кремлга қайтиш йўлини тозалаб берди.
Бу воқеаларнинг барчасини яхши эслаб қолган инсонлар Россия сиёсати келажагини «ворислик» орқали кўриши мантиқли — чунки ҳокимият топширилишининг бошқача йўлини улар кўришмаган. Бошқалар учун эса бу яна ҳақиқий оммавий сиёсат ўрнини босувчи нарса. Бу худди РФ фуқаролари ҳам кузатишни яхши кўрадиган АҚШдаги президентлик сайловига ўхшайди. «Ворисларнинг виртуал пойгаси» Россияда ҳам ҳаққоний сиёсий кураш кетаётганидан гўёки далолат бериб туради. Гарчи унга таъсир ўтказишнинг амалда ҳеч қандай имкони бўлмаса ҳам, энг камида бу реалити-шоуга ўхшайди. «Замин»ни Telegram’да ўқинг!
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босингМавзуга оид янгиликлар