17:23 / 12.04.2023
1 147

Россиянинг НАТОга жавоби қандай бўлади?

Россиянинг НАТОга жавоби қандай бўлади?

Ниҳоят Финляндия НАТОга аъзоликка қабул қилинди. 1939-1940 йилларда бўлиб ўтган совет-фин урушида 20 фоизга яқин ҳудуди руслар томонидан босиб олинган бу шимол давлати яқин-яқинларгача Россияга нисбатан нейтрал позицияда бўлиб келганди. Русларнинг “жиғига тегмаслик” учун турли ҳарбий сиёсий блокларга қўшилмасликка мажбур бўлган Финляндия бир йил аввал бу сиёсатини қайта кўриб чиқишга қарор қилди. Россиянинг барча халқаро келишувлар ва мажбуриятларини бузган ҳолда Украинага бостириб киргани финларни шунга мажбур қилди, десак муболаға бўлмайди.

Албатта Кремлнинг Украинага қилган ҳужуми учун кўрсатган сабаб-баҳоналари орасида НАТОнинг Шарқ томон кенгайишига йўл қўймаслик ҳам бор эди. Бироқ Украинага бостириб кириш акс таъсир берди: НАТО аъзолари яна биттага кўпайиб, Россия ва Шимолий альянс ўртасидаги чегара яна 1271 километрга узайди.

Албатта Кремл ўз расмий баёнотларида бунга қарши эмаслиги ва бу Россиянинг манфаатларига зид келмаслигини айтиб, кўринишидан совуққонлик билан баёнот билдирди. Аммо аслида бу Кремл учун кутилмаган, даҳшатли тарсаки бўлгани аниқ. Бироқ бошқа бир масала мавҳум қолмоқда: Россия Финляндиянинг НАТОга аъзо бўлишига қандай жавоб қайтаради – ожизлигини тан олиб, индамай “ичига ютиб кетадими” ёки бирор кескин ҳарбий ёки сиёсий қадам билан жавоб берадими?

Бу савол юзасидан экспертлар фикрини аниқлаш мақсадида AzonTVда “Фикрат” таҳлилий кўрсатувининг махсус сони ташкил этилди. Унда кўрсатув доимий эксперти, сиёсий фанлар бўйича фалсафа доктори Фарҳод Толипов дунё хавфсизлигига таъсир қиладиган воқеалар, НАТОнинг кенгайиши ва бунга Россиянинг қандай жавоб бериши бўйича ўз фикрлари билан ўртоқлашди.

Жумладан, коммунистик режимдаги СССР ва унинг қўғирчоқ ҳукуматлари бошқарадиган бошқа Шарқий Европа социалистик давлатлари туғдирадиган таҳдидга қарши туриш мақсадида тузилган НАТО 1990 йилдан кейин, яъни СССР ҳамда Варшава шартномаси барҳам топганидан кейин нега тарқалиб кетмади, деган саволга шундай жавоб берди:

  • Бу жуда муҳим савол. НАТОга аъзо давлатларнинг асосий душмани ва рақиби бўлган СССР тарқалиб кетгач, кўплаб экспертлар, ҳатто НАТО зобитларининг ўзи ҳам, айримлари билан шахсан ўзим ҳам гаплашганман, “энди НАТОга зарурат борми” деган саволни ўртага ташлай бошлади. “Қизил” таҳдид ғойиб бўлди, асрий мақсад амалга ошди - Европа бирлашди. Ҳатто собиқ социалистик давлатлар бўлмиш Шарқий Европа мамлакатлари ҳам НАТОга, ҳам Европа Иттифоқига қўшилди. Лекин НАТО раҳбарияти ушбу ташкилотни сақлаб қолиш заруратини “биз фақат Совет Иттифоқи таҳдидига қарши тузилмаганмиз”, дея изоҳлай бошлади.
  • Аслида эса барча куч ва режалар СССРга қарши қаратилганди. Лекин улар узоқни кўра олишганми, қачондир барибир НАТОга зарурат туғилади, деб ўйлашганми, алянсни сақлаб қолишга қарор қилишди. “Қизил” таҳдид йўқолгани билан, бошқа таҳдидлар пайдо бўлган, дея жавоб беришди. Ҳатто бу янги таҳдидларнинг келиб чиқишини башорат ҳам қилиб бўлмайди. Аввал таҳдиднинг манбасини аниқ билардик – бу Совет Иттифоқи эди. Аммо янги таҳдидларнинг қаердан келишини энди билиш қийин, дейишди зобитлар. Улар бу таҳдилар сирасига терроризм, диний экстремизм, наркотикларнинг ноқонуний айланмаси, ҳатто иқлим ўзгаришини ҳам киритишган. Бундай таҳдидларга жавобан ўзларининг хавфсизлик тизимларини қайта кўриб чиқишган, дейди сиёсий фанлар бўйича фалсафа доктори Фарҳод Толипов.

Эксперт яна кўплаб саволларга ҳам ўз муносабатини билдирди. Агар НАТОнинг кенгайиши ва бунга Россиянинг қандай жавоб бериши бўйича янги ва батафсил  маълумотлар олмоқчи бўлсангиз, “Фикрат” таҳлилий кўрсатувининг мазкур сонини youtube.com тармоғида томоша қилишингиз мумкин.


arenda kvartira tashkent
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг