
Жаҳон молиявий тизимида янги муаммоли масала муҳокамалар марказига айланди: Европа давлатларига тегишли миллиардлаб долларлик олтин захиралари нега АҚШда сақланмоқда ва бу захиралар ватанга қайтарилиши керакми? Мана шундай саволлар Европа парламентининг собиқ депутати Фабио Де Маси томонидан кўтарилди ва бу ҳақда Financial Times нашри атрофлича маълумот берди.
Маълумотларга кўра, Германия ва Италия АҚШдан кейин дунёдаги энг йирик олтин захираларига эга давлатлар ҳисобланади. Германияда 3352 тонна, Италияда эса 2452 тонна олтин бор. Улар ўз захираларининг катта қисмини – яъни 245 миллиард долларлик қуймаларини – ҳозирда Америкадаги Федерал захира тизимида сақлашда давом этмоқда.
Олтинни қайтариш таклифининг кун тартибига чиқишига эса бир нечта омиллар сабаб бўлди. Биринчидан, АҚШ президенти Дональд Трампнинг Федерал захира тизимига қаратилган танқидлари ва унга бир неча бор ҳужум қилиши Европа давлатларининг хавотирини кучайтирди. Иккинчидан, жаҳондаги геосиёсий беқарорлик фонида, Германия ва Италия сиёсатчилари ўз захиралари устидан тўлиқ ва мустақил назоратни таъминлаш лозимлигини таъкидлай бошлашди.
Бавариядаги Христиан-ижтимоий иттифоқидан собиқ депутат Петер Гаувайлер фикрича, Бундесбанк олтин захираларини сақлашда ҳеч қандай муроса қилмаслиги керак ва миллий манфаат устувор бўлиши шарт. “Сўнгги ўн йилликда олтинни хорижда сақлаш хавфсиз ва барқарор бўлдими, буни қайта кўриб чиқишимиз керак”, – деди у.
Шу билан бирга, Европа солиқ тўловчилар уюшмаси ҳам Германия ва Италия молия вазирлиги ҳамда марказий банкларидан Федерал захирага қарамликни қайта кўриб чиқишни талаб қилмоқда. Уларнинг таъкидлашича, АҚШдаги олтин устидан тўлиқ назорат қилишнинг иложи йўқ ва “Трампнинг Федерал захира мустақиллигига путур етказаётгани” Европада жиддий хавотир уйғотмоқда.
Қимматбаҳо металлар бўйича эксперт Питер Берингер эса олтинни ватанга қайтариш ғояси АҚШнинг ҳозирги маъмуриятига эмас, балки инқироз пайтида активлар устидан тўлиқ юридик ва жисмоний назорат қилиш зарурати билан боғлиқлигини алоҳида таъкидлади. “Олтин – марказий банклар учун сўнгги чорадаги актив. Шунинг учун уни ўз ҳудудида, учинчи шахслар учун хавф-хатарсиз сақлаш жуда муҳим”, – дейди мутахассис.
Якунда айтиш мумкинки, Европа давлатларининг олтин захираларини АҚШдан олиб чиқиш масаласи ҳозир нафақат иқтисодий, балки стратегик муаммога айланди. Бундай вазиятда эса, олтиннинг қайси жойда сақланиши устидан олиб бориладиган сиёсий ва юридик назорат барча томон учун устувор аҳамиятга эга бўлиб қолмоқда. «Замин»ни Telegram’да ўқинг!
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг Мавзуга оид янгиликлар