
Хорижда ишлаётган фуқароларнинг ҳуқуқлари, ҳаёти ва соғлиғини ҳимоя қилиш мақсадида Ўзбекистон ҳукумати муҳим қарор қабул қилди. Янги ҳужжатга кўра, меҳнат мигрантлари учун ихтиёрий суғурта тизими жорий этилади. Бу орқали фуқароларнинг хавфсизлиги, молиявий барқарорлиги ва тиббий ёрдамдан фойдаланиш имкониятлари кенгаяди.
Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Миграция агентлиги ташаббуси билан ишлаб чиқилган тизим меҳнат мигрантлари учун комплекс ҳимояни таъминлайди. Суғурта компанияларига эса мигрантлар учун имтиёзли тарифлар ҳамда махсус суғурта маҳсулотларини яратиш тавсия этилди.
Янги механизм асосида хорижда ишлаётган фуқаролар ҳаёти ва соғлиғини суғурталаш, патент ёки ишлаш рухсатномаси рад этилиши эҳтимолини қоплаш, шунингдек, хорижда ишга жойлашиш учун олинган кредитларнинг қайтмаслиги хавфини суғурталаш имконияти яратилади.
Шу билан бирга, суғурта ташкилотлари Ўзбекистон ҳудудида ихтиёрий тиббий суғурта полисини бериш ёки мигрант бўлган мамлакатдаги ассистанс хизматлари орқали тезкор тиббий ёрдамни ташкил этиш мажбуриятини ҳам ўз зиммасига олади.
Ҳужжатга мувофиқ, суғурта қопламаси фуқаро тўлов қилган валютада қопланади. Узоқ муддатли ҳаёт суғуртаси бўйича суғурталанувчи вафот этган ёки I–II гуруҳ ногиронлиги юз берган ҳолларда тўлиқ қоплама амалга оширилади. Агар суғурталанувчи белгиланган ёшга етса, унга суғурта суммаси билан бирга инвестиция даромадидан ҳам улуш тўланади.
Бундан ташқари, агар суғурта мукофотининг камида 30 фоизи ҳаёт суғуртасига йўналтирилган ва суғурта даври 12 ойдан ортиқ бўлса, пул ўтказиш харажатлари ҳам тўлиқ қопланади.
Меҳнат мигрантларининг ҳаёти, соғлиғи ва таваккалчиликларини суғурталаш тартиби ҳақидаги низом илова сифатида тасдиқланади. Бу ҳужжат орқали хорижда ишлаётган юртдошларимиз молиявий ва тиббий хавфлардан ҳимояланади, рад этилган ҳужжатлар ёки қарз қайтмаслигига оид таваккалчиликлар суғурта орқали қопланади.
Янги тизим фуқароларнинг ишга кетиш жараёнини хавфсиз ва ишончли қилади, шунингдек, уларнинг ҳаёти ва соғлиғини ҳимоя қилишда муҳим қадам бўлади. Бу орқали давлат нафақат мигрантларнинг ҳуқуқларини таъминлайди, балки уларнинг оилалари учун ҳам молиявий барқарорлик муҳитини яратади.
“Zamin”ни Telegram'да ўқинг!