12:46 / 04.11.2018
2 126

Умид ҳамроҳ бўлса...

Умид ҳамроҳ бўлса...
Бундан бир неча йиллар олдин Америкада, ташландиқ автомобил таъмирлаш устахонасида ёш рассом яшарди. «Яшарди» дедигу аслида унинг ҳаётини яшаш деб бўлмасди. Ярим оч, ярим тўқ ҳолда зўрға кун кечирарди. Чизган суратлари «уч пулга арзимас»лигини сабаб қилиб ишлаб юрган газетасидан бўшатиб юборишганидан буён аҳвол шу. Аммо ёлғизлик, пулсизликдан қанчалик қийналмасин, умидсизликка ён бергани йўқ. Ўзини чалғитиш учун ҳар хил ғоялар ўйлайди, янги лойиҳалар ҳақида хаёл қилади. Газетадан ҳайдалган, ҳомийлигидан умид қилган одамлари ишларини жуда арзон баҳолаб, ёнларига яқин йўлатмаётган бўлса ҳам, ёш рассом бир куни муваффақият қозонишига ишонади. Шундай кунларнинг бирида кундалигига қуйидаги жумлаларни ёзди: «Ўзим ўзимга қанчалар имконсиз, толесиз кўринсам ҳам, асло умидсизликка тушмайман ва дангасалик қилмайман!»

Ниҳоят бир куни оқшом пайти...

Ташландиқ таъмирхона бурчагида...

Қўлида қоғоз, қалам – янги лойиҳалар тузиш учун зўр бериб ўйлаб ўтирганида...

Ҳаётини ўзгартириб юборган воқеа юз берди.

Ўтирган жойида оёғига юмшоқ нимадир текканини ҳис қилди. Эгилиб қаради – митти сичқонча. Худди ўзини кўрсатиш учун атай чиққандай, қочмайдиям, ҳуркмайдиям. Ёш рассом оёғини ерга қаттиқ урди, шундагина сичқонча қочиб, девордаги тешикка беркинди. Аммо ичкарига кириб кетмай, тешикдан бошини чиқариб, рассомга қараб тураверди. Худди кўзчалари билан ниманидир англатишни истагандай...

«Одамларни қидириб бахт, имконнинг ўзи оёқлари остига келса, мен толесизнинг оёғим остида адашган сич­қон ўралашади», дея норози тўнғиллади. Қоғозга ихтиёрсиз равишда сичқон чиза бошлади – бир нечта, яна ҳар хил кулгили ҳолатларда...

Шу пайт онгида минглаб чақмоқлар чаққандек бўлди. Қувончидан Архимед сингари «Эврика» – «Топдим», деб бақирмади, аммо у ҳам топган эди. Ва бир онда ҳаммаси ўзгарди: чунки бутун дунё болалари кўнглидан жой олган севимли қаҳрамон – сичқонча Микки дунёга келганди!

Бу ёш рассом Уолт Дисней эди. Ўша оқшом қоғозга туширган сичқон расмлари унга бутун бошли қироллик тахтини олиб келди.

Уолт Дисней уйсиз эди...

Уолт Дисней пулсиз эди...

Уолт Дисней кимсасиз эди...

Шуҳратсиз эди...

Чорасиз эди...

Аммо унга доимо умид ҳамроҳ бўлди.

Ҳар қандай ҳолатда ҳам умидсизликка тушмади ва муваффақият қозонди!


Манба: Irfon.uz

arenda kvartira tashkent


Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Дунё » Умид ҳамроҳ бўлса...