Шимолий Кореянинг собиқ раҳбари Ким Чен Ир ва унинг вориси Ким Чен Ин.
Фото: Reuters
Шимолий Корея разведкасида юқори лавозимда фаолият юритган, кейинроқ мамлакатдан қочишга муваффақ бўлган полковник BBC нашрига мамлакат раҳбари Ким Чен Иннинг парда ортидаги фаолияти хусусида сўзлаб берди. Бу – Шимолий Корея бошқарувида ишлаган юқори мартабали мулозимнинг етакчи ОАВга берган илк интервьюсидир.
Хавфсизлик важидан асл исми ошкор этилмаган ва шартли равишда «Ким Кук Сон» деб аталган полковник айни пайтда Сеул шаҳрида яшайди, Жанубий Корея разведкаси билан ҳамкорлик қилади. Ўз таъбири билан айтганда, у 30 йил давомида Олий раҳбарнинг кўзи ва қулоғи саналган махфий идорада ишлаган.
Полковник Шимолий Кореянинг амалдаги раҳбари Ким Чен Иннинг болалигидан ҳозирги давригача яқиндан кузатишга муваффақ бўлган. Унинг ҳикоя қилишича, ёш йигитча мамлакат раҳбари – отаси Ким Чен Ирга ўзининг жанговар қобилиятларини кўрсатишга зўр бериб ҳаракат қилган. 2009 йили отаси инсультдан кейин ётиб қолгач, ёш Ким Чен Ин хорижга қочган мухолифат вакилларини ўлдириш учун мафхий гуруҳ ташкил қилган. Масалан, Шимолий Кореянинг собиқ юқори мартабали амалдори, кейинроқ Сеулдан бошпана топган Хван Чжан Ёпга қарши суиқасд уюштирилган.
30 йил мобайнида Шимлий Корея махсус хизматида фаолият юритган полковник «ғаним» давлатга қочишни маъқул кўрган. Фото: BBC
«Террор Шимолий Корея сиёсати, Ким Чен Ир ва Ким Чен Ин обрўсини муҳофаза этишнинг муҳим воситаси бўлган ва бўлиб қолмоқда», – дейди полковник.
Ҳикоя қилинишича, 2010 йилнинг 26 мартида Жанубий Корея денгиз кучларига тегишли «Чхонан» кемаси Сариқ денгизда ғарқ қилинган, оқибатда 46 нафар денгизчи ҳалок бўлган. Ўша йилнинг 23 ноябрида Жанубий Кореянинг Ёнпхёндо оролига артиллерия снарядлари ёғдирилган. Ҳужум натижасида бир неча ҳарбий ҳалок бўлган, ўнлаб киши жароҳатланган. Пхеньян ҳозирга қадар ушбу қўпорувчилик ҳаракатларига дахлдорлигини рад этиб келади. Полковник эса бу айнан махфий разведка гуруҳи томонидан амалга оширилганига шоҳидлик беради.
«Шимолий Кореяда Олий раҳбарнинг шахсан маъқулловисиз ҳатто йўл ҳам қуриб бўлмайди. «Чхонан» кемасининг ғарқ қилиниши ва Ёнпхёндо оролининг ўққа тутилиши оддий ходимлар қарори эмас, албатта. Бундай операциялар Ким Чен Иннинг махсус буйруғи билан амалга оширилади», – дейди юқори мартабали қочоқ.
Собиқ амалдорнинг маълум қилишича, Шимолий Корея душман давлат – қўшни Жанубий Кореяга кўп сонли айғоқчи йўллаган. Ким оиласининг жосуслари ҳатто Яшил уй – Жанубий Корея президенти қароргоҳига қадар кириб борган.
Шимолий Корея дунёдан узилган, сайёрамиздаги энг қашшоқ давлатлар сирасига киради. Аммо моддий тақчилликка қарамай, ҳукумат олти минг кишили ҳакерлар армиясини сақлаш учун пулни аямаётир. Полковникка кўра, Пхеньяннинг виртуал аскарлари Ғарб мамлакатларининг расмий идораларига ҳамда йирик ширкатларига ҳакерлик ҳужумларини уюштириб келади.
Мамлакат раҳбариятининг ҳашаматли ҳаёти учун катта миқдорда пул зарур. Қайд этилишича, ошиб бораётган харажатларни қоплаш учун расмий Пхеньян наркотик ҳамда қурол савдоси билан шуғулланмоқда. Жумладан, метамфетамин ишлаб чиқарувчи махфий лаборатория фаолият юритмоқда.
Аввалроқ мамлакатнинг Лондондаги элчихонаси собиқ ходими, Ғарбдан бошпана олган Тхэ Йон Хо ҳам расмий Пхеньян наркотик савдоси билан шуғулланишини тасдиқлаган эди. Полковникнинг айтишича, бангифурушликдан тушган даромадни Ким Чен Иннинг шахсан ўзи тасарруф этади.
«Сизга тушунарли бўлиши учун айтай, Шимолий Кореяда барча пуллар Олий етакчига тегишли деб қаралади. У бу ақчага ҳашаматли уйлар қурдиради, ажнабий автоуловлар, тансиқ озиқ-овқатлар, кийим-кечак ва серҳашам буюмлар харид қилади», – дейди сирли суҳбатдош.
Қолаверса, Ким маъмурияти Эрон, Сурия, Мьянма, Ливия, Судан каби санкция остидаги давлатларга қурол ва ҳарбий технологиялари савдосидан ҳам мўмай даромад топади.
BBC cуҳбатлашишга муваффақ бўлган полвокник ўз даврида олий раҳбарият ишончи ва иззатини қозонган шахслардан бўлган. Аммо сиёсий ўйинлар оқибатида «ғаним» давлат – Жанубий Кореяга қочишни маъқул кўрган.
Полковник интервью сўнггида Ким маъмурияти жиноятлари ҳақида очиқ гапиргани сабабини ҳам очиқлаган.
«Бўйнимдаги сўнгги қарз бу! Мен Шимолдаги биродарларим ҳам диктатурадан халос бўлиб, озодлик ҳавосидан нафас олса дейман», – дейди полковник.
Аҳоли марҳум «доҳий»лар – Ким Ир Сен ва Ким Чен Ир ҳайкалига таъзим қилмоқда. Фото: Getty Images
Шимолий Корея халқ демократик республикаси таъсис этилган 1948 йилдан буён ўлкани Кимлар сулоласи идора этиб келади. Жумладан, Ким Ир Сен 1948-1994, Ким Чен Ир 1994-2011 йилларда раҳбарлик қилган. Бобоси ва отасидан қолган «тахт»ни эса 2011 йилда Ким Чен Ин эгаллаган.
Дунёдаги энг ёпиқ мамлакатлардан бири саналган Шимолий Кореянинг коммунист раҳбарияти турли чеклов ва тақиқларни жорий этган. Мамлакатда интернет ва Wi-Fi’дан фойдаланиш имкони мавжуд эмас. Аҳоли Шимолий Кореянинг ички компьютер тармоғидан фойдаланиши мумкин. Ички тармоқ эса «мафкуравий тоза» сайтлардан иборат. Маҳаллий аҳолининг хорижга қўнғироқ қилиши ҳамда чет элликлар билан суҳбатлашиши ҳам ман этилган. Коммунистик партия фуқароларнинг соч турмаги қандай бўлишини-да белгилаб берган. Ортиқча эътибор тортувчи турмак ман этилади. Мамлакат эркаклари сочини «доҳий» Ким Чен Ин каби кузаб юришга одатланган.
Капиталистик дунё маҳсулоти бўлган Соса сola ичимлиги савдоси ҳам тақиқланган. Умуман, мамлакатда антиқа тақиқлар мавжуд. Масалан, Ким Чен Ин яқинда мамлакат аҳолисига ит боқишни тақиқлаган. Расмий Пхеньянга кўра, хонадонда ит сақлаш буржуазия ва капитализм сарқити саналади.
Қўрқув муҳити ҳукм сураётган ўлкада қатллар ҳам тез-тез амалга оширилади. Жумладан, жорий йил апрелда Шимолий Корея ташқи ишлар вазирлиги ходими Европадан тиббий асбоб-ускуналар сотиб олишни таъминлай олмагани учун қатл этилган эди.
БМТ маълумотларига кўра, Шимолий Корея аҳолисининг қарийб 60 фоизи озиқ-овқат етишмовчилигидан азият чекмоқда. Халқаро санкциялар ҳамда коронавирус пандемияси сабаб чегараларнинг ёпилиши қашшоқ аҳолини янада оғир аҳволга солиб қўйди. Вазият шу қадар мураккабки, ҳатто КХДР етакчиси Ким Чен Ин мамлакатга аянчли очарчилик хавф солаётганини тан олишга мажбур бўлди. “Замин” янгиликларини “Youtube”да кузатиб боринг
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босингМавзуга оид янгиликлар
Омега-3 қандай қилиб озишга ёрдам беради?
Рашида Толиб Конгресс аъзоларига «аччиқ ҳақиқат»нинг суратини кўрсатди
Эрон АҚШдан 1 трлн доллар компенсация талаб қилди
Хатолар ва мағлубиятлар... улар кечириладими?
Байден ва Жинпинг Перуда учрашди: «Агар бир-биримизни рақиб деб билсак, муносабатларни бузамиз»
Ким Чен Ин ҳарбийларни жанговар ҳолатда туришга чақирди
Туркия Исроил президенти самолётини ҳаво ҳудудига киритмади
Шимолий Корея Россияга узоққа зарба берувчи қуроллар юборди