Россия Федерациясининг Украина билан стратегик тўқнашуви фонида Евросиё қитъасида, қолаверса, бутун дунёда янги геосиёсий вазият шаклланмоқда. Ўтган 2021 йилнинг декабрь ойида Москва Украинага сифат жиҳатидан янги босим бошлади. Москванинг тахминича, балки,коллектив Ғарб орқага чекиниши кутилганди.
Европа ва АҚШ ўртасидаги зиддиятлар, НАТОнинг сиёсий тарқоқлигини оширади, деб умид қилганди Владимир Путин. Франция Вашингтондан аразлаб юрибди. Германия ҳар доим “ўрталиқ сиёсати” тарафдори, қолаверса, иқтисодий манфаатларни ўйлаб, Берлин ҳар доим Москва билан мувозанат билан гаплашиб келади.
Лекин Путин кутган вазият бўлмади. Аксинча, Трамп даврида Вашингтондан анча узоқлашган Европа, яна қайтадан трансатлантик жипслашиб бошлади. Европада таъсири пасайиб бораётган Америка яна ўзининг таъсири ва Европа ишларига аралашув даражасини ниҳоятда кўтара бошлади. НАТО қайтадан жонланди. НАТО ўз олдига “биз нима учун керакмиз?” деган саволга Путиннинг фаоллиги натижасида, “ҳа, биз бўлмасак хавфли Россия ҳамма учун таҳдид экан” деган жавоб олинди.
Бир сўз билан айтганда, Путиннинг на тактикаси, на стратегияси у кутган натижаларни бермади. Коллектив Ғарб қўрқмади, чекинмади. Аксинча, фаоллашди, жипслашди, коллектив ҳаракатларни бошлаб юборди. Украинани қўрқитиш ва бу билан НАТОга “қўрқитиш сигнали бериш” – тескари иш берди.
Американинг кейинги уч президенти ўзларининг ташқи сиёсатида, асосан Хитой Халқ Республикасига қарши курашиш сиёсатини олиб боришмоқда эди. Лекин, Путиннинг кейинги ойлардаги ультиматумлари ва геосиёсий фаоллиги Вашингтон фокусини Пекиндан кўра Москвага кўпроқ қаратишга мажбур қилди.
Йилдан йилга дунё геосиёсатида худди 20-асрнинг иккинчи ярмидаги каби геосиёсий икки қутблилик шаклланиб бормоқда. Мафкуравий жиҳатдан, дунёда икки қутблилик йўқ. Чунки, бу қутбларнинг тўқнашуви замирида геомафкуралар эмас, геосиёсат ва геоиқтисод турибди. Лекин, структурасига кўра, икки қутблилик кузатилади. Асосий фарқ – ўтган сафар Вашингтон бошчилигидаги коллектив Ғарб билан “социалистик лагерь” лидери Москва курашган бўлса, бу сафар Россия Федерацияси бирламчи эмас, аслида иккиламчи ролда. Вашингтоннинг янги ва ўта салоҳиятли рақиби Пекин бўлиб, Хитой Халқ Республикасининг стратегик мақсади – дунёнинг биринчи иқтисодиёти ва сиёсий қудрати бўлишдир. Бунинг учун Пекин дунёга янги мафкура таклиф қилмайди, авторитаризмнинг ўзи яратган янги модели доирасида, дунё давлатларига Вашингтондан фарқли ҳамкорлик таклиф қилади.
Бу ҳамкорлик моделига кўра, инсон ҳуқуқлари, демократия ва ҳуқуқий давлатчилик талаб қилинмайди, сармоялар борасида ҳам талаблар анча паст, давлатларнинг авторитар бўлиши – Пекин назарида муаммо эмас, ютуқ ҳисобланади. Чунки, авторитар давлатлар дунё саҳнасида ўзлари учун қулай, бой ва қудратли ҳамкор, қолаверса, ҳимоячи излар экан, бу мақомни Пекин, табиийки, ўзида кўради.
Путин Россияси ўзининг глобал иқтисодий ва сиёсий қудрати, Пекинникига нисбатан анча чекланганлигини инобатга олса-да, оммавий сиёсатда, ўзини Хитой билан тенгма-тенг тутишга, ўзини Хитойнинг “укаси” эмас, тенгдош дўсти сифатида кўришга ҳаракат қилади.
Бошқача қилиб айтганда, коллектив Ғарб коалициясида ҳам кучлар иерархияси мавжуд бўлса, Пекин “командасида” ҳам, ўзини алоҳида куч сифатида тутишга ҳаракат қилаётган, лекин аслида Россия каби Хитой фикрини инобатга олишга мажбур бўлган давлатлар мавжуд.
Россия бугун ўзи бошлаган информацион кампаниянинг қурбони бўлди. У коллектив Ғарбни қўрқитаман деб қисман ниятига эришди. Коллектив Ғарб Россиядан қўрқди ва НАТО доирасида фаоллашди, жипслашди, лекин чекинмади. Мана шу фонда, дунёдаги қудратли ҳокимият марказлари, дунё давлатлари орасидан ўзлари учун команда йиғиш, шакллантиришни кучайтиришган.
Анъанага кўра, Лотин Америкаси давлатлари расмий Вашингтонга нисбатан яширинча ёки ошкора шубҳа билан қарашган. Чунки, яқин ўтмишда Вашингтонни бу минтақадаги фаолияти анча зиддиятли бўлган. Ушбу тарихий хотирадан фойдаланиб В.Путин Лотин Америкаси давлатлари билан яқинлашиш ва бу билан Вашингтонга “мана, мен ҳам сенинг қўшниларинг билан яқинлашиб, сен учун сиёсий муаммо яратишим мумкин” демоқчи бўлади.
Лекин бу сиёсатни амалга ошириш учун расмий Москванинг ресурслари етарли эмас. Россияда жозибадор мафкура, ижобий образ, янги технологиялар ва қудратли иқтисодиёт мавжуд эмас. Россиянинг ягона умиди – Лотин Америкасининг Вашингтонга нисбатан ишончсизлиги.
Бу ҳам, аслида анча заиф ресурс. Чунки, Лотин Америкаси давлатлари қанчалик Вашингтонга танқидий қарамасин, Америка билан ҳамкорлик бу минтақа учун, устувор бўлиб қолаверади. Бу дегани, Лотин Америкаси Россия бошчилигидаги аксиламерика коалициясига тўлиқ қўшила олмайди.
Камолиддин Раббимов
“Замин” янгиликларини “Инстаграм”да кузатиб боринг
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босингМавзуга оид янгиликлар
Рақобат қўмитаси биржада Аи-80 бензини бошланғич нархига чеклов ўрнатди
Шавкат Мирзиёев: “Фаластинлик болалар ва аёлларни беғараз даволашга тайёрмиз”
НАТО бош котиби Украинанинг фронтдаги аҳволи ёмонлашганини тан олди
Ҳар қандай катта ёшдаги киши етук эмас
Боррел ЕИнинг Исроил билан мулоқотини тўхтатишни таклиф қилди
Блинкен Исроилдан учта муаммони ҳал этишни талаб қилди
Эрдўғон Туркия Исроил билан алоқаларини узганини маълум қилди
Анчелотти: “Реал”да катта хатога йўл қўйдим. Бу менга катта дарс бўлди