Фото: Focus Washington
Россия март ойи охирида табиий газини сотиб олган Европа давлатларидан тўловларни доллар ёки еврода эмас, рублда амалга оширишни талаб қилган эди. Бир ой олдин бу жуда яхши келишув эди: Россиянинг Украина билан уруши ортидан рубль 40 фоизга тушиб, 1 доллар 139 рублгача тушиб кетганди.
Бироқ февраль ойидаги қулаш жараёнидан сўнг, Россия рубли кескин тикланди. 6 апрель куни эса рубль 84 рублга баҳоланиб, урушдан аввалги қийматига тўлиқ қайтди. 11 апрель ҳолатига кўра 1 доллар 81 рубль бўлмоқда. Шубҳасиз, рубль март ойида дунёдаги энг тез ўсган валюта бўлди.
Шунга қарамай, уруш бошланганда киритилган барча санкциялар ҳали ҳам амалда. Европа Иттифоқи ва бошқа давлатлар янада оғирроқ санкцияларни жорий этмоқчи. Жумладан, Ғарб мамлакатлари томонидан Россия кўмирига эмбарго қўйилди. Хўш, Россия қандай қилиб ўз валютасини қайта тиклашга муваффақ бўлди?
Рубльнинг тикланишига бир нечта сабаблар бор.
Табиий газ
АҚШ ва Европа киритган санкциялар фонида энг катта камчилик бу табиий газ эди. Европанинг бир қанча давлатлари Россия газига қарам бўлиб қолгани ва талабни қондириш учун муқобил етказиб берувчилар етарли эмаслиги сабабли газни сотиб олишда давом этмоқда.
Фото: Financial Times
Санкциялар эса Россия билан кўплаб соҳаларда алоқаларни узишга қаратилган эди. Бунинг оқибатида газ нархлари тарихдаги энг баланд даражага кўтарилди. Бир қанча давлатлар, жумладан, Япония Европага газ етказиб бериши мумкин.
Нефть ва табиий газ нархларининг ошиши, Россиянинг Хитой ва Ҳиндистон каби бошқа йирик иқтисодиётлар билан савдо алоқаларининг мустаҳкамлиги мамлакатга ҳали ҳам доимий хорижий валюта оқимини юзага келтирмоқда. Бу эса рубль курси кўтарилишига сабаблардан бири бўлди.
Қарзларни тўлаш
Яна бир эътибордан четда қолган жиҳат — суверен қарзни тўлаш. Россияга қўйилган энг катта ва энг таъсирли санкциялардан бири унинг хорижий ҳисобларини музлатиш эди. Россия бутун дунё банкларида 640 млрд долларга яқин евро, доллар, иена ва бошқа хорижий валюталарни сақлайди.
Бу миқдорнинг ярмига яқини АҚШ ва Европада жойлашган. Санкциялар Россиянинг ушбу пулга киришига тўсқинлик қилар эди.
АҚШ Ғазначилиги эса Россияга қарзларини тўлаши мақсадида банк ҳисобларидан фойдаланиш учун рухсат беришга мажбур бўлди. Апрель ойида бу тўхтатилиши режалаштирилган. Шунга қарамай, Россия биринчи бор 650 млн долларлик еврооблигацияларни рублда тўлади. Бу эса дефолт сифатида тан олиниши мумкин.
Молиявий омиллар
28 февраль куни Россия Марказий банки фоиз ставкаларини 20 фоизга оширди. Ўз рублларини сотиш ва доллар ёки евро сотиб олиш васвасасига тушган ҳар қандай рус энди бу пулни тежаши керак эди. Қанчалик кам рубль сотувга чиқарилса, валютага тушадиган босим шунчалик кам бўлади.
Кейинчалик ҳукумат россиялик тадбиркорларга бир нечта талаблар қўяди. Унга кўра, корхоналар чет элда топадиган ҳар қандай пулнинг 80 фоизи рублга алмаштирилиши керак.
Кремль, шунингдек, рус брокерларига хорижликларга тегишли қимматли қоғозларни сотишни тақиқловчи фармон чиқарди. Кўпгина хорижий инвесторлар Россиянинг корпоратив акциялари ва давлат облигацияларига эга. Санкциялар сабаб улар бу қимматли қоғозларни сотишлари мумкин эди. Буни тақиқлаш орқали ҳукумат қимматли қоғозлар ва облигациялар бозорларини мустаҳкамлаб, пулни мамлакат ичида сақламоқда. Буларнинг барчаси рублнинг тушиб кетишига йўл қўймаяпти.
Пул ўтказмаларига чекловлар
Россия фуқароларига ҳукумат томонидан чет элга пул ўтказишни чекловчи қарорлар қабул қилинди. Дастлабки тақиқда барча валюта кредитлари ва ўтказмалари тўхтатилиши айтилган эди. Бу мамлакатда чет эл валютасини ушлаб туришга хизмат қилди ва россияликларни рублни доллар ёки еврога сотишдан қайтарди.
Валюта босими эса кучайиб борди. Чет элга мунтазам равишда пул юборадиган россияликларга қулайликлар бериш учун ушбу чекловлар яқинда бироз енгиллаштирилди. Аммо жорий йил охиригача жисмоний шахслар 10 000 долларгача маблағларни чет элга жўнатиши мумкин.
Путиннинг қарори
Рубль мустаҳкамланишининг асосий сабабларидан бири Россия президенти Владимир Путиннинг санкция қўллаган мамлакатларга газни фақат рублда сотиш ҳақидаги қарори бўлди.
Фото: Reuters
- Маҳсулотларимизни Европа Иттифоқи, Америка Қўшма Штатларига етказиб бериб, тўловни доллар, евро ёки бошқа валютада олиш биз учун энди ҳеч қандай аҳамиятга эга эмас, — изоҳлайди Путин.
Табиий газ шартномаларида одатда евро ёки долларда тўлаш келишилган бўлади. Россия газини сотиб оладиган давлатлар эса катта рубль захирасига эга эмас. Путиннинг қарори ушбу давлатларни рублни сотиб олишга мажбур қилиши мумкин. Айнан шу сабабли рублга нисбатан талаб табиий равишда ошди.
Россия Марказий банки томонидан қабул қилинган ҳимоявий чоралар рубль учун ўзига хос кўприкдир. Агар Россия ва Украина уруши тугаб санкциялар бекор қилинса, рубль ҳозирги қийматини сақлаб қолиши мумкин. Рубльнинг яна бир бор қулаши эса инфляцияни кескин кўтарилишига ва рус халқининг оғир иқтисодий аҳволга солиб қўйиши мумкин.
Айрим чекловлар эса бекор қилиниши керак. Асосий фоиз ставкасининг 20 фоиз бўлиб туриши молиявий жиҳатдан иқтисодиётга жиддий зарар бўлади. Россия иқтисодиёти бу йил 8 фоиздан кўпроқ қисқариши, саноат ҳажмининг пасайиши кутилмоқда.
Россия дунёдаги энг йирик табиий газ ишлаб чиқарувчиси ва энг йирик экспортчисидир. Лекин у ягона манба эмас ва рус газининг харидорлари бошқа муқобил вариантларга мурожаат қилишлари мумкин. Россия газига тўловлар фақат рублда қабул қилиниши эса бу жараённи муқаррар ҳолатга олиб келади.
АҚШ аллақачон Европага табиий газ жўнатмоқда. Буюк Британия, Норвегия, Қатар ва Озарбайжон ҳам табиий газ етказиб бериши мумкин. Катта ҳажмдаги рус газини сотиб оладиган давлатлар бир кечада ундан воз кечолмайди. Бироқ бу жараён секин-аста содир бўлиши мумкин. “Замин” янгиликларини “Инстаграм”да кузатиб боринг
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босингМавзуга оид янгиликлар
Рақобат қўмитаси биржада Аи-80 бензини бошланғич нархига чеклов ўрнатди
Блинкен Исроилдан учта муаммони ҳал этишни талаб қилди
НАТО бош котиби Украинанинг фронтдаги аҳволи ёмонлашганини тан олди
Ҳар қандай катта ёшдаги киши етук эмас
Шавкат Мирзиёев: “Фаластинлик болалар ва аёлларни беғараз даволашга тайёрмиз”
Боррел ЕИнинг Исроил билан мулоқотини тўхтатишни таклиф қилди
Эрдўғон Туркия Исроил билан алоқаларини узганини маълум қилди
Қозоғистонда яна 1 млрд доллар ноқонуний активлар давлатга қайтарилди