08:15 / 21.03.2017
3 901

Бойликни сақлаб қолиш ҳақида: "Бу майдонда фақат параноикларгина омон қолади..."

Сармоячи ҳамда Wall Street Journal шарҳловчиси Морган Хаузел қандай сифатлар сармоячи ва корпорацияларга муваффақият чўққисида узоқ вақт қолишга ёрдам бериши борасида мулоҳаза юритади. Insider Pro шу мавзудаги мақоласи билан бўлишди.

Авраам Германски 1920-йилларда мультимиллионер, қурилиш магнати бўлган. Бундан ташқари, у биржа ўйинига қизиққан, у фонд буми даврида ўз маблағларининг катта қисмини акцияларга киритган. 1929 йилда бозорнинг таназзулга учраган вақти унинг учун ҳамма нарсанинг интиҳосидек туюлган.
Бойликни сақлаб қолиш ҳақида: "Бу майдонда фақат параноикларгина омон қолади..."
1929 йилнинг 24 октябрида Германски ғойиб бўлади. The New York Times 26 октябрдаги сонида Германскининг адвокати Бернард Сэндлер унинг қаердалигини билганлар хабар беришини сўралган қисқа эълонни чоп этган. Вазиятнинг нақадар фожиавийлигини етказиб берувчи атиги икки гап:

Ғойиб бўлган кишининг дўсти Германскининг бевасига уни пайшанба куни кечқурун Уолл-стритда биржа биноси ёнида кўрганини айтган. Унинг эри Бродвей томон йўналиб, тикер лентани парчалаб, уларни ҳавога улоқтираётган бўлган.

Тахминан худди шу пайт бошқа бир сармоячи худди шу шаҳарда мутлақо бошқача вазиятга дуч келган.

29 октябрда, Жесси Ливермор уйга қайтганида аёли уни юпатишга ва камтар ҳаёт тарзига қайтишга тайёр бўлган: у бозорнинг рекорд даражада тушишига оид янгиликлардан хабар топиб, уларнинг бор буди йўқ бўлган деган қарорга келиб бўлганди.

Бироқ Жесси ҳаммаси жойида эканлигини айтган. У биржада шундай ўйин қилганки, инқироз пайтида умрининг қолган қисмидан-да кўп пул йиғишга муваффақ бўлди.

"Айтмоқчисизки, биз касодга учрамадикми?", - дея сўради унинг аёли. "Йўқ, азизим, бу ҳаётимдаги энг яхши кун бўлди - биз мислсиз даражада бойиб кетдик ва энди истаганимизни қилишимиз мумкин", - дея жавоб берди у.

Ливермор бир кунда ҳозирги ҳисобда 3 миллиард долларга тенг пулни ишлаб олган эди.

Бир қараганда бу - бутунлай қарама-қарши ҳикоялар. Германски вайрон бўлди, Ли­вер­мор дунёдаги энг бадавлат кишига айланди. Бироқ атиги тўрт йилдан кейин унинг ҳикояси ҳам қайғули якун топади.

Ли­вер­мор фонд бозорида борган сари йирик ставкалар қилиб, пулларини йўқота бошлади. 1993 йилда вайрон бўлган ва уятдан ўзини қўярга жой топа олмаган сармоячи ғойиб бўлди. Турмуш ўртоғи уни қидиришга отланди. New York Times'нинг ўша йилги номерида шундай ёзувларни кўриш мумкин эди: "Жесси Л.Ливермор йўқолди, фонд бозори оператори, 1100 Парк Авеню. Уни охирги марта кеча кундузги соат 3 да кўришган". Ливермор қайтди, бироқ барибир бундай йўқотишдан ўзига кела олмади - ва охир-оқибат ўз жонига қасд қилди.

Ҳар хил вақтда бўлса-да, Германски ва Ливерморни бир тақдир кутган: бойиш - бу бир нарса. Бу бойликни сақлаб қолиш эса - мутлақо бошқа нарса.

Иқтисодиётда ҳамма нарса даврий тушунчага эга. Ҳеч қандай шарт-шароитлар абадий эмас: уларни яхши қилувчи кучлар эртами-кечми йўналишни қарама-қарши томонга буриб юборади.

Акциялар нархи кўтарилади, қимматбаҳо акциялар сармоячининг хато қилишга ҳаққи йўқлигини билдиради, бу эса бозорнинг касодга учраш эҳтимолини оширади. Акс вазиятда ҳам худди шундай. Рецессия сармоячиларнинг умидсизлигига сабаб бўлади. Умидсизлик эса ишлаб чиқаришнинг ёмонлашувига олиб келади, ишлаб чиқаришнинг ёмонлашуви етишмовчиликни келтириб чиқаради, етишмовчилик эса янги марраларга ундайди.

Муваффақиятни қўлга киритган одамлар ва компаниялар бир циклга боғланиб қолишади.

Қизиғи шундаки, бойликни сақлаб қолиш йўлидаги энг катта тўсиқ бойликнинг ўзи бўлиши мумкин.

Нима учун дейсизми? Бирор бир соҳада қанчалик муваффақият қозонсангиз, шунчалик ҳаммасини тўғри қилаётганингизга ишониб қоласиз. Бунга қанча кўп ишонсангиз, ўзгаришларга шунча кам тайёр бўласиз. Ўзгаришларга тайёр бўлмаслик эса эртами-кечми таназзулга юз тутиш эҳтимолини оширади.

Бойишнинг миллион хил усули бор, бойликни сақлаб қолишнинг эса биргина йўли бор: кўпинча паранояга етиб борувчи камтарлик. Яна бир қизиқ жиҳат шундан иборатки, камтарликка бойликдек зиён етказадиган нарса бўлмаса керак.

Айнан шунинг учун компанияларнинг Dow Jones рейтинги таркиби мунтазам равишда ўзгариб туради, Forbes миллиардерлари рўйхати эса 10 йил ичида тахминан 60 фоизга янгиланади.

Intel асосчиси Энди Гроув шундай деган: "Муваффақиятли бизнеснинг инқироз уруғи ўзи билан бирга бўлади". Бирор вазиятга тез муносабат билдириш ва унга ҳар томонлама қарашнинг ўрнини ўзига бўлган ишонч ва одатий тартибни сақлаб қолишга бўлган интилиш эгаллайди. Harvard Business Review 1996 йилда Grove компанияси бошқаруви фалсафаси ҳақида қуйидагича ёзган:

"Гроув қўрқув муайян даражада фойдали, деб ҳисоблайди, айниқса, муваффақиятга эришиб бўлган компаниялар учун. Қўрқув ўз-ўзидан мамнунлик ҳиссига қарши курашувчи ва охир-оқибат омад келитирувчи ажойиб ечим бўлиши мумкин. Параноянинг енгил нотаси - бутун дунёни сизга қаршиликда гумон қилиш - Grove фалсафаси шуни тавсия қилади".

Чарли Роуз кунлардан бир кун миллиардер Майкл Мориц, Sequoia Capital раҳбаридан нима учун унинг компанияси бу қадар муваффақиятли эканини сўради. Мориц баъзи венчур фирмалар 5 ёки 10 йил яхши ишлаши, лекин Sequoia 40 йилдан бери муваффақиятли фаолият юритаётганига ишора қилди. Роузнинг саволига у қуйидагича жавоб берди:

Мориц: Ўйлашимча, биз доим ишсиз қолишдан қўрқамиз.

Роуз: Ростданми? Унда бу қўрқувми? Бундан чиқди, фақат параноиклар омон қолар эканда?

Мориц: Бунда ҳақиқат кўп... Биз эртанги кун кечагидек бўлмаслигига умид қиламиз. Биз тинчлана олмаймиз. Биз кечаги муваффақият эртанги омадни келтиришини кутиб ўтира олмаймиз.

Бозорни тушуниш ё ҳатто оғир меҳнат ҳам эмас. Қўрқув ва камтарлик.


Камтарлик сизнинг таваккалдан қочишингиз кераклигини билдирмайди. Sequoia бугун ҳам 30 йил аввалгидек таваккал қилади. Бироқ у кеча иш берган усуллар эртага қўл келишига ҳеч ким кафолат бера олмаслигини яхши тушуниб етган ҳолда, бу ишни янги соҳаларда, янгича ёндашувлар ва янги ҳамкорлар билан амалга оширади.

IBM ва Xerox қурилма таъминотидан хизматлар сотувига ўтганда шундай қилишди.

Netflix оқимли эшиттиришга сармоя киритиб, DVD-бизнесига чек қўйганида шундай йўл тутган.

General Electrics ўз лампалари билан машҳур фирмадан идиш ювиш машиналари ишлаб чиқарувчиси, кейин банк, ундан кейин эса шамол энергияси етказувчисига айланганида тахминан ҳар 20 йилда ўз ёндашувини ўзгартирган.

Бу компанияларнинг ҳар бири маълум бир вақтда тўхтаб, ҳаммаси тўғри деган қарор чиқариб, тинчланиши мумкин эди - бироқ улар буларнинг барчасини йўқотмаслик учун бундай қилишмади. Улар бироз параноик, сабрсиз ва ривожланиб бораётган дунёдан қолишмаслик учун аввалги муваффақиятларидан воз кечишга тайёр бўлишган. Бу осон эмас, албатта.

Одамлар бир неча ўн йиллаб Coke, Gillette ва American Express компанияларини мутлақо ўзгармас компаниялар сифатида намуна қилиб кўрсатишган. Бироқ ҳозир бу компанияларнинг барчаси сезиларли қийинчиликларни бошдан кечирмоқда. Coca-Cola 13 йилдан буён талаб камайиши билан курашиб келмоқда. Dollar Shave Club қаердандир пайдо бўлиб, Gillette'нинг бозордаги 14 фоиз улушини тортиб олди. AmEx'нинг энг йирик сармоячилариидан бири Чарли Мангер шу ҳафтада "Агар 10 йилдан кейинги тўлов тизимининг ҳолатини тасаввур қила оламан деб ўйласангиз, жуда қаттиқ адашасиз", деб айтди. Фақат параноиклар омон қолади.

Биз Авраам Германски ҳақида оз маълумотга эгамиз - фақат унинг бойлигини йўқотгани-ю, "синиб", ғойиб бўлгани маълум. Бироқ биз ҳаёти ҳужжатлаштирилган Ливермор ҳақида кўпроқ нарса биламиз.

Ливермор қандай бойиш мумкинлигини яхши билган. Бироқ XX аср бошида ўз давлатини сақлаб қолиш ҳамманинг ҳам қўлидан келмаган. У мол-дунё тўплаб, кейин охирги тийинигача йўқотган, шундай ҳолат камида тўрт маротаба такрорланган ва уларнинг бирортаси саккиз йилдан ортмаган.

Ливермор учинчи таназзулдан кейин ўз хатосини тан олди: муваффақият унинг ўзига бўлган ишончини ошириб юборганди, бу туйғу эски усулларни ўзгартирмаган ҳолда ставкаларни оширишга чорлаган ва ҳар сафар жар ёқасига олиб келган, чунки дунё ўзгараётган, бозор эса унга қарши позицияга ўтаётган бўлган.

"Мен баъзан манманлик жуда қимматга тушадиган хавфли сабоқ эканлиги ҳақида ўйлаб қоламан. Кўплаб ажойиб шахсларнинг таназзули айнан манманлик туфайли юз берган. Бу - ҳар бир инсонга жуда қимматга тушадиган касаллик", - дейди у.

Манба: Кун.уз

arenda kvartira tashkent

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Ҳаёт учун » Бойликни сақлаб қолиш ҳақида: "Бу майдонда фақат параноикларгина омон қолади..."