Мақола муаллифи марҳум санъаткор Обид Асомов ҳақидаги таниқли шахсларнинг мулоҳазалари билан бирга қизиқчининг ижодига ўз муносабатини ҳам билдириб ўтади.
Чиқишларидан бирида “Ўлим ҳақ. Барчамиз бир куни ўламиз” деб, “ўзи кам сонли қизиқчиларнинг янада камайиб бораётганидан” куйинган Обид Асомовнинг ўзи ҳам бу дунёни тарк этди. Ижтимоий тармоқларда, интернет сайтларида таниқли сўз устасини хотирлаб яхши хотиралар айтилди. ТВда Обид Асомов хотирасига бағишланган фильм ҳам намойиш этилган.
14 декабрь куни ўткир инфаркт туфайли оламдан ўтган Обид Асомов нафақат қизиқчи, талантли актёр ва моҳир рассом бўлган.
Таниқли журналист, шоир Карим Баҳриев шундай хотирлайди: “Бир замонлар Булат Окуджава: "Шоирларни асранглар, илтимос, шоирларни асранглар... Ҳали Дантеслар тирик" деб халққа ва ҳокимиятга мурожаат шеър ёзганди. Мен уни таржима ҳам қилганман. Бугун айтаман: "Артистларни асранглар..."
Обиджон менга тенгдош эди. Ёшлигида рассом эди, редакцияга расм олиб келарди ва илк карикатураларини 1985-1986 йилларда "Адабиёт" газетасининг “Шум бола чойхонаси” саҳифасида илк бор чиқарганман. Кейин Лион Измайлов ҳажвияларининг таржимасини берганмиз. Шу тариқа уларни ижро қилиб, сатирага ўтиб кетганди”.
Обид Асомов ҳақида Ўзбекистон халқ шоири Хуршид Даврон: “Обид Асомов нафақат қизиқчи актёр, шу билан баробар дурустгина рассом ҳам эди. Энг муҳими, у яхши инсон эди”, деб эслайди. “Обиджон ўз йўналишидаги санъат оламида мен катта ҳурмат билан билан қараган санъаткор эди. "Ёшлар" телеканалининг дастлабки йилларида Обиджон билан "Обид-шоу" телелойиҳаси орқали танишиб, анча яқинлашиб қолган эдик. Истеъдодли режиссёр Адҳам Усмонов билан Обиджон туфайли пайдо бўлиб, ўзбек томошабинининг севимли телевизион дастурига айланган мазкур телелойиҳа шунча вақт ўтиб ҳам ўзига хослиги туфайли ҳалигача унутилмади”.
Ёзувчи Мурод Муҳаммад Дўст бир интервьюсида: “Кўп фильмларимнинг сценарийсини Обидга мослаб ёзганман. Менинг қаҳрамонларимнинг характерини у зўр очиб бера олади”, деган эди Обид Асомовнинг актёрлик маҳорати ҳақида гапираркан.
“Обид Асомовнинг сўнгги йиллардаги ижоди менга ёқмаган. Кўп танқид ҳам қилганман. Лекин хатоимиз шундаки, биз ижодкорларнинг ижодини танқид қилишда уларнинг шахсиятига ҳам ўтамиз. Қизиқчими, демак, жиддий одам эмас, ҳар қанча гапирсак бўлаверади, деб ҳам ўйлаймиз, жумладан, мен ҳам шундай хатолар қилган бўлишим аниқ. Аммо улар ҳам сиз билан бизга ўхшаган ҳаёт кечиради, улар ҳам нимадандир хафа бўлади, сиқилади, касал бўлади. Ўлади. Касбидан ташқари, худди бизга ўхшаган оддий инсон. Нафақат қизиқчилар, умуман, атрофимизда юрган ҳар қандай инсонга нисбатан баҳо беришда, унинг ҳам ўз дарди, ташвишлари борлигини эсдан чиқармаслик керак”, дейди журналист Қаҳрамон Асланов.
Марҳум санъаткорнинг 2016 йил "Америка овози" нашрига берган интервьюсини кўрдим. Санъаткор "1996 йилдан бошлаб мавзулар чегаралана бошлаганидан" нолиган экан. Танқидсиз юмор бўлмаслигини гапирган. Ҳамма гап шунда. Маиший кулги ҳеч ким учун қизиқ эмас. Биз бунга "бачканалик" деб ном қўйганмиз. Азалдан юмор танқид қуроли бўлиб хизмат қилган. Ҳозир одамлар фақат бепарда ҳангомаларга кулади. Қизиқчиларнинг уятсиз ҳазиллари ҳам шундан "хамиртуруш" олади. Масхарабоз ёки девона образлари адабиётда ҳам айтиш мумкин бўлмаган гапларни айта олиш функциясини бажарган.
Асомовни дастлаб халққа машҳур қилган "Обид-А" театрида ҳақиқий юморни кўриш мумкин эди. Театр жамиятимизнинг турли муаммо ва қусурларини ҳажв қилар эди. Шундай миниатюралардан бирида Робинзон Крузо бизнинг замонимиз ва маконимизда пайдо бўлиб қолади. Робинзон – кулги ортидаги оғриқларни ифодалаш учун ўйлаб топилган ниқоб.
Обид Асомовнинг ҳазиллари кейинги йилларда анча маишийлашиб, саёзлашиб кетгани – бор гап. Аксар ҳазиллари уят пардасидан холи, эр ва хотин ўртасидаги кунда-шунда бўлиб турадиган воқеаларнинг қичитқи қўшилган кулгили талқинига айланиб қолганди. Аммо маҳорат ва талант сезилиб турарди.
Лекин кузатиб билганим, ўзбек журналистикаси Обид Асомов шахсиятига кириб бора олмаган. Кўпчилик суҳбатлар, интервьюлар фақатгина ҳазил-ҳузул гаплардан иборат.
Узоқ йиллар Обид Асомов ТВ саҳнасида кўринмай қолди, концерт бермади, турли миш-мишлар тарқалди. Кейинчалик Россия телевидениесидаги "Кривое зеркало" ҳажвий дастурида иштирок эта бошлади. Охирги икки йил ичида у яна ўзбек саҳнаси ва телеэкранларга қайтганди.
Обид Асомов ижтимоий тармоқлар орқали жамиятда бўлаётган воқеликларга муносабат билдириб турган. Уларнинг ичида, айниқса, “Наҳотки бизнинг ўзбек миллатимиз шу даражада оғзи шалоқ бўлиб кетди?” номли видеомурожаат шов-шувга сабаб бўлган.
Ўтган йили Обид Асомов узоқ танаффусдан сўнг “Халқлар дўстлиги” санъат саройида “Сизларни соғиндим” номли концерт дастурини тақдим этди. Концертдаги ҳазилларни кузатарканман, “Чойхонага аёллар боролмайди. У ер антисанитар жой, лекин биз эркакларга шу ёқади, дастурхоннинг йиртилмаган жойи йўқ, кўрпача шу қадар эски, 1917 йил бу кўрпачага Ҳамза Ҳакимзода Ниёзий ўтирган”, “Сеулга бордим, вой-вуй, корейс жуда кўп экан-э”, “Ўзбек аёли умуман касал бўлмайди, “ўтиб кетади, ўтиб кетади” деб юраверади кайфи бор одамга ўхшаб” каби ҳазиллари жуда майда ҳазил бўлиб туюлмади.
Бундан кўп йиллар олдин берган бир концертида ўзининг ижодий биографиясини кичик юморда айтиб берган: “Болалигимда ўқитувчим уришарди “Асомов, гап сотма”, “Асомов, гап сотма” деб. Лекин мен унинг айтганини қилмадим, мана, 30 йилдан бери гап сотиб, пул олиб тирикчилик қилиб юрибман”. Сотган гапи эса ўзимизнинг юзимизга тутилган ойна эди. Ана шу “гап сотиб” яшаган қизиқчининг оғриқлари бизни кулдиради.
Обид Асомов ўзининг латифалари, халқнинг тили ва дилига кўчган ҳазилларида яшайверади.
Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист Обид Асомов 14 декабрь куни Тошкентдаги 1-шаҳар клиник шифохонасида 55 ёшда вафот этди. Обид Асомов 1963 йилда Тошкентда туғилган. Тошкент театр ва рассомчилик институтида таҳсил олган, 1993 йилда "Обид-А" театрига асос солган. "Кулол ва хурмача", "Алпомиш", "Дев ва пакана", "Тоҳир ва Зуҳра (замонавий талқин)" каби фильмларда суратга тушган. 2000 йиллар охиридан бошлаб россиялик таниқли юморист Евгений Петросяннинг таклифига кўра, "Кривое зеркало" телешоусида қатнашди. У 2018 йил майида "Мультипликацион фильмлар студияси"га директор этиб тайинланган эди.
Хуршид Серобов
Манба: Turon24.uz “Замин” янгиликларини “Twitter”да кузатиб боринг
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босингМавзуга оид янгиликлар
Эрон Исроил билан кенг кўламли урушга тайёрлигини маълум қилди
Грецияда минглаб одамлар НАТОга қарши намойиш ўтказди
Энди «Доимий яшаш жойига рўйхатга қўйиш» қулайлашди (видео)
Эрдўғон: “Туркия Ғазо можароси тугамагунча Фаластинни қўллаб-қувватлайди”
Медведев Россия НАТО ҳарбий базаларига зарба йўллаши мумкинлигини истисно қилмади
100 млн сўмгача бўлган кредитлар соддалаштирилган тартибда ажратилади
Организмда қайси турдаги витамин етишмаётганини қандай аниқлаш мумкин?
Германия разведкаси раҳбари: “Россия яқин йилларда НАТОга ҳужум қилиши мумкин”