18:27 / 27.12.2018
4 738

Гўр азоби… (9-қисм) (мистика)

Гўр азоби… (9-қисм) (мистика)
Хотиним соч турмагини ўзгартирибди. Юз-кўзларига керагича бўёқ чаплабди. Унинг ёнида эса Сарвиноз қизим бош эгиб ўтирар, онаси унга нималарнидир уқтирарди.

Очиғи, телевизорнинг варанглаган товуши менга яқинларимнинг суҳбатини эшитиш учун имкон бермаётганди. Тезроқ телевизорни ўчириб қўйишларини тилаб уларни бир неча маротаба айланиб ўтдим. Аммо хотиним ҳам, қизим ҳам қимир этмади. Демак, улар мен келганимни пайқашмади. Хўш, нима қилсам бўлади? Улар суҳбатга шу қадар берилиб кетишганки, ҳатто телевизордаги яллачининг ашуласи ҳам қулоқларига кирмаётгандек. Унда нега телевизорни варанглатиб олишди? Ўчириб кейин гаплашишса бўлади-ку! Йўқ, нимадир қилиш керак. Сарвинознинг яқиндагина қилиб қўйган иши ҳануз кўз ўнгимдан кетмаяпти. Агар билса, ундан жуда хафаман. Келиб-келиб менинг югурдагим, зотининг тайини йўқ қўриқчим билан дон олишиши мени жуда ранжитганди ўша куни…

Нима бўларкин деб бир неча марта йўталиб кўрдим. Фойдаси бўлмади. Суҳбат давом этаверди, яллачи ашула айтишни бас қилмади.

Азбаройи аламим келганидан бор овозда бақирдим. Яна наф бермади. Очлик эса мени баттар забтига олиб, ҳолим қуриб бораётганини аниқ-тиниқ ҳис эта бошлагандим. Ўйлай-ўйлай, охири топдим. Адашмасам, қайсидир кинодами, кўрсатувдами, кўзим тушган. Арвоҳ кечаси худди мен каби уйига кириб келган-у, манавинга ўхшаб варанглаётган телевизорни бир ишора билан ўчириб қўйган. Кетидан уй чироғини, газни ўчирган. Демак, арвоҳлар бу ишни уддалай олишади. Аммо қандай? Телевизор пультини қўлимда тута олмайман, буни биламан. Яқин бориб тугмачасига қўл юборишим ҳам фойда бермайди. Чунки мен ҳозирги ҳолатимда одам эмас, одамнинг арвоҳиман холос. Арвоҳлар эса қўли билан ниманидир тутиш, кўтаришдан мосуво бўлишади. Ундан чиқди, ишорани ишга солиб кўраман…

Мен титроқлар тобора кучая бораётганига эътибор қаратмасликка уриниб ўнг қўлимни олдинга узатиб бир силтадим. Не кўз билан кўрайки, телевизор ўчди, ҳа, ўчди!..

Қувончдан сакраб кетдим. Гўё телба каби хотиним ва қизимни айланиб рақс туша кетдим. Очликни ҳам унутдим. Лекин бу вақтинча эди. Очлик барибир мендан устун эди. Рақс тушишдан тўхтаб яқинларимнинг ҳолатига разм солдим.

— Вой, Сарвиноз, нега телевизор ўчиб қолди? — сўради хотиним эҳтиёткорлик билан ўрнидан тураркан. — Чироқлар ўчмаган-ку! Ё сен ўчирдингми?

— Қизиқчимисиз? — деди Сарвиноз елка қисиб. — Пульт ҳов ана, хонтахтанинг тагида ётибди.

— Ёқ унда! Зўр ашула бўлаётганди-я!

Сарвиноз кўнгли ниманидир сеза бошладими, эҳтиёткорлик билан ўрнидан қўзғалди-ю, хонтахта устидаги пультни қўлига олиб телевизорни ёқди. Бироқ мен дарҳол яна қўл ишораси билан телевизорни ўчириб қўйдим.

— Ойи, бу телевизорнинг томи кетиб қолган шекилли, — деди Сарвиноз пульт тугмачасига қайтадан қўл юбориб. — Қаранг, мана, ёқдим-а? Энди қараб туринг, ҳозир ўчиб қолади…

Сарвиноз ҳақ эди. Мен телевизор ёниши билан ўчириб қўявердим.

— Майли, қўявер, оти ўчсин, — қўл силтади хотиним. — Эртага Нозимжонга айтарсан, тузатиб беради.

Нозимжон кимлигини биламан. Ўша ифлос менинг қўриқчим эди. Худди ўша Нозим Сарвиноз қизимни йўлдан уриб қўйнига кирганди. Демак, буни хотиним ҳам биларкан-да! Ўзи уюштирган экан-да! Эҳ, дунё шунчалар бевафо бўладими, ахир? Бир умр шу нон емасларни деб елиб югурдим, керак бўлса, ўғирлик қилдим, наркотик сотдим, одам ўлдирдим. Нимаики қилган бўлсам, шулар камлик кўрмасин, оила оиладай бўлсин, дастурхондан ноз-неъмат аримасин, яхши ейишсин, кийишсин, қиммат машиналарда юришсин деб жон фидо қилдим…

Ҳа-а, мана шу ярамас хотиним нуқул менга муҳаббат изҳор қилиб чарчамасди. Илондай қўйнимга эшилиб кириб, яна шундай чиқиб кетарди. Ҳаммаси ёлғон экан. Мана, очликдан силлам қуриб уйимга келгандим. Биронтаси келганимни сезса, безовталигимни, азобда қолганимни пайқаса, дуои-фотиҳа қилармикан, мени хотиржам торттирармикан, ҳеч бўлмаса нариги дунёда бахтли яшашимда кўмаклашармикан, деган ниятда эдим. Бир пул экан ўйлаганларим, умидларим. Сезиш тугул эслаб ҳам қўймаётган экан бу текинхўрлар…

— Нега бу қандни единг? — бақирдим кутилмаганда уй пардаларини уёқдан-буёққа силтаб. — Мен келдим, эшитяпсанми, ифлослар, мен! Менга қараларинг! Нега бузуқлик қиляпсанлар? Сенларни шу ниятда боққанмидим?..

Бахтга қарши улар мени умуман эшитишмасди. Аксига олгандек қанча силтамай, уй пардаси номигагина қимирлаб қўяр, бир парча мато ҳам мени менсимаётгани, бўйсунмаётгани алам қиларди.

Шу тобда рўпарамда тўсатдан иблис пайдо бўлди. Унинг кўзлари чақнар, оғзи қулоғида эди.

— Қайғурма-а, — деди у мени аста ортга етаклаб. — Нега жаҳл қиласан? Жонингда қасдинг борми, нодон? Бундай йўл тутмайдилар ақлли одамлар.

— Қандай йўл тутадилар? — алам ва зарда аралаш сўрадим иблисдан. — Сен қаердан пайдо бўла қолдинг? Пишириб қўйибдими менинг уйимда?

— Ие, ахир, сенинг чин дўстинг менман-ку ҳозир! Оғир кунингда ёрдам бермасам, нима қилиб юрибман?

— Хўш, қандай ёрдам бермоқчисан?

— Биринчидан, — деди иблис. — Қабристондаги қорин тўйдираётганларга бекор ҳавас қилдинг. Уларнинг емиши омонат. Сен оч юришга, шунда ҳам кучдан қолмасликка кўникишинг керак. Ана шунда ҳеч бир арвоҳ иштаҳангни қўзғата олмайди. Бу емишлар омонат, ҳа, бугун бор-у, эртага йўқ. Ишон, менга қулоқ тутсанг, кам бўлмайсан. Эсла, илгариям бу гапни айтгандим сенга. Тирик эканингда қоп-қоп пул топдинг. Ўшандаям мен ёнингда бўлдим, сенга хиёнат қилмадим. Ҳатто пулларингни ярим кечалари санаб чиққанингдаям эринмасдан, оғринмасдан рўпарангда ўтирганман. Унутдингми? Товушсиз, миянгга кирволиб йўл-йўриқ кўрсатганларим эсингдан чиқдими? Буям майли. Қамалишингга бир баҳя қолганди. Агар мен бўлмасам, ҳозир ўлмасдан, қамоқ жазосини тортиб ўтирган бўлардинг. Барибир манави уйингдагилар учун ҳеч кимга айланардинг. Булар ҳатто қамоқхонага овқат ҳам олиб боришмасди. Унутишарди, сенга далда бўлиш ўрнига пулларингни бўлишишга тушишарди. Мана, бўлишдиям. Яримдан кўп бойлигингни қизинг ўйнашига хатлаб қўйган. Бундан хабаринг йўқ. Ҳамма бойликларингни талон-тарож қилиб бўлишди. Сен бўлсанг, булардан қаёқдаги дуоларни тилаб ўтирибсан. Бундай дуолар сеникига ўхшаганларда бўлмайди. Уларга қашшоқлар, бир бурда нонни эртадан кечгача аҳмоқдек тер тўкиб ишлаб топадиганлар эгалик қилишади. Ўйла, каллани ишлат, дуога ҳаётда қорин тўймайди. Шунинг учун унут уни! Манавиларга қандай жазо бериш йўлини ўйла!

— Мен қандай жазо бера олардим, — дедим иблиснинг гапларидан сўнг бўшашганча уй бурчагига чўкарканман. — Ожизман мен, ожиз! Гапимни эшитишмаса, бақирсам ҳам бир туки сесканмаса…

— Сен ожиз эмассан! — деди янада жонланиб иблис. — Аксинча, кучлисан. Сен ўта ёвуз ва даҳшатли арвоҳсан. Бу қудратдан менинг маслаҳатимга қулоқ тутсанггина тўғри фойдалана оласан.

— Хўш, нима қилишим керак?

— Анави хотинчангни бўғасан уйқуси орасида. Шундай бўғасанки, нафаси ичига тушсин! Шундагина аламдан чиқасан, мақсадга етасан. Бақириб, қичқириб ўзингни абгор этма! Ҳали сен менга кў-ўп керак бўласан, нодон!..

— Тўғри айтасан, — дедим иблиснинг таклифи маъқул келгандек. — Бу текинтомоқларнинг кўзини шу йўл билангина очиш мумкин! Ақлингга балли! Майли, мен ёвуз арвоҳ бўлсам, ёвузлигимча қолай. Лекин ўлимимдан кейин буларнинг аблаҳлик қилишларига, мени оёқости қилишларига йўл қўймайман! Мени бир сония бўлсин эслашга, хотирлашга ярашмадими, менам тек турмайман. Ўч оламан! Интиқом яқин! Мен зулмат қўйнида, елимлар, мушт-у таҳқирлашлар чангалида юрсам-у, булар менга кўмак беришни хоҳлашмаса, жавобим бошқача бўлади. Туғилганига пушаймон қиламан. Билдим, қизим ҳам, хотиним ҳам, қариндош-уруғим ҳам менга дўстлик қилмаскан. Мен ҳам дўстлик қилмайман уларга. Хўш, нимадан бошлаймиз, ошна, ҳужумни?..

Иблис бу гапимдан сўнг ҳиринг-ҳиринг кулганча ташқарига ишора қилди.

— Ҳозир қизингнинг ётоғига кирасан, — деди у. — Қўриқчинг боягина келди. Икковлари айшни бошлаб юборишган. Бошланишига каравотни силтаб ташлайсан! Йўқ, силташга ҳожат йўқ. Адашмасам, улар аллақачон уйқуга ётишган. Бўғасан қизингни! Шундай бўғасанки, тун бўйи ўтириб, юриб, қон йиғлаб чиқсин! Сендек отани оёқости қилган қизнинг жазоси шу.

— Шунда мени эслайдими? — сўрадим иблисга умидвор боқиб. — Келганимни сезадими?

— Қаердан ҳам сезарди? Яқинларинг ҳам ўзимиздан, ошна! Ҳаммаси бирдай худосизлар! Менинг ака-укаларимдан қайсиларидир бошқаряпти уларни. Аммо мен ака-укаларимга сўзимни ўтказа олмайман. Шундай экан, қўрқма, ўйланма, иккиланма! Кўмганда сезишади сени! Ҳозир ўч олиш пайида бўл. Тинчланасан, енгил тортасан.

Иблиснинг гаплари менга қайта жон бағишлаган каби сергак тортдим. Олдин хотиним ётган хонага мўраладим-у, ундан кейинроқ аламимни олишга аҳд қилиб Сарвинознинг хонасига йўл олдим.

Иблис ҳақ эди. Ўтган галдагидек қўриқчим иккаласи қучоқлашганча ухлашарди. Хона чироғи ўчирилган бўлса-да, мен уларни худди кундуздагидек аниқ-тиниқ кўриб турардим.

— Хўш, қандай бўғаман? — сўрадим иблисдан. — Қўлларим тирикларни тута олмайди, буни биламан. Нима қилсам бўға оламан?

— Қўл теккизишингга сира ҳожат йўқ, — деди иблис ҳануз ҳиринглаб. — Чап қўлингни узат-да, хаёлан қизингнинг чап қўлини томоқларига ўра, чирмаштир! Маҳкамроқ, кучлироқ чирмашсин қўли! Натижасини ўзинг кўрасан.

— Ўлиб қолмайдими қизим?

— Жиннимисан? Сеникилар тегирмонга тушса, тирик чиқади. Ўлиб қолмайдими эмиш. Улар ўзларини жа яхши кўришади. Ўлиб бўпти!..

Мен иблис тайинлагандек чап қўлимни қизим тарафга узатдим-да, хаёлан унинг нозик қўлини томоғига чирмаштира бошладим. Оҳ, мана буни қудрат деса бўлади. Мен ўлганимдан бери бу қадар қудратга эга эканимни билмаган эканман. Қаттиқроқ чирмаштирганим сайин қизим аввалига чуқур ҳарсиллади. Кейин эса хириллаб жонҳолатда силтана бошлади…
(давоми бор)

Манба: Hordiq.uz

arenda kvartira tashkent

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Ҳаёт учун » Гўр азоби… (9-қисм) (мистика)