Бугунги кунда ўзбекистонлик меҳнат муҳожирлари дунёнинг турли мамлакатларида қонуний ёки ноқонуний ҳолатда бўлсин, оиласига 4-5 сўм юбориш илинжида меҳнат қилиб келишмоқда. Бу муаммо давлат раҳбарияти томонидан ҳам эътироф этилиб, уларга қулайликлар ва муносиб шароитлар барпо қилиш, қийналиб қолган ҳамда вафот этган ватандошларни Ўзбекистонга олиб келиш борасида фармон ва қарорлар қабул қилинмоқда.
Ўзбекистонлик меҳнат муҳожирларининг энг йирик «контингенти», шубҳасиз, Россияда. Шунингдек, Туркия, Жанубий Корея, БАА, Европа, АҚШ ва бошқа мамлакатларда ҳам меҳнат қилаётган ўзбеклар кўпчиликни ташкил этади.
Туркияда ишлаётган ўзбекларнинг айримлари билан учрашиб, уларнинг меҳнат шароитлари, уларни қийнаётган муаммоларга қизиқдик. Ўзбекистонда ҳамшира бўлиб ишлаган, сўнгги 2 йил давомида туркиялик кекса кишиларга қараган ватандошимиз нима учун Туркияга келишга қарор қилгани ва бу мамлакатда иш топиш жараёнлари, шунингдек, қандай шарт эвазига ватанга қайтиши мумкинлиги ҳақида ҳикоя қилди.
— Шу ердаги маошни Ўзбекистонда беришса, қайтиб борган бўлармидингиз?
— Ҳаётда келмасдим. Нафақат Туркия, Ўзбекистоннинг остонасидан қадам хатлаб чиқмасдим. Бу ерда 500 доллар ойликка ишлаймиз. [Ўзбекистонда] бизга 300 доллар берсин. 2 млн [сўм] берсин, 200 доллар бўлади. 2 млн ойлик берса, ҳозир қизларимни жўнатиб юбораман. Менга берсин шу ойликни, мен кетаман. Эримга берганида ҳам кўчага чиқиб ишламас эдим.
Қизим ҳамшира, ўзим ҳамшира. Ҳамшираларнинг ойлигини бир суриштириб кўринг-чи?! Категория олиши учун 300 доллар сарфладим, қизимга. Яна коррупцияга қарши кураш, дейишяпти. Ҳечам коррупция йўқолгани йўқ. Шу ердан 500 доллар жўнатдим. 300 доллар пора берди, 200 долларга малака оширди. 0,25 ставкага ишга қабул қилди тез ёрдамга. Ундаям ҳайдовчи эркак, шифокор эркак, деб куёвим чиқариб олди. 0,25 ставканинг ойлиги ҳеч қанча эмас, 400 минг сўмга ҳам етмас экан. Энди у нима бўлади? Ўртача ойликни 2 млн сўм қилиб қўйсин, ҳеч ким келмайди. Осонмас бу ерда. Соғинч эзиб ташлайди одамни. Бир кунда 10 марта қўнғироқ қиламан уйимга.
Келишимга йўқчилик сабаб бўлган. Эрим қоровул бўлиб ишлайди. Пенсия учун ишлаяпти, тўғриси. 3 фарзандим бор. Катта қизимни чиқарганимда ўзимизга тўқ яшардик. Савдогарлик қилардим. Кейин банкрот бўлдим. Мен Туркияга келмасдан аввал, эрим 360 минг сўм ойлик оларди. Ўшандаям ёғ 5 минг сўм [1 литр ёғ] эди. Энди ҳисоб-китоб қилинг ўзингиз. Савдогарлик қилган вақтимда олган нарсаларимни сотиб едик. Қирғизистондан юк чиқарардик. Кейин Қирғизистон [чегара] ҳам ёпилиб кетди...
Қўшниларимнинг «Туркияга борганлар ундоқ бўлиб кетаркан, бундоқ бўлиб кетаркан» деган гап-сўзларини эшитиб, қуда-андали бўлганда Туркияга боришим ҳам бормиди, деб келмай юрдим. Кейинроқ, бир ўзим келишга юрагим бетламай, қарзга кириб қолган қариндош опам билан бирга келдим. Опам Бурсага кетиб 1 йил кампир боқди, мен Денизлида 80га кирган ҳарбий чолга қарадим. Улар 6 ой кўчага чиқармай, сақлади. «Сен менга омонатсан, болаларингнинг олдига соғ-саломат юборишим керак, бу ерда ҳар хил одам бор», деб кўчага чиқармади.
«Туркиядаги муҳожир аёллар ҳақида Ўзбекистонда юрадиган узун-қулоқ гаплар»
— Кўп эмас. 1-2 мингдан битта чиқиб қолар. Мен ҳам эшитдим, аммо кўзим билан кўрганим йўқ. 4 киши, 1 чол, 3 кампирга қарабман. Туркияда яхши одамлар жуда кўп. Мен ёмонларига рўпара келмадим, Аллоҳга беҳисоб шукр қиламан. Турклар биринчи куни ойликни олишингиз керакми, шу куни эрталаб етказиб келади. Мисол, чол боқсак, унинг ўғли патрон (иш берувчи) биринчида келолмаса, 2 кун олдин ота-онасига пулни ташлаб кетади. Ҳар ҳафта «изн»га чиқсак (рухсат сўраб, шаҳар айланишга), йўлкира ва еб-ичишимиз учун пул беради. Қаерда топилади бунақа иш?
Лекин қанақа оилада ишлашга ҳам боғлиқ. Номусли оилага тушсангиз, сизни ҳам ўзининг номуси қаторида ҳимоя қилади. Телефонда бегоналар билан гаплашган, орқасидан одам келадиганларга шунга яраша муносабат бўлади.
Суриштиради. Синайди, пул қўйиб, тиллаларини қўйиб. Сиз тўғри бўлсангиз, сизга нисбатан ҳеч қандай ёмонлик йўқ. фақат Туркияда эмас, қаерда бўлманг шундай. Ҳалолликнинг орқасидан ҳамма нарсани қозонса бўлади.
«Туркияда Ўзбекистонда оиласи бўла туриб, улар билан расман ва шаръан ажралмасдан никоҳ ўқитиб олган ўзбеклар ҳам бор»
— Блогер чиқиб олиб, нима эмиш, нега ўзбек аёллари туркларга эрга тегиб кетяпти эмиш? Ҳаммаси ҳам эмас. Мен ўзим яшаган квартирада, ўзбекистонлик эркак ва аёл шу ерга келиб никоҳ ўқитибди. Аёлнинг эри Ўзбекистонда, унисининг эса хотини. Ўзбекистондаги бола-чақага пул йўқмиш. Мен буни билиб қолдим, тилим ўлгур ёмон, виждоним йўл қўймайди. Ўтирғизволиб, сенларнинг никоҳинг никоҳмас, менга никоҳингни гапирма, дедим. «Ютуб»да бир домланинг эри билан 10 йил ажрашган бўлса ҳам, эри қўйвормаган бўлса, унинг никоҳи никоҳ бўлмаслиги ҳақидаги гаплари чиқди. Шуни қўйиб бердим. Сенларга ҳаётнинг нима кераги бор энди, бу билан кимни алдаяпсанлар, дедим.
Айтмоқчи бўлганим, экранга чиқиб олиб бировни ёмонлашдан аввал инсоннинг ҳаётининг моҳиятини билиб ол. Нега бу ерга келди?
Туркияда ҳам фирибгарлар борми?
— Каргода биттаси пулларингни чиқариб бераман, деб бермай қўйди. Ўзбек. Кейин яна бир ўзбек 3000 доллар эвазига Англияга ишчи виза қилиб чиқариб юбораман деди, қариндошларимиз ҳам келганди. Бири инглизчани билгани учун, шу ерда қолди, меҳмонхонада ишлаяпти. Иккинчиси қайтиб кетди. 1600 доллар пулини олди. Бошқалардан, мен консулликда ишлайман, «ўтирим виза» (Туркияда қонуний яшаш рухсатномаси) қилиб бераман, деб ёлғон гапириб 300 доллардан пул олган. Уйини топиб бордик, уйимга босқинчилик қилиб келдинг деб, муттаҳамчилик қилди. Ўзимизнинг фарғоналик бола экан.
— Бизда кўпчилик эътибор бермайди, ҳужжатсиз юрса ҳуқуқи бўлмайди, полицияга бориб, мурожаат қилай деса, ўзи ҳужжатсиз. Ҳамма томони муаммо. Нега ҳужжат қилиб қўйишга эътибор беришмайди?
— Туркияга ҳеч ким ўйнагани келмайди-да! Ўйнагани келадиганлар, келиб-кетяпти. Пулимиз йўқлигидан бировдан қарз олиб келганман. Келиб, ишга жойлашиб ойликни олгунча, пул берган одам қарзини қисталанг қилади. Қарзимизни узамизми, ҳужжатимизни қиламизми? Янги келганлар Истанбулнинг ичида оз маош олади, шу боис 10 соат-11 соат узоқликда 6 ой–1 йиллаб ишлаб келдик. У ёқда ҳужжат қилишмади. Қочоқ (ноқонуний муҳожир маъносида) бўлиб қолдик. Ўша ёқда ҳам идорасига олиб боришди, «чалишма изни» (ишлаш учун рухсат) қиласан дейишди. Худди Россиядагига ўхшаб. «Чалишма изни» учун патент тўлайсиз. Ким тўлайди, патрон ҳам тўламайди, биз ҳам тўламаймиз. Ундай қиладиган бўлсак, озгина пулга ишлашимиз керак бўлади. Бу ёқда қарз кутади, бола-чақа пул кутади, шу билан ҳужжатсиз қолиб кетишади.
Суҳбатдошнинг билдиришича, аэропортдан Туркияни тарк этиш чоғида жаримаси тўланади ва Ўзбекистонга боргач, яна қайтиб келиш мумкин бўлади. Кўпчилик иккинчи карра келишида ҳужжат қилиб, қонуний ишлаш, тиббий суғурта қилиб олишга ҳаракат қилади. Бундан ташқари, Туркияда муҳожирларни ишга жойлаштириш ширкатлари бўлиб, улар орқали ишга жойлашилса, биринчи маошнинг ярми уларнинг хизмат ҳақи учун тўловга сарфланади.
Ўрганишлар натижасида маълум бўлишича, бандлик ширкатларининг қонуний ва ноқонунийлари бор. Қонунийлари орқали иш қидирилганда, топиб берилган иш ишчига ёқмаса ёхуд раҳбари билан келишолмай қолса, бандлик ширкати олти ой мобайнида унга биринчи тўлов эвазига 3 марта иш топиб бериши қонун талабидир. Бандлик ширкати ноқонуний бўлмаса, унинг раҳбари ҳар доим меҳнат муҳожирини ўз ходимидек ҳимоя қилади.
Истанбулдаги илк суҳбатимиз шундай мазмунда кечди. Навбатдаги мулоқотимиз ўзаро муносабатлар, меҳнат муҳожирларининг ҳаёти ва авиачипталар нархи ҳақида бўлади.
Толиб Раҳматов
Манба: Kun.uz “Замин” янгиликларини “Telegram”да кузатиб боринг
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босингМавзуга оид янгиликлар
Организмда қайси турдаги витамин етишмаётганини қандай аниқлаш мумкин?
Грецияда минглаб одамлар НАТОга қарши намойиш ўтказди
Ўзбекистонда онкологик касалликка чалинган аёллар бепул даволанади
Словакия бош вазири Путиннинг таклифини қабул қилди
Эрдўғон: “Туркия Ғазо можароси тугамагунча Фаластинни қўллаб-қувватлайди”
Бош кийимсиз юришнинг организмга қандай таъсири бор?
Энди «Доимий яшаш жойига рўйхатга қўйиш» қулайлашди (видео)
Медведев Россия НАТО ҳарбий базаларига зарба йўллаши мумкинлигини истисно қилмади