1 887
Экспертлар мактаб битувчиларининг билим ва дунёқараши ҳақида: “Абитуриентларнинг савиясини кўриб, йиғладим”
Ўзбекистонда олий таълим муассасаларига кириш имтиҳонлари вақти яқинлашмода. Давлат тест марказига кўра, бу йилги тест синовлари 8 августдан бошланиши режалаштирилган.
Ижодий баҳолашни талаб қиладиган йўналишларда эса саралаш жараёнлари аллақачон бошланиб кетган. Жумладан, бир неча кундан буён журналистлар, ташкилот ва вазирликларнинг матбуот котиблари Ўзбекистон журналистика ва оммавий комуникациялар университетида абитуриентлар билан бўлаётган саралаш суҳбат жараёнлари ҳақидаги хулосаларини тармоқлардаги саҳифаларида ёзиб боришмоқда.
Фикрларни ўқиркансиз, тажрибали журналистлар, матбуот котиблари соҳага қадам қўйиш ниятида бўлган ёшларнинг билим ва дунёқарашидан қониқмаётганини сезасиз.
Масала бевосита ўзбек мактаб таълими, уни битириб чиқаётган ёшларнинг билими, дунёқарашига бориб тақаларкан, бу ҳақдаги фикрларини чуқурроқ ифодалаб беришини сўраб, экспертларнинг ўзига юзландик.
Қобилбек Каримбеков, сиёсий шарҳловчи
— Яқинда Журналистика университетига ҳужжат топширган абитуриентларни суҳбат асосида саралаб олишга ёрдам бериш учун мен каби 30га яқин журналистларни эксперт сифатида чақиришди.
Мен ўзимнинг суҳбатимдан ўтган йигит-қизларни 3та категорияга бўлган бўлардим. Биринчиси – ҳақиқатда кучли, билимли битирувчилар. Абитуриентлар ичида бундай болалар ҳам бор ва мен уларга, уларнинг ота-онаси, устозларига раҳмат айтаман.
Иккинчиси – ўртамиёналар. Бундай болалар ҳам бор.
Учинчиси эса мени жуда қаттиқ хафа қилган билимсиз болалар тоифаси.
Афсуски, абитуриентлар ичида ана шу учинчи тоифадаги битирувчилар жуда кўп. Улар энг оддий саволларга ҳам жавоб бера олишмаяпти. Бу фақат менинг фикриммикин, дея бошқалар билан ҳам гаплашиб кўрдим. Йўқ, ҳамманинг фикри шундай. Ҳамма нолияпти битирувчилардан.
Бизга абитуриент билан қайси йўналишларда гаплашиш, билимини синаш бўйича йўриқнома берилганди. Саволларда шу йўриқномадан келиб чиқдик. Уларга мураккаб савол берганимиз йўқ.
Афсуски, ёшларимизнинг катта қисми шу элементар қилиб тузилган саволларга жавоб беролмаяпти. Уларнинг дунёқараши жуда тор. Абитуриентлар кирсам кирарман, бўлмаса, йўқ, қабилида ҳужжат топширишган. Уларда юрак ёнмаяпти.
Эй, барака топгур, сен журналистикага, халқаро журналистикага келяпсан-ку, нега бундай бефарқсан, нега бунча билимсизсан?
Айни шу билим деган жойига мисол келтираман. Абитуриентлардан бирига Ўзбекистоннинг қайси давлатлар билан чегарадош экани ҳақида савол бердим. Ҳар тугул Қозоғистон ва Тожикистонни санади. Кейин тўхтаб қолди. Унга ёрдам берай, деб Турманистонни ўзим айтдим. У эса устоз, ҳазиллашяпсизми, Туркманистон бизга чегарадош эмас-ку, дейди.
Ёки бошқасига ҳудди шу саволни бериб, ёрдам учун биттаси Сурхондарёга чегарадош давлат (Афғонистон назарда тутилмоқда – таҳр) десам, домла, куляпсизми, давлатлар вилоят билан чегарадош бўлмайди-ку, дейди.
Ёки бир нечта абитуриентдан болажоним, Марказий Осиёдаги майдони ва аҳолиси бўйича энг катта давлатларни айтинг, деб сўраяпман. Йўқ, жавоб беришолмаяпти. Мактабда базавий билим йўқ.
Мен улардан ҳали Ўзбекистонни ички, ташқи сиёсати ҳақида сўрамаяпман. Битирувчиларимизда география, тарих, сиёсат, адабиёт бўйича билим жуда паст. Бу мени қаттиқ хафа қилди.
Мен этибор берган яна бир жиҳат бор, лекин ўқувчиларимиз буни маҳаллийчилик, дея қабул қилмасин. Чунки ўзимнинг ҳам онам хоразмлик бўлса, отам тошкентлик.
Масала шундаки, вилоятлик болалар билан тошкентлик болаларнинг билим даражаси ўртасида ҳам сезиларли фарқ бор. Тошкентлик болаларни қандайдир нўноқ деймизми, бошқами, ишқилиб, улар сиёсий билим жиҳатидан жудаям орқада қолган. Бундан хафа бўлиб, ёнимдаги шерикларимга савол бердим, шаҳарлик болаларда қорин тўқроқмикин, нега улар бунча нўноқ, деб.
Йўқ, мактабларда билим беришни бундай давом эттириб бўлмайди.
Шарофиддин Тўлаганов, сиёсий шарҳловчи
Фақат битта гапни айтишим мумкин, мен мактабни битириб, олий таълимга қадам қўяётган болаларнинг аҳволини кўриб, йиғладим. Улар мактабни битирдими, бошқа иш топаверсин. Чунки бу савия билан уларнинг олий таълим даргоҳига киришларини мен ҳаёлимга келтиролмайман. Улар балки тестни яхши топширар, беш баҳо ҳам олар, лекин уларда фикрлаш, дунёқараш нол.
Мен Ўзбекистоннинг қаерда жойлашиб, кимлар билан қўшни эканини билмаган болани олий таълимга киришини тасаввур қилолмайман.
Ўзим суҳбатда бўлган абитуриентлардан ўзбекистонлик журналистлар ҳақида сўраяпман. Улар “Марказий студия” дикторларидан бошқасини билмайди. Тўғри, мен бу дастурдаги йигитларни яхши кўраман, ҳурмат қиламан. Лекин бўлажак журналистда савия, кўрадиган кўрсатув, дастур, танийдиган одамлари фақат булар бўлиши керак эмас-ку.
Бу деганики, мактабларда ўқувчиларнинг дунёқараши, билими, сиёсий билимини оширишга бўлган эътибор ўлган. Одамларнинг фикри, ҳаёли сериал, сериал, сериал ва яна сериал. Битирувчиларда сиёсатдан хабардорлик нол, савия нол. Болаларнинг бирортаси сиёсий янгилик берадиган сайтларни, телевидениядаги кўрсатувларни билмайди. Kun.uz, Daryo.uz, BBC o’zbek, Ozodlik, Amerika ovozi, ҳеч бири, ҳеч бирини билмайди.
Шунингдек, мен гаплашган болаларнинг бирортасида савияли юритилган ижтимоий тармоқ йўқ. Хўш, шундай бититрувчилар эртага сиёсатни, дунё сиёсатини шарҳлайдими?
Мен бу гапларим учун исталган жойда жавоб беришга тайёрман. Чунки ҳамма устозлар ҳам шу фикрда.
Севара Ўринбоева, Адлия вазирлиги матбуот хизмати раҳбари
ЎзЖОКУда бошланган ижодий имтиҳонда Ахборот хизмати ва жамоатчилик билан алоқалар йўналишига ҳужжат топширган абитуриентлар билан суҳбат қилдим.
Ижодий имтиҳонга келган ёшларнинг 10 нафари билан суҳбат қилган бўлсам, улардан атига 1 нафари пичоққа илинади (йиғлагим келди). Ўша пичоққа илинадиган қиз билан мазза қилиб суҳбатлашганимни ҳатто бошқалар ҳам сезди.
Аксарият ёшлар университетга ҳатто бирор тайёргарликсиз келган. Нима учун топширганиниям билмайди.
5 йилдан кейин ўзингизни ким сифатида тасаввур қиласиз деб сўрасам журналист, дейди. Унда нима учун Ахборот хизматига топширдингиз, десам жим. Аксарияти бемақсад, таваккал қилган. Лекин барчасини журналистикага қизиқиши баланд. Бироқ қизиқишни ўзи билан иш битмайди, ўқиш керак, ўқиш керак.
Аксарияти фақат нодавлат ТВни кўради, у ердаги журналист дикторларни танийди. Китоб ўқийсизми десангиз олиб қочади... Тўғриси юрагим сиқилиб кетди.
Истардикки, Ахборот хизмати соҳасида ҳам сифат бўлсин. Сифат бўлиши учун эса ҳар томонлама салоҳиятли, билимли, ўз соҳасини тушунадиган, фидойи кадрлар керак.
Ҳар нима бўлганда ҳам абитуриентларга омад тилайман.
Дониёр Юсупов, Ёшлар радиоканали мухбири
Университетга радио, телевидение йўналишида ҳужжат топширган абитуриентларни саралаш жараёнида қатнашдим. Якунда бир хулосага келдимки, болалар ўзи ҳужжат топшираётган йўналиш ҳақида ҳатто умумий тасаввурга ҳам эга эмас.
Соҳа ҳақидаги саволларимга жавоб ололмагач, абитуриентлардан қандай бадиий китоблар ўқигани ҳақида сўрайман. Ўн биринчи синфни тамомлаганлар Худойберди Тўхтабоев билан Ўткир Хошимовдан нариёққа ўтолмаяпти. Аммо ўқиганлар ҳам бу ёзувчиларнинг асарларини таҳлил қилмаган, қаҳрамонлар ичига кириш йўқ, сюжетни тушунмаган. Айримлари оҳирги марта қачон китоб ўқиганини эслолмайди.
Ҳа, бугунги таълимнинг аҳволи ҳудди шундай. Битирувчилар жануб билан шимолнинг фарқига бормайдиган хилидан.
Бошланғич билимларни айтмаса ҳам бўлади. Ёнимда ўтирган журналистлар ҳам дод деяпти. Мен иккинчи куни суҳбатга бормадим. Нега? Асабларим иккинчи кунга дош бермади.
Ҳа, тўғри, бизда билимли болалар ҳам бор. Айримлар ҳатто дунё олимпиадаларида ютиб келишяпти. Уларни бошимизга кўтарамиз, лекин булар умумий битирувчига ҳисоблаганда неча фоиз? Мен умумий аҳволимиз ҳақида гапиряпман.
Хулоса сифатида бугунги халқ таълимининг аҳволини ўта ачинарли, дея баҳолайман. Балки ҳамма жойда ҳам шундай эмасдир, лекин мен кўрганимга қараб хулоса қилдим.
***
Маълумот учун, 27 июл куни Халқ таълими вазири Бахтиёр Саидов баёнот билан чиқиб, қизларнинг мактабга миллий рўмолда келиши ман этилмаслигини маълум қилди.
“Таъкидлаш жоиз, тасдиқланган ўлчамларда энг минимал узунлик белгиланган. Яъни ўқувчи-қизларнинг юбка ва кофта енгларининг узунлигини узайтиришга рухсат берилади, аммо белгиланган ўлчамдан калта бўлиши мумкин эмас”, – деди вазир.
Илёс Сафаров тайёрлади.
“Замин” янгиликларини “Telegram”да кузатиб боринг
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босингМавзуга оид янгиликлар
Тюмен областига Ўзбекистондан меҳнат мигрантлари ишга жалб қилинади
Хатолар ва мағлубиятлар... улар кечириладими?
Ўзи чой дамлайди ва суҳбатлашади: дунёдаги биринчи “ақлли” чойнак тақдим этилди (видео)
Apple донгдор икки айфонини расман эскирган деб эълон қилди
Глобал очлик ва қашшоқликка қарши кураш алянсига 82 мамлакат аъзо бўлди
Энди операциядан сўнг кесмалар ўрни икки баробар тезроқ битиши мумкин
КХДР Россияга 100 минггача ҳарбий юбориши мумкин
Организм ўзини токсинлардан қандай тозалайди?