08:08 / 16.10.2022
1 920

Калаванинг учи йўқолди: одамлар кимга ишонсин?

Калаванинг учи йўқолди: одамлар кимга ишонсин?
Менга долларни кассадан олишдан кўра банкоматдан олиш қулайроқ. Сабаби, кўпинча кассадаги турнақатор навбатда туриб вақтимни зое кетказишни истамайман. Бироқ сўнгги бир ой ичида 3-4 та банкоматга ишим тушди: аммо доллар ололмаяпман. Ё техник носозлик ёки фақат 100 долларлик олиш мумкин бўляпти. Бу муаммодан жиғибийрон бўлиб юрсам, одамлар бундан ҳам катта муаммоларга дуч келаётгани ҳақида эшитдим.

Хусусан, ижтимоий тармоқларда Ўзбекистон банклари чет эл валютасини сотиб олишга чеклов жорий қилгани, жумладан, йирик банклар ва филиалларда бу чеклов 1,5 минг долларни, кичикларида эса 500 долларни ташкил қилаётгани ҳақида хабарлар тарқалди.

Марказий банк матбуот котиби Акмал Назаровнинг маълум қилишича, банклар хусусий тижорат ташкилотлари ва қандай ишлашини ўзлари белгилайди.

«Нақд хорижий валютанинг вақтинча тақчиллиги тижорат банкларининг узоқдаги филиалларига нақд пулнинг логистикаси билан боғлиқ бўлиши мумкин», — деб тушунтирди у.

Умуман олганда, чеклов билан боғлиқ вазият фуқароларни ҳаяжонга солмаслиги керак, деб тушунтиради «Микрокредитбанк» матбуот котиби.

«Бу нормал ҳолат. Банк захирасида кам миқдордаги валюта қолганда чеклов юзага келади. Бу кўпроқ мижозларга хизмат кўрсатиш мақсадида жорий қилинади», – деди Сарвар Очилов.

Банкнинг ўзида ҳам ҳеч қандай чекловлар йўқ, деди Очилов. Шунингдек, «Туронбанк» ва «Капиталбанк»да ҳам нақд валюта билан боғлиқ муаммо йўқ.

Бироқ Азон мухбири 12 октябрь куни «Капиталбанк»ка мурожаат қилганда валюта алмаштириш (сотиб олиш) учун 500 доллар чеклов бўлгани, ўз ҳисобидаги долларни ечиб олишга 5 000 доллар чеклов қўйилганини айтган.

Калаванинг учи йўқолди. Марказий банк банклар хусусий тижорат ташкилотлари ва қандай ишлашини ўзлари белгилаши, «Микрокредитбанк» масъули бу нормал ҳолат экани, «Туронбанк» ва «Капиталбанк» бу борада муаммо йўқлигини айтмоқда. Аммо шамол келмаса дарахтнинг учи қимирламайди. Демак, ижтимоий тармоқларда тарқалаётган хабарларда жон бор. Валюта айирбошлаш билан боғлиқ муаммога ҳамкасбим дуч келганини айтди. Бундан англаш мумкинки, бошқалар ҳам у тушган вазиятни бошидан ўтказган.

Сўнгги йилларда халқ билан мулоқот, аҳолининг муаммоларини ўрганиш анча жадаллашди. Юқори давлат идоралари вакиллари ҳам халқ билан яқинлашди. Аҳоли муаммолари жойида ҳал этилмоқда. Бироқ ютуқларга маҳлиё бўлаётган бир пайтда кутилмаган жойдан муаммолар ҳам чиқиб қоляпти. Масала юзасидан масъуллар биргина расмий муносабат бериб, масала ўрганилаётганини айтиб, кўпинча ундан осонгина қутуляпти-қўйяпти.

Лекин халқчи? Қачонгача майда (кези келганда катта) муаммолар атрофида сарсон бўлиб юраверамиз? Демакки, тизимда у қилдик, бу қилдик дея оғзимизни тўлдириб мақтанишимизга ҳали эрта. Зеро, халқ муаммоларга дуч келаверар экан, уларнинг эртанги кунги ишончи сўниб бораверади.

Манба: Azon.uz

arenda kvartira tashkent
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Жамият