
17 октябр куни Тошкентда кузатилган аномал чанг ўтган йил ноябрдаги каби бошқа жойдан учиб келган эмас, ўзимиздаги маҳаллий чанг эди, дейди гидрометеоролог Эркин Абдулаҳатов. Хўш, бунга нималар сабаб бўлди?
17 октябр куни кечқурун Тошкент ҳавосида майда PM-2,5 дисперс зарраларининг концентрацияси рухсат этилган меъёрдан 42 баробарга ортиб, 212 мкг/м³га етди. Бу кўрсаткич билан Ўзбекистон пойтахти бир муддат дунё бўйича ҳавоси энг ифлос шаҳар бўлиб турди.
Тошкент ўтган йилнинг 6 ноябрида ҳам худди шундай статусга “кўтарилганди”. Ўшанда қум бўрони рўй бериб, ҳаводаги PM-2,5 дисперс зарралари миқдори 600-700 мкг/м³ни ташкил этганди.
Ҳаво ифлосланиши – бевақт ўлимлар демакдир
Ҳаво ифлосланиши сабаб дунёда ҳар йили 6,5 миллион киши ҳалок бўлади. Айниқса, охирги 20 йил ичида рақамлар 2 баробар ўсган.
Ҳавода ифлосланиш даражаси ортганда кўз қичишиши, нафас қисилиши, нафас олишнинг қийинлашиши, нафас олиш йўлларининг қичишиши ва йўтал каби илк белгилар намоён бўла бошлайди. Бу каби белгилар бошқа касалликларда ҳам кузатилиши мумкин. Аммо аломатлар кўпчиликда такрорланса, бу – ҳавонинг хавфли ифлосланишидан сигнал бўлиш эҳтимоли юқори.
Ифлосланиш даражаси қандай аниқланади?
“Ўзгидромет” Тошкентнинг бир нечта нуқталарига ҳаво сифатини автоматик мониторинг қилиб борувчи станцияларни ўрнатган. Шунингдек, АҚШнинг Тошкентдаги элчихонасида ҳам (бошқа кўплаб давлатлардаги Америка элчихоналари каби) ҳаво сифати детекторлари бор.
“Ўзгидромет” станциялари қайд этган маълумотларни monitoring.meteo.uz сайтида кузатиб бориш мумкин. Шунингдек, Air Quality Index (IQAir) – Ҳаво сифати индекси портали ҳам дунёнинг йирик шаҳарлари ҳавосини мониторинг қилиб боради ва реал вақт режимидаги рейтингни юритади. Портал Тошкент шаҳри бўйича маълумотларни “Ўзгидромет”нинг Халқлар дўстлиги майдони яқинида ўрнатган станциясидан ва Frankyants лойиҳасининг Яккасарой тумани Мерос маҳалласидаги станциясидан олади (бу ценсорлар порталга синхронизация қилингани учун маълумотларни автоматик узатади; бир неча ойдан буён АҚШнинг Тошкентдаги элчихонасидаги станция қайд этган ахборотлар IQAir'да кўринмай қолган).
Ҳаво сифатини назорат қилишдаги энг асосий кўрсаткич – PM-2,5 дисперс зарраларининг ҳаводаги концентрацияси. Айнан шу кўрсаткичга асосан, AQAir'да ҳаво сифати 5 тоифага ажратилган:
- “яхши” (яшил – 0-50);
- “ўртача” (сариқ – 50-100);
- “заиф гуруҳлар учун носоғлом” (оловранг – 100-150);
- “носоғлом” (қизил – 150-200);
- “хавфли” (бинафша – 200-400).
Ҳавоси ифлос шаҳарлардаги доимий мониторинг одамларга куннинг қайси вақтида очиқ ҳавода фаол бўлиш, қайси пайтда эса кўпроқ бино ичида бўлиш маъқулроқлигини тушунишга ёрдам беради.
Ҳавонинг PM-2,5 майда дисперс заррачалари деганда, ҳаво таркибидаги диаметри 2,5 микрон ва ундан кичик бўлган ҳавони ифлослантирувчи заррачалар тушунилади. Яъни инсон соч толаси диаметри 100 микрон ва юқоридаги PM 2,5 заррачалар инсон соч толасидан 40 баробарга кичкина.
17 октябрда ҳавода локал ифлосланиш бўлган
“Ўзгидромет” изоҳига кўра, Тошкентда 17 октябр куни кузатилган чанг узоқ вақт ёғингарчилик бўлмагани, кучсиз шамоллар ва ҳароратнинг инверсияси билан боғлиқ. Ҳарорат инверсияси туфайли кечқурун ҳаво ҳароратининг кескин пасайиши атмосфера ҳавосининг турғунлигини келтириб чиқаради, бу эса ҳавода ифлослантирувчи моддаларнинг тўпланишига шароит яратади.
Гидрометеоролог Эркин Абдулаҳатовнинг сўзларига кўра, 17 октябр кунги чанг бўрони – бир неча кунлик салбий тенденциянинг энг юқори нуқтаси бўлган.
“Чангли ҳаво 2 ҳафтадан бери кузатилаётганди, фақат 17 октябрда жуда хавфли даражага етди. Бунга 4 ойдан бери ёмғир ёғмагани, қурилишдаги чанглар сабаб бўлди. Ўша куни чанг ўтган йили ноябрдаги каби бошқа жойдан учиб келган эмас, ўзимиздаги маҳаллий чанг бўлиб, бир неча ҳафтадан бери айланиб юрганди. Чанг кечқурун кўтарилаётганига сабаб, бу пайтда қатнов зич бўлади ва бу кўча, дарахтларга чўккан чангни ҳам кўтариб юборди”, – дейди у.
Қурилишлардан чиқаётган чанг ҳақида “Ўзгидромет” баёнотида ҳам айтилган эди. Синоптиклар бу ифлосланиш омиллари сифатида, шунингдек, шаҳарда транспортнинг кўплиги ва йўлларнинг тирбандлиги, дарахтлар кесилаётгани, майсазорлар ва магистрал йўлларнинг кенг кўламда суғорилишининг мавжуд эмаслигини ҳам санаб ўтган.
Air Quality Index сайтида ёзилишича, Тошкент ҳавосининг ифлосланишига қазиб олинадиган ёқилғидан ортиқча фойдаланиш, ёмон ёки паст сифатли ёқилғидан фойдаланиш, органик ва синтетик материалларни кўп миқдорда ёқиш ҳам сабаб бўлмоқда.
Бундан ташқари, Оролнинг қуриши ҳам Тошкент ҳавосига маълум миқдорда салбий таъсир кўрсатган.
Маълумотда шаҳардаги кўплаб транспорт воситаларининг эскиргани, баъзилари совет иттифоқидан қолгани, улар зарарли кимёвий буғларни чиқарадиган моторларда ишлаши ҳам қайд этилган.
Ўзбекистоннинг бошқа шаҳарлари ҳавоси қандай?
AQI платформасида Ўзбекистон бўйича фақат Тошкент шаҳри ҳавоси таҳлили кўриниб турибди. Бошқа шаҳарлар ҳақида маълумот йўқ. Эркин Абдулаҳатовнинг тушунтиришича, AQI платформасида маълумотлар кўриниши учун, жойларда стационар постлар жойлаштирилиб, платформа билан интеграция қилиниши керак.
“Ҳозир Ўзбекистонда фақат Тошкентда автомат стационар пост бор. Улардан бирини АҚШ элчихонаси ўрнатган. Бошқа шаҳарларда эса автомат стационар пост бўлмагани учун улардаги натижаларни онлайн кузатиб туролмаймиз. Бу постларда ҳавонинг ифлосланиш даражасининг бир неча хил тури ўлчанади ва улар анча қиммат. Лекин фақат PM-2,5ни ўлчайдиган кичик постлар яқин 5-10 йил ичида кўп шаҳарларда ўрнатилиб, AQI платформасига интеграция қилинади”, – дейди иқлимшунос.
Энергетика, қишлоқ хўжалиги ва транспорт
Агар чанг кўтарилиши ҳақида эмас (бунга шубҳасиз дарахтлар камайгани ва қурилишларнинг кўплиги сабаб), ҳаво таркибидаги бошқа зарарли зарралар ҳақида гапирадиган бўлсак, бунда ҳаво ифлосланишига энг кўп энергетика, қишлоқ хўжалиги, мода, транспорт, озиқ-овқат чакана савдоси, қурилиш, технология ва ўрмон хўжалиги сабаб бўлади.
Булар – асосий ҳавони ифлословчи воситалар, лекин уларнинг ҳаво ифлосланишидаги улуши шаҳарларга қараб ўзгаради. Масалан, энг кўп ифлосланиши айтиладиган жойлардан бири Покистоннинг Карачи шаҳрида ҳаво таркибининг 53 фоизини саноат газлари, 18 фоизини транспорт, 16 фоизини йўл чанглари, 12 фоизини иккиламчи аэрозол моддалари заҳарлайди.
Масалан, ҳавони заҳарлайдиган асосий фаолият Пекинда кўмирнинг ёқилиши – 19 фоиз, Ченгдуда кристалл чанг ва кўмир 54 фоиз, Бангкокда автомобил – 32 фоиз, Сантягода 31 фоиз транспорт воситалари, Флоридада сулфатлар – 55 фоиз, Барселонада иккинчи қўл транспортлар – 73 фоиз ҳисобланади.
Тошкент ҳавосини қандай тоза сақлаш мумкин?
Ўзбекистонга ҳам шаҳар ҳавосини ифлослаётган фаолият турлари бўйича аниқ таҳлиллар керак. Масалан, Тошкентда ҳавони ифлослайдиган асосий фаолият тури қурилишлар бўлса, Навоийнинг Зарафшон шаҳрида саноат корхоналари чиқиндилари бўлиши мумкин. Бундай статистика ҳаво таркибида қайси ифлосланиш даражаси юқори эканини билиш, аниқроғи шундоқ ҳам маълум сабабларнинг улушини рақамларда аниқ кўрсатиш, тасдиқлаш ва исботлаш имконини беради.
Ҳаво ифлосланишининг ҳаммаси ҳам глобал иқлим ўзгариши фонида юз беряпти. Тошкентда дарахтлар кесилаётгани ва қурилишлар дард устига чипқон бўляпти. Ҳукумат шаҳарда дарахтлар кесилишини амалда тўхтата олиши, шаҳарни ёппасига яшиллаштириш бўйича амалий ишларга ўтиши, жамоатчилик эса буни талаб қилишдан тўхтамаслиги зарур.
Шу билан бирга, шаҳарда автомобиллар сони ўсишини секинлаштириш ва келгусида ҳатто камайтириш учун жамоат транспорти бутунлай ўзгариши шарт.
Тошкентга ҳозиргидан кўра ўнлаб баробар кўпроқ жамоат транспортлари, юз баравар кўпроқ сифатли велойўлаклар керак. Жамоат транспортларининг барчаси экологияга зарарсиз воситалар – электробус ва трамвайлар бўлиши лозим.
Зуҳра Абдуҳалимова

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босингМавзуга оид янгиликлар