
Бугун Самарқанд шаҳри дунё сиёсатчиларининг эътибори марказида турибди, десак, муболаға бўлмайди. Кўҳна ва навқирон шаҳарда Туркий Давлатлар Ташкилотининг саммити бўлиб ўтмоқда. Айни шу кунларда ўзим гувоҳ бўлган айрим ҳолатлар билан ўртоқлашгим келди.
Аввало турк сўзининг ўзига тўхталайлик...
Бугун турк дейилса, ҳамманинг кўз ўнгига Туркия жумҳурияти аҳолиси келади. Аслида Туркия янги давлат, янги атама, атиги юз йил олдин пайдо бўлганини ҳамма билади. Дунёнинг учта қитъасида ҳукмронлик қилган Усмонийлар халифалиги парчаланган. унинг ўрнида янги жумҳурият пайдо бўлди – Туркия.
Айни шу йилларда, яъни ХХ асрнинг 20-йилларида Туркистон тупроғида ҳам асосан туркий халқлар яшайдиган бешта республика тузилди. Қўқон ва Хива хонлиги ҳамда Бухоро амирлиги давлати ҳудудидаги мазкур давлатлар СССР деб номланган манфур иттифоқнинг измида, босқини остида яшашга маҳкум эди. Асосан турклар яшайдиган учта хонлик “бўл ва бошқар” сиёсати остида бешта алоҳида миллатлар номидаги республикага айлантирилди. Шу-шу турк сўзи ҳозирги Туркия давлатига хосланиб қолди.
Бундан ташқари советнинг ёвуз мафкурачилари “пантуркизм” деган сохта айбловни, аниқроғи, тамғани ўйлаб топди. Миллат озодлиги учун курашганларни “Халқ душмани” деб атаган ифлослардан ҳамма нарса кутиш мумкин. Аслида бунинг ўзига хос сабаблари бор. Чунки Усмонийлар халифалиги қийин пайтларда ҳам Ғарбий ва Шарқий Туркистон (Марказий Осиё ва Уйғуристон) ҳудудидаги чин ва рус босқинчилари зулми остида эзилиб турган қардошларига имкон қадар ёрдам қўлини чўзади. Масалан, Усмонийларнинг сўнгги халифаларидан бири Султон II Абдулҳамидхонга қўйилган айблорвлардан бири уйғуристонлик мусулмонларга қурол-яроғ жўнатгани ҳам эди.
Қолаверса, туркиялик машҳур сиёсатчи ва арбоб Анвар Пошо ўтган асрнинг бошларида Бухорога келиб, ўрус босқинчиларига қарши курашаётган мужоҳидларнинг бошини қовуштиради ва озодлик курашига ўзи бош бўлади. Ҳатто ана шундай курашларнинг бирида Шарқий Бухорода – ҳозирги Тожикистоннинг Болжувон деган жойида шаҳид бўлади. Шунингдек, рус босқинидан қочган аксар зиёлиларимиз Усмонийлар халифалиги, бугунги Туркия жумҳурияти ҳудудидан жой олади ва ўша ерда ҳам тинч турмай, ватан озодлиги йўлида тиниб-тинчимайди. Шу сабаблар туфайли совет сиёсатчилари “пантуркизм” деган атамани ўйлаб топиб, турклар билан алоқа қилганларни қаттиқ қатағонга учратади.
Ўз навбатида Ҳаж ва Умра зиёратига кетаётган туркистонлик ҳожилар Истанбул орқали бориб келишни одатга айлантирган, халифалик пойтахтида бир қатор ўзбек марказлари (турклар такя дейди) пайдо бўлади. Мазкур такялар ҳалиям сақланиб қолган. Ҳаж йўлида кетаётган ҳожилар Усмонийлар халифалигига ғайридинлар томонидан бошланган босқинчилик урушларида турк қардошлар билан елкама-елка жанг қилади. Ҳаждан кўра жиҳод афзал дея аксари шаҳид бўлади. Чаноққалъа шаҳрида ҳам ана шундай ота-боболаримизнинг қабрлари бор...
Совет махфий хизматлари (ва уларнинг гумашталари) туркий халқларни ўзаро душман қилиш учун барча разилликлардан тоймади. Ўтган асрнинг 90-йилларини яхши эслаймиз, месхети турклари, ўзбек ва қирғиз халқлари орасига сочилган фитна уруғи ўз ҳосилини кўрсатган эди. Бу ҳақда ўзбек зиёлиларининг “Фитна санъати” номли икки тўпламда жамланган мақолаларини ўқиб, фожианинг илдизига теран назар ташлаш мумкин («Фан» нашриёти, Тошкент — 1993).Туркия Ўзбекистон мустақиллигини биринчи бўлиб тан олган давлат саналади.
Гарчи истиқлолнинг илк йилларидан “турк модели” асосида давлатчилик қурилиши ҳақида кўп гапирилган бўлса-да, кейинчалик “ўзимизга хос ва ўзимизга мос” йўл танлангани уқтирилди ва Туркия жумҳурияти билан алоқаларимиз бирдан совуқлашди. Талабалар алманишуви асосида ўқиётган ёшлар тезда ортга қайтарилди. Турк лицейлари ва ширкатлари ҳам ёпилди, бизнесменлар қувиб солинди. Ҳатто турк тилидан таржима қилинган диний адабиётларга ҳам кўринмас қўллар воситасида тақиқ қўйилди. Бу ҳақда бугун гапириш мавриди бўлмаса ҳам, унутиш ҳам мумкин эмас... Мазкур ҳолатлар сиёсатга тегишли ва катталар ҳал қилган ишлар. Аммо халқимиз орасида ҳам туркияликларга нисбатан муносабат инқадар.
Бундан йигирма йиллар аввал футбол бўйича жаҳон чемпионати доирасида Туркия-Россия терма жамоалари майдонга тушди. Атрофимдаги “туппа-тузук” одамлар рус футболчиларига мухлислик қила бошлади. Мен ҳайрон бўлиб, улардан бунинг сабабини сўрадим. Турклар ёлғончи ва бизни босиб олмоқчи эмиш. Ё тавба! “Ўрислар бизни босиб олган ва ота-боболаримизни қирган-ку!” дедим жаҳлим чиқиб. “Зато, етмиш йил бирга яшадик” эмиш...
Қозоқ, қирғиз ва туркманлар билан муносабатларимиз борасида тўхталиб ўтишга зарурат йўқ деб биламан, чунки ҳаммаси шундоқ ҳам аён. Лекин туркий давлатлардан бири Озарбайжон ҳақида айрим мулоҳазаларимни айтиб ўтмасам бўлмайди.
Хабарингиз бор, икки йил олдин озарбайжонлар Қорабоғни арман босқинчиларидан озод қилиш учун 44 кунлик уруш олиб борди. Қорабоғ тарихан ва қонунан Озарбайжонга тегишли ҳудуд. Ўтган асрнинг 90-йилларида Арманистон мазкур ҳудудни босиб олиб, озарбайжонларни қувиб чиқарган, Тоғли Қорабоғни мустақил давлат сифатида эълон қилган. Мазкур квази давлатни ҳатто Арманистоннинг “олампаноҳ”и бўлган руслар ҳам тан олмаган. Бутун дунё наздида Қорабоғ Озарбайжон республикасининг Арманистон томонидан босиб олинган ҳудуди сифатида билинади.
44 кунлик уруш ҳақида хабар тарқатган аксар ўзбек сайтлари шундай позиция танлаганки, ўша хабарларни ўқиган ўқувчида гўё Озарбайжон Арманистоннинг ҳудудини босиб олаётган босқинчи давлат сифатида таассурот пайдо бўлади. Бу русча нашрлардан тўғридан тўғри таржима қилинган хабар экани аниқ, лекин миллий онг ва шуур йўқми? Журналистда озгина сиёсий ва ҳуқуқий билим бўлиши керак эмасми? Агар қардош халқнинг тарафини олмаган тақдирда ҳам ҳуқуқий жиҳатдан адолатли ёндашиш керак бўлади-ку...
Тарихни “Киев руси”дан бошлаб ўрганган миллатимиздан қадим ва теран илдизларимиз бир қардош халққа муҳаббатни кутиш балки нотўғридир. Биз тарихни яхши ўрганмаяпмиз. Балки айнан шунинг учун ҳам халқимизда миллий ғурур ва ўзликни англаш масаласида оқсоқлик бордир. (Айни шу фикрларни ёзаётиб “тарих” телеканали очилгани эсимга тушиб қолди. Телевизор пултини олиб, муравватини “Ўзбекистон тарихи” каналига бурасам, “Тарихий савол” номли кўрсатувда бугунги кундаги экологик вазият муҳокама қилинаётган экан. Индамадим).
Юқоридагилар фақат давлат раҳбарлари ва ё ҳукумат даражасида ҳал бўладиган масала-муаммолар эмас. Асосий юк миллат ойдинлари – зиёлилар зиммасига тушади, десак, адашмаймиз.
Бирор йилдан бери Туркияда яшаяпман. Оддий халқ вакилларининг маркизий осиёликларга муносабатини кўриб ҳайрон қоласиз. Тарихни яхши билади. Сабаби аксар турк тарихчи олимлари айни пайтда ёзувчи ҳамдир. Тарихий воқеаларни халқона услубда ёзишга уста. Китобларини ўқиб, бошингиз ғовлаб кетмайди. Газеталарда мақолалари чоп этилади. Радио ва телевидениеда кўплаб эшиттириш ва кўрсатувларга чақирилади. Бир-бирига қарама-қарши фикрдаги тарихчилар битта шоуга жамланиб, ўз далиллари билан ўртоқлашади. Қизғин-баҳсу мунозара туфайли миллат кўплаб маълумотларга эга бўлади. Ҳатто аксар тарихчи олимларнинг интернет тармоқларида шахсий блок ва влоклари бор. Туркум кўрсатувлар орқали ўз билимлари билан ўртоқлашадилар, мухлисларни қизиқтирган саволларга жавоб беради. Шу билан бирга туристик фирмалар билан шартнома тузиб, сайёҳларга Туркиянинг тарихи ва обидалари ҳақида ҳикоя қилиб беради.
Туркларнинг тарихий сериаллари борасида ҳам алоҳида тўхталиб ўтиш керак. “Тирилиш. Эртуғрул”, “Қурилиш. Усмон”, Пойтахт. Абдулҳамид”, “Муҳташам юз йил”, “Уйғониш. Буюк Салжуқийлар” каби сериаллар нафақат турк киноихлосмандлари томонидан севиб томоша қилинди, балки дунёнинг турли тилларига ўгирилиб, турк давлатчилиги, маданияти ва тарихи ҳақида жуда қимматли маълумотларни бера олди. Кино сотиш бўйича ҳам турклар дунёда етакчи ўринларга кўтаририб олгани бежиз эмас. Султон Жалолиддин ҳаётидан ҳикоя қилувчи сериални ҳам айнан туркларга ишониб топширилгани ҳам кўпчиликни ҳайрон қолдиргани йўқ.
Афсуски бу бўйича ҳам етарли муаммоларимиз бор. Узоқ Африка саванналаридан тортиб, океан ортидаги жунглиларда ҳам намойиш этилаётган турк тарихий сериаллари негадир Ўзбекистон телеканалларига “сиғмаяпти”. Масалан, “Пойтахт. Абдулҳамид” сериали намойиши хусусий телеканаллардан бирида берила бошладию... Кимларнингдир “ҳушёр тортиши” натижасида эфирдан олиб ташланди. Турк сериаллари деса, ҳамма беҳаёликка ундовчи “асар”ларни тушуниб қолган. Шулардан бирида “Ниҳон” деган персонаж эри қолиб ўйнашидан бола орттирар экан. Ёки ҳар куни ўнлаб қотилликларга қўл урадиган турли мафиозлар ҳақидаги кинолар... Айнан шундай сериаллар орқали орқали халқимизда бугунги Туркия ҳақидаги фикрлар шаклланяпти. Ваҳоланки, аслида вазият бутунлай бошқача...
Истанбул обидаларининг ичида таниқли тарихчи-ёзувчи, профессор Аҳмад Анапалини учратиб, озгина суҳбатлашиб қолдим. Унинг айтишича, Туркияда турк давлатчилиги тарихи милоддан аввалги Атилла давридан бошлаб ўргатилар экан. Улар Атиллани ҳам, Салжуқийларни ҳам ўз ота-бобоси каби билан экан. Шунинг учун улар можарларни (венгерларни) қардош сифатида кўради. Бизда эса кўплар Туркий Давлатлар Ташкилотига нега Венгрия ҳам қатнашяпти, деган саволга жавоб тополмай турибди.
Хулоса қилиб айтадиган бўлсак, қондош ва қардош халқлар билан аҳил бўлишимиз шарт. Ҳатто туркий халқларнинг бирлашган армиясини ҳам тузиш вақти келар, балки келгандир... Балки имломиз ва эҳтимол пулимиз бир бўлар... Ахир минг йиллардан бери қирпичиқ бўлиб келган европа халқлари бирлашди – Европа Иттифоқини тузди. Ваҳоланки, Англия ва Франция тарихида “Юз йиллик уруш” бор. Улар 1337-1453 йиллар орасида, яъни нақд 116 йил бир-бири билан жанг қилган.
Гапни Самарқанддаги Туркий Давлат Ташкилоти саммитидан бошлаган эдик. Умид қиламизки, қадим илдизларимизга етиб бориб, қардошларимиз билан биргаликдда, аҳилликда, ҳамкорликда яна ҳам кучли давлатчиликка эга бўламиз. Ота-боболаримиз бежиз бирлашган ўзар деб таъкидламаган. Аҳилликда ҳикмат кўп.
Сўзимни ҳазрат Навоийнинг дуолари билан якунламоқчиман: “Умид улки, умидимдин ноумид этма!”
Абдулазиз Муборак
Манба: Azon.uz

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босингМавзуга оид янгиликлар