Бойқўнғирда Ой базасининг аниқ нусхасини қуриш таклиф қилинди

Бойқўнғир шаҳри маъмурияти раҳбари Константин Бусигин шаҳарда Ой посёлкасининг аниқ нусхасини яратиш ва у ерга ёш мутахассисларни жойлаштириш ғоясини илгари сурди. Ушбу лойиҳа коинотни ўзлаштириш йўлидаги муҳим қадам бўлиши кутилмоқда. Бу ҳақда Ixbt.com хабар беради.
Лойиҳа доирасида Ер юзида ўзига хос "Ой коммунаси"ни ташкил этиш кўзда тутилган. Бу ерда ёш мутахассислар изоляция қилинган шароитда тажриба ўтказишлари ва коинотдаги ҳаёт тарзини ўрганишлари мумкин бўлади. Бусигиннинг сўзларига кўра, бундай мажмуа коинот соҳасига янги туртки беради.
Шунингдек, ушбу ташаббус Бойқўнғирга келаётган сайёҳлар оқимини ўн баробар ошириши тахмин қилинмоқда. Ҳозирда лойиҳа чизмалар ва дастлабки режалар кўринишида мавжуд бўлиб, у космик туризмни ривожлантиришнинг муҳим қисми сифатида кўрилмоқда.
Шаҳар раҳбари космик туризмни, жумладан, Роскосмос корхоналари бўйлаб экскурсияларни ривожлантириш зарурлигини таъкидлади. Бу нафақат сайёҳларни жалб қилиш, балки соҳа учун ёш кадрларни тайёрлашда ҳам катта ёрдам бериши мумкин.
Маъмурият Бойқўнғирда космик туризмни реал воқеликка айлантириш учун барча имкониятларни ишга солганини маълум қилди. Келажакда ушбу "Ой шаҳарчаси" илм-фан ва туризмнинг ўзаро туташган марказига айланиши кутилмоқда.
“Zamin”ни Telegram'да ўқинг!