09:13 / 30.09.2023
171

Президент ўқитувчи ва мураббийларни байрам билан табриклади

Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев 1 октябр - Ўқитувчи ва мураббийлар куни муносабати билан ўқитувчи ва мураббийларни байрам билан табриклади.

«Муҳтарам устоз ва мураббийлар! Аввало, сизларни, таълим-тарбия соҳасининг барча жонкуяр ходимлари ва фахрийларини умумхалқ байрами – Ўқитувчи ва мураббийлар куни билан чин қалбимдан муборакбод этаман», дейилади табрик сўзи бошида.

Президент таълим соҳасида эришилган ютуқларга урғу бериб, педагоглар машаққатли меҳнатини муносиб қадрлаш лозимлигини таъкидлади.

«Мамлакатимизда кўплаб янги боғчалар, мактаб ва олийгоҳлар барпо этилмоқда. Таълим-тарбия ва илм-фан муассасаларининг моддий-техник базаси, кадрлар салоҳияти мустаҳкамланмоқда. Дарслик ва ўқув қўлланмаларининг янги авлоди яратилмоқда. Соҳа ходимларининг машаққатли меҳнатини муносиб қадрлаш ва рағбатлантириш доимий эътиборимиз марказида бўлиб келмоқда. Охирги етти йилда мактабгача таълим бўйича қамров даражасини 27 фоиздан 72 фоизга, олий таълимда эса 9 фоиздан 42 фоизга, олийгоҳларимиз сонини 77 тадан 212 тага етказишга эришганимиз, ҳеч шубҳасиз, энг муҳим ютуғимиздир», дейилади табрик сўзида.

Шавкат Мирзиёев таълим соҳаси ходимларининг ўртача иш ҳақи 2 баробар кўпайтирилишини маълум қилди.

«Таълим соҳаси ходимларининг ўртача иш ҳақи 2 баробар кўпайтирилади. Минг нафар тарбиячи ва ўқитувчилар хорижий мамлакатларга малака ошириш ва стажировкага юборилади. Ўқитувчиларни ишга қабул қилиш, уларнинг малакасини ошириш ва тоифа бериш тизими ҳам такомиллаштирилади. Биз фарзандларимизни миллий ғурур, Ватанга муҳаббат, умуминсоний қадриятларга ҳурмат руҳида тарбиялашга бундан буён ҳам устувор аҳамият қаратамиз», дейилади табрик сўзида.

Шавкат Мирзиёев мактаб таълимини қўллаб-қувватлаш ва ривожлантириш умуммиллий ҳаракатга айланганини таъкидлаб, бу борада беғараз ёрдам кўрсатган фуқароларга, тадбиркорларга миннатдорлик билдирди.

«Имкониятдан фойдаланиб, бундай фидойи, саховатли юртдошларимизга самимий миннатдорлик билдираман. Тараққиётимиз дастури бўлмиш «Ўзбекистон – 2030» стратегиясида сизлар билан бирга таълим тизимини янада ривожлантириш бўйича янги мақсад ва режаларни белгилаб олдик. Ана шу устувор вазифаларни амалга ошириш, Ватанимизнинг тақдири ва келажаги учун масъулиятни зиммасига олишга қодир янги авлодни тарбиялаш барчамиздан катта куч-ғайрат, азму шижоат билан меҳнат қилишни талаб этади. Мана шундай шарафли вазифани адо этишда мен сиз, муҳтарам устоз ва мураббийларга ҳар томонлама ёрдам ва кўмак беришга тайёр эканимни яна бир бор изҳор этиб, барчангизга сиҳат-саломатлик, бахту саодат, олижаноб фаолиятингизда улкан муваффақиятлар, хонадонларингизга файзу барака тилайман. Ҳамиша соғ-омон бўлинг, муҳтарам устозлар!», деб якунлади табрик сўзини давлат раҳбари.



Ўқитувчилар куни, Байрам, Табрик, Президент

arenda kvartira tashkent

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Жамият » Президент ўқитувчи ва мураббийларни байрам билан табриклади