Ўзбекистонда интернет фойдаланувчиларининг салмоқли қисми ижтимоий тармоқларда, айниқса Instagram’дa кундалик фаолият олиб боради. NapoleonCat томонидан тақдим этилган статистикага кўра, мамлакатимизда бу тармоқдан фойдаланувчилар сони 6 миллиондан ортиқ. Улардан тахминан 64 фоизи эркаклар, 36 фоизи эса аёллардир. Бу кўрсаткичлар Instagram’нинг қанчалик улкан таъсир майдонига эга эканини яққол кўрсатиб турибди.
Бироқ, савол туғилади: Instagram – замонавий жамият учун имкониятлар эшигини очаётган платформа сифатида қаралиши керакми ёки унда яширин хавфлар ҳам жуда кўпми?
Instagram’нинг ижобий жиҳатлари
Аввало, ижтимоий тармоқнинг афзалликларини қайд этиш зарур. Бу ерда одамлар учун мулоқот ва алоқа имкониятлари беқиёс. Яқинлар, дўстлар ва ҳатто дунёнинг бошқа чеккаларидаги инсонлар билан тезкор тарзда алоқада бўлиш мумкин.
Бундан ташқари, Instagram орқали фан, тиббиёт, психология ёки шахсий ривожланишга оид кўплаб билимлар тарқалмоқда. Айримлар учун бу платформа ҳатто шахсий ривожланиш мактабига айлангани ҳам сир эмас.
Тадбиркорлар ва йирик компаниялар учун эса бу тармоқ реклама ва мижоз топишда энг самарали каналлардан бири сифатида хизмат қилмоқда. Бирор маҳсулот ёки хизматни кенг аудиторияга етказиш учун Instagram деярли энг қулай йўл ҳисобланади.
Шунингдек, бу майдон ёшлар ва истеъдодли ижодкорлар учун ўзини кўрсатиш ва яратилган ишларини оммага тақдим этишда катта саҳнага айланиб улгурган.
Instagram’нинг салбий жиҳатлари
Бироқ Instagram фақат ижобий қирралардан иборат эмас. Унинг айрим салбий жиҳатлари ҳам борки, улар жамият учун жиддий хавфларни келтириб чиқаради.
Аввало, фильтрлар ва идеаллаштирилган ҳаёт акс эттирилган постлар орқали ёлғон образлар яратилиши ёшлар онгига салбий таъсир кўрсатмоқда. Бу эса кўп ҳолларда солиштириш синдроми ва ўз-ўзига ишончсизликка олиб келади.
Иккинчидан, фейк хабарлар ва манипуляция ҳодисалари жуда кўп. Текширилмаган маълумотлар жамоат онгига таъсир этиб, нотўғри қарорлар қабул қилинишига ҳам олиб келиши мумкин.
Шахсий маълумотлар хавфсизлиги ҳам жиддий муаммо. Аккаунт бузилиши, шахсий маълумотларни ўғирланиши ёки онлайн таъқиб каби ҳолатлар кундан-кун ортиб бормоқда.
Вақтни сезмай қолиш ҳам катта масала. Рилслар ва турли видеоларга берилиб кетган инсонлар кўпинча иш ёки ўқиш самарадорлигидан қолишади. Бу эса жамиятнинг ишчанлик маданиятига ҳам салбий таъсир кўрсатмоқда.
Энг хавфлиси, болалар ва ўсмирлар назоратсиз ҳолда Instagram’дан фойдаланишса, маънавий бузилиш, диққат тарқоқлиги ва психологик қийинчиликларга дуч келишлари мумкин.
Instagram – икки қиррали қўлёвир каби. У тўғри йўналтирилганда билим, алоқа ва ривожланиш имкониятларини яратади, аммо назоратсиз фойдаланилганда инсон ҳаётида салбий оқибатларга олиб келиши эҳтимоли юқори. Жамият учун энг тўғри йўл – тармоқдан маъсулият билан фойдаланиш ва ундаги ижобий имкониятларни кўпроқ ривожлантиришдир.
Instagram таъсиридаги аёллар
Юқорида келтирилган статистикада фойдаланувчилар орасида аёллар улушининг нисбатан камлигини кўрсатса-да, тармоқнинг эмоционал таъсирига тушиб қолиш аёлларда кўп учрайди. Бунга улардаги физиологик жараён сабаб бўлиши мумкин. Физиологик жиҳатдан аёл организмида ҳар икки соатда гормонлар ўйнаб туради, эркакларда эса бу ҳолат бир кунда бир марта юз беради. Бу дегани аёллар эмоционал ва ўта ҳиссиётга берилувчан бўлишади.
Нигора (28 ёш, Тошкент)
— Оддий ишчи оилада ўсганман, турмушга чиққанман. Ўртаҳол яшаймиз, ҳеч нарсадан нолимаганман. Лекин 2 йил аввал янги телефон олганимда Instagram очдим. Унгача ҳам бир очгандим, болалар билан вақт бўлмасди киришга. Энди сал бемалол бўлдим ва қизиқдим. Овқатлар тайёрлашни, озишни, шунга ўхшаш нарсаларни ўргатадиганларни кузатардим, яхши маълумотлар олардим. Бора-бора кўпроқ кирадиган бўлдим.
Эсласам охирги бир йил давомида қўлимга телефон олганимда фақат инстаблогерларнинг саёҳатлари, қиммат машинаси, бренд кийимларини кўрибман. Ўзимни уларга нисбатан жуда камбағал ва омадсиз ҳис қилардим. Аста-секин мотивациям йўқолди, ҳатто ишга боргим келмай қолди. Жуда қашшоқ, зерикарли, бахтсиз ҳаётда яшаётгандай ҳис қилардим ўзимни. Ҳатто ошхонага болаларим учун таом тайёрлашга кириб ҳам эски ошхона мебелимизни кўрганимда блогерларнинг уйидаги ҳашаматли ошхоналар кўз олдимга келиб, овқат тайёрлагим келмай қоларди. Турмуш ўртоғимни омадсизликда айблай бошладим, бошқаларга эри доим гуллар беришини, у эса буни билмаслигиниям юзига солдим. Хайриятки эрим ўқимаган бўлса ҳам, тушунган одам. Ҳозир болаларимиз келажаги учун пойдевор қўяётганини, мен жуда кўп яхши нарсаларга арзишимни айтиб телефонимдан Instagram’ни ўчиришимни илтимос қилди. Демак ундан тўғри фойдаланиш ҳам жуда аҳамиятли экан”.
Мутахассислар нима дейди?
Психотерапевт гули Тўраева:
— Бугун ҳамма ижтимоий тармоқлардан фойдаланади. Айниқса Instagram’да шунақаки, инсон ички истакларига мос нарсаларни тавсия қилади. Рилслар, постлар кетма-кетлиги шунга қараб чиқаверади – саёҳат, таомлар, машина ва ҳоказо. Нейропсихологик томондан қаралса, инсон уларни кўриб етарлича дофамин олиши мумкин. Ўзида йўқ бўлса ҳам чиройли, ёқимли нарсаларни кўрса хурсанд бўлади. Бунинг зарарли тарафи шундаки, тармоқдаги қисқа рилсларни кўриш оқибатида организмдаги дофамин ишлаб чиқариш тизими ўз захирасини тугатиб қўяди. Мияда дофамин ишлаб чиқариш бузилади, диққат концентрация бузилади, хотира ёмонлашади. Дофамин синтезлари бузилиб депрессияга тушиш хавфи бор.
Ижтимоий тармоқлар орасида айнан Instagram’да ҳамма ўзининг яхши ҳаётини, ҳашаматни кўз-кўз қилади. Бу эса баъзиларга мотивация бўлса, пессимистик кайфиятдаги одамларга ўзидан қониқмаслик, атрофдагилар билан муаммолар, тушкунлик ҳиссини беради.
Кўпинча чарчаган, стрессга тушганлар Instagram’га чалғиш учун киради. Бу чора эмас, чунки худди наркотик каби вақтинча таъсир бериши мумкин, аммо қарамлик келтириб чиқаради.
Ижтимоий тармоқларда идеаллаштирилган образларни кўриш кўп ёшларда “мен ундан орқада қолиб кетяпман” деган фикрни уйғотади. Бу ҳолат депрессия ва ўзини паст баҳолашга олиб келиши мумкин. Ота-оналар фарзандлари Instagram’да маълумотларни филтрлашларига эътиборли бўлишлари зарур. Бу нафақат болалар учун – катталар ҳам маълумот олишда, тармоққа вақт сарфлашда мувозанатни ушлашлари керак.
IT хавфсизлик мутахассиси Азизбек Маматқулов:
— Instagram аккаунтлари орқали шахсий маълумотлар ўғирланиши ҳолатлари кўпаймоқда. Баъзида одамлар билмасдан хавфли ҳаволаларга киради ёки сохта гивевейларда иштирок этади. Шунинг учун икки босқичли ҳимояни қўллаш ва шахсий маълумотларни эълон қилмаслик муҳим.
Манба: Kun.uz
«Замин»ни Telegram’да ўқинг!