07:30 / 12.05.2018
4 457

Биз узоқ вақт кутган кунлар келяпти!

Биз узоқ вақт кутган кунлар келяпти!
Сўзни нимадан бошлашга ҳайронман. Келинг, шу кунларда бўлиб ўтган воқеъларни доимгидай оддий, содда баён қилиб қўя қолай.

Беш кун аввал қўнғироқ бўлди. Эртага соат тўққизда фалон жойдаги сўлим оромгоҳлардан бирига боришимни сўрашди. “Сафарга чиқишим керак эди” деб узримни айтдим. Бормасам бўлмаслигини, жуда муҳимлигини тайинлашди. Эртасига бордим, Норин дарёси бўйига, мажнунтолларнинг салқин соясига дастурхон солинибди. Билсам, диёримизга Диний Идора ходимлари Муфтий Ҳазрат бошчиликларида ташриф буюришибди. Икки соатларча чиройли, дилдан суҳбат бўлди. Пешин намозига яқин вақтда хайрлишиб ҳаммамиз тарқадик.

Мен уйга келиб, сафаримга чиқиб кетдим. Орадан яна икки кун ўтди. Кеча уйга келсам, муфтий Усмонхон домла ҳазратлари, устоз Абдулҳай домла ва бир неча илм аҳллари, уламоларимиз хонадонимизга ташриф буюришибди (афсуски, ўзлари қадам ранжида қилган меҳмонларимга мезбонлик қилолмадим). Ҳол-аҳвол сўраб, “қандай камчиликларингиз бор? Қай ишингизда кўмакчи бўлайлик? Фарзандарингизни ўқитасизми, ёрдам берайлик? Уй керакми? Жой керакми? Биздан не хизмат?” деб лутф қилишибди… МашаАллоҳ! Бу не кунлар-ки, катталар кичикка илтифот қилса!? Не давр-ки, хизмат сўраб эшигинг қоқса…

Ишонасизми, бундан бир ярим, икки йиллар аввалги кунларим эсимга тушиб кетди. Бу –биринчиси.

Ўша куни мактабда ўқувчиларга таълим-тарбия, ахлоқ, одоб ҳақида мажлис бўлибди. Мактаб директори қизимнинг исмини айтиб, ўртага чақирибди. Келаётган яхши кунлар билан табриклабди. Бир неча китоб ва Ояти Карима ёзилган Ҳарами Шариф суратини ҳадя қилибди. “Битта сенга холосми, қизим?” деганимга, “Йўқ, фалон ерда яшайдиган, фалончига ҳам” деб жавоб берди. "Совғани бераётганда домламиз негадир йиғлади" деди. “Ҳа, Юрт Раҳбарининг диёримизга қадам қўйишлари, муфтий ҳазратнинг ташрифлари шарофатига биз кабиларни қадрлаб қўйишяпти” деб қўйдим ичимда... Бу ҳали ҳаммаси эмас.

Куни кеча қариндошларимиз келишди. Улар ҳам эшитишибди. “Таклиф қилсангиз келишга вақт ажрата олмайдиган кишилар ўзлари келишса-я!?” деб ҳайрон бўлишди. Ичларида ўқитувчилари бор эди. “Президент Наманганга келганларида бизни мажлисга чақиришди, бордик. Ҳали мактабларда диний дарслар ўтиш йўлга қўйилади, ўқитувчилар, ҳаракатингизни қилинг, алоҳида ўқитувчилар тайёрланади дедилар” деяпти-ю, кўзидан ёш оқди. “Ҳа” дедим, “қон бўлиб, ташна бўлган кунларига халқим юз тутяпти. У кунлардаги аҳволни-ю, бу кундаги ҳолни қаранг” деб қўйдим ўзимга ўзим.

Бу ҳам ҳали албатта, ҳаммаси эмас...
Салим АЙЮБИЙ

Манба: Azon.uz

arenda kvartira tashkent


Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Жамият » Биз узоқ вақт кутган кунлар келяпти!