20:40 / 19.07.2018
11 544

Глобал исиш нимадан дарак?

Глобал исиш нимадан дарак?
Айни кунларда об-ҳавонинг кескин исиб кетиши ҳаммани саросимага солиб қўйди. Ҳатто қондиционерлар ҳам хона ҳарорати мўътадиллигини сақлай олмаяпти. Бундан қарийб 2 ҳафтача олдин «Саратонда ҳам ёмғир ёғадими? Ёз ёзлигини қилсин-да!» дея нолиб тургандик. Мана сизга ёзу, мана сизга жазирама!

Сўнгги йилларда нафақат мамлакатимизда, балки бутун Ер юзида иқлим ўзгариб бормоқда. Айрим мамлакатларда ғайритабиий иссиқ кузатилаётган бўлса, бошқа мамлакатларда ҳаво совиб кетмоқда. Экологлар глобал иқлим ўзгариши, музликлар эриб бориши ва дунё океанлари сатҳининг кўтарилиши борасида бонг уришмоқда. Иқлим исиши ўз навбатида аввал кузатилмаган ҳодисалар — сув тошқинлари, бўронлар, қурғоқчиликларни келтириб чиқармоқда.

Жорий йилда мамлакатимизнинг турли ҳудудларида кузатилган сел тошқинлари, қум бўронлари, тинимсиз ёққан ёмғир ва об-ҳавонинг ўзгача келиши кўпчиликда бироз ҳадик ва ҳайрат уйғотди. Бу каби иқлим ўзгаришлари ҳақида маълумот олиш учун «Ўзгидромет» бош синоптиги Зайцева билан суҳбатлашдик.

— Дунё миқёсида рўй бераётган иқлим ўзгаришлари бизнинг мамлакатимизга ҳам ўз таъсирини кўрсатадими?

— Ҳа, албатта. Ўзбекистон ҳам дунёнинг бошқа мамлакатлари қаторида иқлим ўзгаришлари рўй берадиган географик минтақа саналади. Содир бўлаётган иқлимий ўзгаришларнинг асосий сабабларидан бири ўрта ҳаво ҳароратининг йилдан йилга ошиб боришидир. Ҳароратнинг кўтарилиши ҳар бир ҳудудда ўзига хос хусусиятга эга. Бундан ташқари, глобал исиш ўзининг вақтинчалик белгилари билан намоён бўлади. Яъни бу иссиқлик баъзида жуда тез кўрсаткичларда намоён бўлса, баъзида аста-секинлик билан ҳароратнинг кўтарилиб боришида намоён бўлади. Статистик маълумотларга қараганда, айнан бизнинг минтақамизда дунёнинг бошқа ҳудудларига қараганда исиш жараёни анча жадаллашиб бормоқда.

— Глобал исиш деганда ҳаво ҳароратининг йилдан йилга исиб бораверишини тушуниш керакми?

— Йўқ, глобал исиш дегани ҳароратнинг йил сайин тобора исиб боравериши дегани эмас. Масалан, охирги 20-30 йил муддатдаги ҳароратнинг даражаси аввалги 10 йилликларга нисбатан бироз юқори бўлди. Ҳаво ҳароратининг умумий фони ошишида қайсидир йил совуқ, қайсидири эса иссиқ келиши табиий ҳол. Глобал исиш фақат иссиқ кунлар билан характерланмайди, аксинча, айни жазирамада кутилмаганда ҳароратнинг пасайиб кетиши ҳам исиш жараёнининг бир белгиси ҳисобланади. Глобал исиш жараёни давом этаётган бу ўн йилликларнинг қайсидир ёзи ёки баҳори одатдагидан салқин келса, бундан сира шубҳаланмаслик керак. Буларнинг барчаси иқлим ўзгаришларининг ўзига хос хусусиятлари ҳисобланади.

— Мамлакатимизда ёз фасли бўлишига қарамасдан, мавсумнинг бошларида кетма-кет ёмғирли ва салқин кунларнинг гувоҳи бўлдик. Ёзга хос бўлмаган бу ҳолатларга қандай изоҳ берасиз?

— Бу борада ҳеч қандай тур­ғун тенденция йўқ. Аксинча, сўнгги йилларда биз ёз фаслини 2014 йилнинг ёзига нисбатан анча юқори ҳарорат билан ўтказ­япмиз. Чунки ёз фаслининг меъёрий ҳароратда бўлиши охирги марта 2014 йилда кузатилган эди. Аҳоли ўртасида иқлим ўзгаришларига хос турли миш-мишлар ва хавотирлар бўлиши мумкин, аммо буларнинг барчаси асоссиз. Негаки фаслга хос бўлмаган об-ҳаво ва ўзгаришлар вақтинчалик ҳисобланади.

— Республикамизнинг жануби ҳисобланган Қашқадарё вилоятида рўй берган сув тошқинларига нима сабаб бўлган? Сел келиш ҳолатлари нега айнан Қашқадарёда кўп кузатилди?

— Сел, асосан, ҳаво ҳарорати кескин кўтарилиб, қор ёки музликлар қисқа муддатда кўп миқдорда эриганда ёки кучли жала қуйганда содир бўлади. Бизнинг мамлакатимизда ҳам тез-тез содир бўлиб турадиган сув тошқинлари сабаб, айниқса, 1992-1995 йилларда кўпгина вилоятлар — Хоразм, Бухоро, Сурхондарё, Қашқадарё, Жиззах ва бошқа жойларда катта экин майдонлари сув остида қолиб, оқибатда жуда катта моддий зарар кўрилди. Бу йилги сув тошқинлари эса кўпроқ Қашқадарё ҳудудига катта талафот келтирди.

Жумладан, вилоятнинг Китоб, Чироқчи, Яккабоғ ва Деҳқонобод туманларида рўй берган сув тошқинлари тоғли ҳудудларда ёққан кучли ёғин сабаб рўй берган. Бу табиий офатларнинг қишлоқ хўжалигига, албатта, салбий таъсири бор, чунки сел бўлиб келган оқаванинг таркиби турли-туман моддалар билан қоришиб, полиз экинлари ва далаларга катта талафот етказди. Афсуски, сув тошқинлари фақат Қашқадарё билан чекланиб қолмади. Бу офат Фарғона, Тошкент, Самарқанд вилоятлари ҳамда тоғ ва тоғолди ҳудудларида жойлашган жойларни ҳам четлаб ўтмади.

— Жорий йилнинг 19 июнида Самарқанд вилоятида содир бўлган кучли қум бўронининг тафсилотига ҳам тўхталиб ўтсангиз?

— Қум бўронлари Марказий Осиёнинг бошқа мамлакатлари каби Ўзбекистонда ҳам тез-тез содир бўлиб турадиган ҳолатлардан бири. Қум бўронлари содир бўлишининг асосий сабаби, ёғингарчиликнинг кескин камайиб кетиши натижасида ернинг намлиги қочиб, тупроқ қатлами кўпая боради, бу қатлам эса одам ва техникалар ҳаракати натижасида юмшаб, чангланиш жараёни жадаллашади. Бўронлар эса кучли шамоллар натижасида рўй беради. Шамолнинг эсиш даражаси юқори тезликда бўлса, ердаги тупроқ, қум ва ҳатто ўсимликларни ҳам ҳавога кўтаради, натижада бўрон содир бўлади. Бўрон натижасида эса атмосфера ёмонлашиб, тумандек чангли кўриниш ҳосил бўлади.

2018 йилнинг 19 июнидаги қумли бўрон фақат Самарқандда бўлмади, бу ҳолат Жиззах ва Қашқадарё вилоятларида ҳам кузатилди. Самарқанд ва Жиззахда содир бўлган бўрон кўринишнинг ўта ёмонлашувига олиб келди, натижада 1 км гача масофани қум таъсирида умуман кўриб бўлмай қолди. Бу масофа Янгиқишлоқда 200 метрни, Тошкентда 2000 метрни, Қашқадарёнинг Ғузор ва Шаҳрисабз туманларида эса 4000 метрни ташкил қилди. Ер устки қатламининг емирилиши, геологик қидирув ишларининг олиб борилиши, қурилиш объектларининг кўпайиши натижасида тупроқ қатлами кўпайиб бормоқда. Бу эса ўз-ўзидан маълумки, кучлироқ эсган шамолда ҳавога кўтарилиб, қумли бўрон бўлишига олиб келади.

— Энг иссиқ ёз мамлакатимизнинг қайси ҳудудларида кузатилади?

— Ўзбекистоннинг ёзи давомий ҳисобланади. Унинг катта қисми қуруқ ва жудаям иссиқ кечади. Ойлик ёғингарчиликлар меъёри июндан августга қадар кескин камайиб кетади. Ёзнинг энг иссиқ ойи июль ҳисобланади, бу даврда ҳаво ҳарорати 40-45 даражагача кўтарилади. Аммо шуниси яхшики, бизнинг иқлимимиз мўътадил бўлганлиги сабабли бундай иссиқ кунлар узоқ давом этмайди.

Ёз жуда ҳам иссиқ ўтадиган ҳудудларга келсак, бу йилги жараён бироз бошқачароқ кечмоқда. Биламизки, Тошкент бошқа вилоятларга нисбатан бироз бўлса-да салқин саналади. Лекин об-ҳаво маълумотларини кузатаётган бўлсангиз, айни кунларда Тошкент ҳарорати энг юқори шаҳарлардан бири бўлиб турибди.

— Ижтимоий тармоқларда ёз бўлишига қарамай Қозоғис­тонда ёққан қор қизғин муҳокама бўлди. Табиатнинг бу каби инжиқликлари бизнинг мамлакатимизга қандай таъсир кўрсатади?

— Барчага аёнки, ҳар бир минтақа ўзига хос иқлимга эга. Қозоғистонда қор ёққанлигини инкор этаётган синоптиклар Қарағандада дўл ёққанлигини эътироф этишмоқда. Қор ва дўлнинг бир-биридан фарқи жуда катта. Дўл ёғиши натижасида ернинг оқаришини қор деб нотўғри талқин қилган интернет маълумотлари кўпчиликни алдаб қўймоқда. Дўл ёққан ҳудуд Сибир ўлкаларига яқин бўлгани сабаб бундай ҳолатлар бўлиши табиий.

Манба: Hordiq.uz

arenda kvartira tashkent


Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Жамият » Глобал исиш нимадан дарак?