Қодиров, Абдуллаев, Муродов... Ўтмиш аччиқ. Келажак-чи? (Биринчи мақола)

  • 02 июль 2019, 08:30
  • 4 106
  • Жамият
  • Қодиров, Абдуллаев, Муродов... Ўтмиш аччиқ. Келажак-чи? (Биринчи мақола)
    Президентнинг Олий Мажлис Сенатидаги маърузаси кўп нарсани қайта идроклашга ундади.

    Ўзбекистонда прокуратура тизими нега бунчалар коррупцияга ботган? Аввалги Бош прокурорлар — Бўритош Мустафоев (1990—1998) ва Усмон Худойқулов (1998—2000) оғир қисматни четлаб ўтган бўлса-да, кейинги авлод вакили Рашид Қодиров 10 йилга «кесилди», Ихтиёр Абдуллаев ва Отабек Муродов «иши» терговда...

    Ҳамонки, тизимнинг энг юқори даражали раҳбарлари юз-юз минглаб доллар поралар олган экан, халқнинг уларга ишончи ва ҳурмати қоладими?! Қонунлар ижроси устидан назорат қилувчиларнинг ўзи қаттиқ назоратга муҳтож экан, эндиям нима қилмоқ керак? Коррупцияга қарши курашиш бўйича республика идоралараро комиссияси раисининг ўзи учига чиққан коррупционер бўлса, одамлар дардини кимга айтсин?

    Аввало, тизимнинг асосига, унинг қандай қурилганига босиброқ назар ташлаш керакдай. Собиқ Иттифоқ давридан буён прокуратурага мустақил ва алоҳида марказий муассаса сифатида қараб келинади, бироқ у стратегик жиҳатдан адолатли адлия тизимининг ажралмас бир бўлагига айлана олмади.

    Мустафоев ва Худойқуловдан кейин МХХнинг тергов бошқармасидан бу тизимга ўтиб, уч муддат бош прокурор лавозимини маҳкам эгаллаб келган Рашид Қодиров даврида прокуратура Миллий хавфсизлик хизматининг битта «бошқармаси»га айланиб қолди. Порахўрлик, мансаб ваколатини суиистеъмол қилиш, сиёсий сабаблар билан жиноят иши очишлардан кўплар ҳайратланмай қолди ҳатто.

    Президент Шавкат Мирзиёев бошқарувга келган даврида уни норози қилган энг катта сабаблар ҳам шунда бўлган, бош вазирлик чоғида бу каби иллатларга дуч келавериб, тизимнинг оғриқли нуқталарини жуда яхши билар эди.

    2018 йил февралда Конституциявий суд аъзоси бўлган собиқ «генеральний» ва унинг ҳамтовоқлари ҳибсга олиниб, терговга тортилди. Суд ҳукмини ўқиди, айблов ўта жиддий ва кўп эди...


    Бош прокуратурага уч йил ҳам раҳбарлик қилмаган Абдуллаев даврида тизим кенгайди, қўшимча ваколатлар берилди ва айни шу нарсалар ислоҳот сифатида талқин этилди. У қув, сиёсий майдонда ўта айёрона усуллардан фойдаланиб, нимаки иш бўлса, бошқалар қўли билан қилиш ҳадисини олганди.

    Отабек Муродов ҳам устози Абдуллаев йўлидан юрди. Ёш, ғайратли Муродовнинг аввалги салафи «чизиб кетган чизиқ»дан четга чиқишига имконият йўқ даражада эдики, натижада прокуратура давлат ва маҳаллий бошқарув органларида қонунийликни таъминлаш баҳонасида уларга ўз босимини ўтказувчи қудратли органга айланиб олди. Аста-секин ижро ҳокимияти фаолиятига ҳам аралашиб, ҳатто ижроия функцияси билан ҳам шуғуллана бошлади.

    Умуман, бу тизимнинг нимаси нотўғрики, хатолар кетидан хатолар юз бермоқда?

    Катта умид билдирилган Ниғматилла Тўлқинович ҳам аввалги аччиқ амалиётларни такрорлайдими ёки уни мутлақо янги поғонага олиб чиқадими? Албатта, узоқ йиллар тизимда самарали ишлаган, Сенатда ўзининг халқона чиқишлари билан катта обрў қозонган бу инсондан кўп нарса кутишмоқда.

    Биз ҳам айрим мулоҳазаларимизни билдиришни истар эдик.

    Хабарингиз бор, бир пайтлар Адлия вазирлиги ихтиёрида бўлган Суд қарорларини ижро этиш, судлар фаолиятини моддий-техника жиҳатидан ва молиявий таъминлаш департаменти Бош прокуратура ҳузуридаги Мажбурий ижро бюросига айлантирилди.

    Эски «зўравонча» услублар асосида ижрони амалга ошираётган ёхуд ўзини аҳолига шундай қилиб кўрсатаётган мазкур тузилма фаолияти кўп ҳолларда аҳолининг норозилигига сабаб бўлаётгани бор гап. Буни жиддий равишда ўрганиб, бюрони ташкил этишга қаратилган қонунчиликни янгилаш лозимдай.

    Бу тизим моҳиятан ва функциявий жиҳатдан суд қарорларини ижро қилишга масъул. Шунга қарамай, Бюрони суд қарорлари ва бошқа органлар ҳужжатларни ижро этувчи ягона тизим деб бўлмайди. Масалан, жиноий суд ҳукмлари ижроси Ички ишлар органлари ваколатига берилган. Бюждетдан маблағ ундириш белгиланган суд қарори ижроси эса молия бўлимларига юклатилган. Бошқаси Мажбурий бюро ижроси (МИБ) гарданида. Кўринадики, суд қарорлари ижроси бўйича яхлит тизимнинг ўзи йўқ. Нега учала давлат органининг ижрога алоқадор функцияларини бирлаштириш керак эмас? Шунда яхлит тизим вужудга келмайдими?

    Бундан ташқари, Мажбурий бюро ижроси ҳузурида махсус жамғарма ташкил этилганки, бу ҳол кўпдан буён катта баҳс-мунозараларга сабаб бўлаётир. Жамғарма маблағлари, тегишли низомга кўра, суд қарорлари ижроси жараёнида ундириладиган пуллардан фоиз олиниши, шунингдек, ўзининг бўш маблағларидан фойдаланиш (бунда ўша маблағларни банкка омонат тариқасида қўйиб, кўпайтириш ҳам тушунилади) ҳисобига ҳам шакллантирилади. Бунда тижорат аломатлари яққол кўринадики, прокуратурадек ўта жиддий тизимга бу ҳол ярашмаслиги (юмшоқ айтганда, албатта) аён.

    Қолаверса, суд қарорларини ижро этиш жараёнида МИБ ходими томонидан солинадиган жарималарнинг 80 фоизи жамғармага ўтказилиши белгилаб қўйилибди. Бу ҳол ўз-ўзидан тизим ходимлари қарздорга қанча жарима қўлласа (асосий қарздан ташқари), шунча рағбатга сазовор бўлишини англатади. Шу тариқа у ўз қудрати ва ваколатидан фойдаланиб янада кўпроқ ундириш пайига тушиши, аҳолига жарималар қўллаши эҳтимоли жуда юқори. Тизим ўз фаолиятини шаффофлик ва очиқлик мезони асосида амалга ошириши лозим бўлса-да, ўша жамғармага қанча маблағ тушганини ошкор этмаётганига нима дейсиз?

    Бу ўринда гап МИБ ташкил топганидан буён неча триллион пул ундиргани ҳақида кетаётгани йўқ. Гап тизимнинг ўзи ҳақида. Мажбурий обуна керак эмас, дейилди ва у бекор қилинди. Мажбурий меҳнатнинг ҳам ҳар қандай кўринишига қарши курашяпмиз. Аммо демократик давлатда Мажбурий ижронинг ҳозирги шаклда бўлиши мамлакат имижи ва обрўсига қандай таъсир кўрсатади?! Гап шунда. Бу ҳақда жиддий ўйлаш фурсати етди, чоғи?

    Суд қарорлари ижросига масъул яхлит тизим ташкил этиб, уни қайта ном билан прокуратура ихтиёридан чиқариш мақсадга мувофиқ эмасмикан?! Токи, аҳоли МИБ фаолиятидан норози бўлса, прокуратурага бемалол мурожаат қилсин. Ҳозир ҳам имкон йўқ эмас, бироқ илож-чи? Нима бўлгандаям МИБ прокуратура тизимидаги ташкилот. Бир тизим ходимлари бир-бирларининг айб-хатоларини мамнуният билан очавермайди-да. Кўз кўзга тушади, тўйи бир, маъракаси бир...

    Яна бир мулоҳазаки, бу энди тергов амалиётига боғлиқ. Бизда дастлабки тергов ҳаракатларини учта субъект — прокуратура, ички ишлар вазирлиги ва давлат хавфсизлик хизмати олиб боради. Жиноят кодексида назарда тутилган қилмишларнинг тўртдан уч қисми ички ишлар, қолгани прокуратура ва ДХХ томонидан тергов қилиниши ҳам кўп саволларни туғдиради.

    Саволки, терговчи амалда мустақилми? Бу саволга баралла «ҳа» дея жавоб бермоқ маҳол. Дейлик, туман ИИБ терговчиси. У бевосита бошлиқнинг тергов бўйича ўринбосарига бўйсунади. Бу тушунарли. Ўринбосардан ташқари, у ИИБ бошлиғига ҳам қарам: чунки бошлиқда уни (терговчини) рағбатлантириш, жазо қўллаш, лавозим, унвони ошириш каби ваколат бор. Бундан ташқари, прокурор билан ҳам ҳисоблашишга мажбур. Негаки, терговчи тузган айблов хулосаси прокурор тасдиғисиз судга ўтмайди.

    Энди ўйланг, қисмати ва фаолияти бир эмас, учта мансабдорга бевосита боғлиқ бўлган ИИБ терговчиси қандоқ мустақил бўлсин? Тўғри, қонунга кўра, у мустақил мансабдор шахс. Бироқ тергов жараёнида қонундан кўра инсон омили кўп ҳолларда тарози палласини босиб кетмаяптими? ДХХ терговчилари хусусида ҳам гап шу. Фақат прокуратура терговчиси бошқа органдаги ҳамкасбларидан кўра мустақилроқ. Чунки, фақат у тўғридан-тўғри прокурорга бўйсунади.

    Юқоридаги қисқа мулоҳазалардан муддаоки, алоҳида тергов қўмитаси тузиш фурсати аллақачон етгандай...


    Бу борада узоққа бормай яқин хориж давлатлари тажрибалари ўрганиш кифоя. Шундагина ИИВ, ДХХ ва прокуратура иши анча «енгиллаб», ҳар ташкилот ўзининг асосий вазифаси билан андармон бўлади. Қолаверса, қонунлар ижроси назоратига масъул бўлган прокуратуранинг бу функцияси тергов қўмитаси фаолиятини четлаб ўтмайди-ку?!

    Агросаноат ва озиқ-овқат билан боғлиқ инспекция яна Вазирлар Маҳкамасига қайтарилди ва мантиқли иш бўлди. Қишлоқ хўжалиги вазирининг қанча пахта ёки қанча ғалла экиш, ҳосилдорлик неча центнердан бўлгани-ю, картошка қуртини қандай зарарсизлантириш, неча қути пиллани кимга тарқатиш-у, балиқ чавоғини қанча миқдорда ташлаш, олма бўлиқроқ ҳосил бериши учун гўнгни қандай сочиш бўйича прокурордан топшириқ кутиб ўтириши ўта мантиқсиз ва йиғлагулик ҳолат эди-да. Бу, бир томондан, қишлоқ хўжалиги ходимларига нисбатан тўлиқ ишончсизликни англатса, иккинчи томондан, ижроия ҳокимиятининг ўз фаолиятини тўлиқ бажаришига тўсиқ қўяди.

    Бу функция Вазирлар Маҳкамаси ва унинг тузилмалари мутлақ ваколатига дахлдор ва уни «ўзлаштириб олиш» маъмурий жиҳатдан қўпол хатоликдир.

    Тадбиркорлар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш каби тутуруқсиз бошқармалар қайта тузилмаслиги лозим. Чунки тадбиркорнинг ҳуқуқи бузилса, прокуратура шундоқ ҳам уларнинг ҳуқуқларини таъминлашга масъул ва бу билан шуғулланиш унинг қонуний белгиланган бурчидир.

    Собиқ бош прокурорларнинг яна бир хатоси тизимда ижтимоий-иқтисодий ҳаётнинг барча жабҳаларини тотал назорат қилувчи «кураторлар» институтини жорий этиши бўлди...
    (давоми бор)

    Xabar.uz

    » » Қодиров, Абдуллаев, Муродов... Ўтмиш аччиқ. Келажак-чи? (Биринчи мақола)