21:18 / 23.02.2020
3 305

Алишер Шодмонов: Янги очиладиган университетлар, коронавирус ва коррупция ҳақида

Алишер Шодмонов: Янги очиладиган университетлар, коронавирус ва коррупция ҳақида
Фото: Kun.uz
Хабарингиз бор Президент Шавкат Мирзиёев 19-20 февраль кунлари Туркияда расмий ташриф билан бўлиб қайтди.
Мазкур ташриф давомида Kun.uz мухбири Ўзбекистон делегацияси таркибидаги бир нечта ҳукумат аъзолари билан суҳбатлашди.
Жумладан, Соғлиқни сақлаш вазири Алишер Шодмонов ташрифнинг Ўзбекистон тиббиётини ривожлантиришдаги ўрни, тузилган шартномалар, коронавирус ва тизимдаги коррупция масалалари бўйича саволларга жавоб қайтарди.

– Ўзбекистон–Туркия стратегик ҳамкорлик кенгашининг илк йиғилишида ва президентнинг турк тадбиркорлари билан учрашувида кўпгина ҳужжатлар имзоланди. Булар орасида тиббиётимиз ривожига ҳисса бўладиган қандай келишувлар бор?
– Айтишим керак бўлган биринчи масала: Туркия Соғлиқни сақлаш вазирлиги билан бир нечта шартномалар имзоладик. Шунингдек, келгусида биргаликда қилинадиган ишлар учун йўл харитасини тасдиқлаб олдик.
Шу билан бирга, Туркия тиббиётида қўлланаётган энг илғор технологияларни Ўзбекистонга ҳам олиб келиш бўйича маслаҳатлашувлар ўтказдик.

Тан олиб айтиш керакки, бугунги кунда тиббий хизматни яхшилаш борасида ўтказилган ислоҳотлар тезкорлиги бўйича Туркия жаҳонда энг илғорлардан бири. Масалан, Францияда тиббиётдаги ислоҳот, тиббий суғуртани жорий қилиш масалалари 60 йил, Жанубий Кореяда эса 40 йил давом этган. Бу ислоҳотлар айнан Туркияда жуда қисқа муддатда ўтказилди – 40 йил.

Туркияда аҳолининг тиббий ёрдам билан қамрови ҳозир деярли тўла таъминланган. Кўрсатиладиган тиббий хизматнинг сифат даражаси эса бу йўналишдаги ишларга ўзига хос жозиба бериб туради. Шундан келиб чиққан ҳолда биз ҳам тиббиётдаги бошқарув, тиббиётни молиялаштириш, суғурта, ундаги илмни ва соҳада кадрлар тайёрлаш тажрибасини ўрганишни олдимизга мақсад қилиб қўйганмиз.

Ўзаро келишувларимиз мана шу мақсадга хизмат қилиши керак.

– Қандай амалий келишувларга эришилганини айта оласизми?
– Биз соҳада сифатли кадрлар тайёрлаш бўйича Туркиянинг бир нечта университетлари билан музокаралар ўтказдик. Масалан, Саломатлик билимлари университети. Бу – Туркияда соғлиқни сақлашга ихтисослашган ягона университет ҳисобланади.

Биз 2019 йилда Бухоро тиббиёт институтида Туркия билан ҳамкорликдаги иккита қўшма лойиҳани амалга оширган эдик. Лойиҳа бўйича абитуриентларни қабул қилиб ўқитиш жараёнлари ҳам бошланди. Бу биринчи қадам бўлган. Биз шунга ўхшаш лойиҳаларни кенгайтирмоқчимиз.

Амалий ишлардан яна бири – Туркияда олий таълим муассасалари рейтингида юқори ўринда турувчи Медипол университети билан ҳамкорлик масаласи бўлди. Ўзбекистонда шу университет филиалини очиш ва университет клиникасини ташкил этиш бўйича шартнома имзоладик.

Имзоланган ҳужжатлар орасида Туркиядаги йирик университет –«Баҳчишеҳир» (BAU) билан шартнома ҳам бор. Шу университет асосчиси ва раиси Анвар Южел билан музокаралар олиб бордик. Натижада Ўзбекистонда шу университетнинг шифохонаси ва университетини очишга келишиб олинди.

2019 йил Термиз шаҳрида Туркиянинг «Кабинет» компаниясининг лабораториясини очгандик. Бу замонавий юқори технологик лаборатория ҳисобланади. Ташриф давомида шундай лабораторияларни Наманган ва Андижон вилоятларида очиш бўйича келишув бўлди. Насиб бўлса, 2020 йилда бу лабораториялар ишга тушади.

Биз ташриф давомида Туркиянинг «Канимед Сағлиқ Чўзумлери» компанияси билан биргаликда Урганч ва Термиз шаҳарларида замонавий она ва бола туғруқ комплексларини очиш бўйича ҳам шартнома имзоладик.

Бундан ташқари, Туркиянинг «Тед груп» компанияси билан биргаликда 7,5 миллион доллар турадиган Онкология марказини Тошкент шаҳрида очиш бўйича музокаралар олиб бордик. Унга кўра, шу йилнинг ўзида ҳамкорликдаги марказимиз фойдаланишга топширилади.
Шу компаниянинг ўзи 2020 йилда водий вилоятларидан бирида ва Самарқанд шаҳрида биттадан Онкология марказини очиши ҳам келишиб олинди.

Ташриф давомида «Дуньягоз» компанияси билан ҳам келишувга эришдик. Бу компанияни дунё бўйлаб кўплаб тармоқ шифохоналари бор.
Икки томонлама имзоланган шартномага кўра, «Дуньягоз» Ўзбекистонда ўз тармоқларини очади.

Тиббиёт соҳасида биз учун яна бир муҳим йўналиш бу аҳолини арзон ва сифатли дори-дармон билан таъминлаш ҳисобланади. Шу нуқтайи назардан, «Кўчак фарм» ва «Поли фарм» компаниялари билан шартнома имзоладик. Бу компаниялар асосий рўйхатга кирувчи ва ижтимоий аҳамиятга эга дориларни ишлаб чиқаришда катта тажрибага эга.

Бу компаниялар умумий ҳисобда 700дан ортиқ дори-дармонларни Туркия учун ишлаб чиқаради ва экспорт қилади.
Эндиликда биз ушбу компаниялар билан онкологик ва гемотологик касалликларда муҳим бўлган дориларни Ўзбекистонда ишлаб чиқарамиз.
Бу икки компания шу ойнинг ўзида Ўзбекистонга келиб, биз кўрсатадиган жойларда ишлаб чиқариш масалаларини ўрганиб чиқади.

– Охирги йилларда Ўзбекистонда шифокорлар танқислиги ортиб бормоқда. Вазирлик соҳада малакали шифокорлар сонини ошириш борасида аниқ дастурга эгами?
– Албатта. 2016 йилда Ўзбекистонда тиббиёт соҳасининг ўзида 16 мингдан зиёд ваканциялар бор эди. Биз ўтган йиллар давомида бу ваканцияларни ёпишни бошладик. Буни қандай қилдик?
Биринчидан, ўша пайтларда шифокорларимизнинг 1,3 ставкадан ортиқ ишлаши мумкин эмасди. Биз уларга 2 ставкагача ишлаши учун имконият бердик.

Иккинчидан, олий таълим муассасаларида бакалавр босқичига қабулда ҳар йили 20 фоиздан қўшимча бўляпти. Қўшимча абитуриентлар қабул қилиняпти. Бундан ташқари, магистратура ва клиник ординатурага қабуллар кучайди. Биз ўтган 3 йил ичида 10 мингга яқин ваканцияларни ёпдик.
Авваллари Молия вазирлиги тиббиётдаги бутун ставкаларни қирқиб ташларди. Эндиликда қўшиб беришни бошлади. Биз 20 мингдан ортиқ ставкаларни тикладик. Мана шунинг эвазига бизда ваканциялар пайдо бўлди.

2020 йил 1 февраль ҳолати бўйича 10 мингта ваканциямиз бор. Шундан 2 минги умумий амалиёт шифокорларига ва 8 минги тор доирадаги мутахассислар ҳиссасига тўғри келади.

Вазирлик томонидан бу бўйича янги қарор лойиҳаси тайёрланган. Қарорга мувофиқ, клиник ординатурадаги ўқишларни вилоятлар марказида ва вилоятлардаги кўп тармоқли шифохоналарида ҳам амалга оширишни йўлга қўямиз. Шунинг ҳисобига биз йилига қўшимча мингтадан кадрлар дефицитини қоплаш имкониятимиз мавжуд бўлади.

– Ўзбекистонда учта соҳани коррупциядан холи соҳаларга айлантириш бўйича ишлар бошланган. Улар орасида тиббиёт ҳам бор. Вазирлик, Алишер Шодмонов тизимда коррупцияни қандай йўқотмоқчи?
– Бу бўйича бизда дастур мавжуд. Масалан, 2020 йилни соҳада коррупцияга қарши кураш йили деб эълон қилганмиз.
2019 йилдаги амалиётимизда биринчи бор хориждан сотиб олаётган ускуналаримизга 110 млн. доллар ажратилди. Бунда 27 млн. долларлик ўғриликни, коррупциянинг олдини олиб, пулларни иқтисод қилдик. Иқтисод қилинган пулларга эса бошқа жиҳозларни сотиб олишни йўлга қўйдик.

Дори воситаларини сотиб олишдаги 83 млрд. сўмлик коррупциянинг олди олинди. Шифохоналар қуришдаги 81 млрд. сўмлик коррупциянинг олди олинди. Демак, бунга иродамиз ва хоҳишимиз бўлса, курашсак, коррупцияни йўқотсак бўлар экан. Бу кураш 2020 йилда ҳам давом этади.
Тизимдаги коррупция ҳолатлари ишга қабул қилишда ҳам давом этмоқда. Биз бу борада ҳам шаффофликни таъминлашга интиляпмиз.

– Охирги вақтларда дунё бўйлаб катта шов-шувга сабаб бўлаётган коронавирусга Ўзбекистоннинг тайёр эмаслиги борасида кўп гапирилмоқда. Бу гаплар ҳаттоки АҚШ давлат котиби Майк Помпео томонидан ҳам айтилди. У Марказий Осиё давлатларига турнесидан кейин «Хитойнинг қўшнилари бўлган Қозоғистон ва Ўзбекистон каби давлатларнинг инфратузилмаси вирусга қарши туришга тайёр эмас», деди. Албатта, бу фикрлар бизга ёқмайди, лекин у аччиқ бўлса-да огоҳлик қўнғироғи бўлиши керакдек. Наҳотки, Ўзбекистон бу борадаги хавфларни қабул қилишга тайёр эмас?

– Биринчи навбатда айтишим керакки, президент Шавкат Мирзиёев коронавирусга қарши курашиш ва Ўзбекистонга кириб келишининг олдини олиш борасида алоҳида фармойишни имзолади. Фармойишга кўра, бош вазир раислигида фавқулодда комиссия ташкил этилди. Ҳозирга қадар бу комиссиянинг бир неча бор йиғилишлари ўтказилди. Албатта, биз вирус кириб келишининг олдини олиш борасида барча ишларни қиляпмиз.

Сиз мамлакат нуфузи ҳақида гапирдингиз. Бу борада айтишим керакки, Хитой – дунёдаги иккинчи иқтисодиёт. Лекин касаллик эпидемияси айнан шу давлатда бош кўтариб турибди. Вирус энг ривожланган давлатларга ҳам кириб боряпти, чунки бу ерда давлатнинг бой экани ҳеч нарсани белгилаб бермайди. Ҳаммаси кўрилаётган чораларнинг қанчалик тўғрилиги ва самаралилиги билан боғлиқ.

Шундан келиб чиқиб, бугунги кунда 12та аэропортимизда ва 5та темир йўл вокзаллари ва 53та чегара пунктларидаги санитар карантин пунктларида назорат ишларини олиб боряпмиз.

Чегарадан ўтаётган беморларнинг тана ҳарорати кўтарилган ёки касаллик белгилари бор беморларни тезда ажратиб олиб, уларни карантинга юборяпмиз.
Хабарингиз бор, Хитойдан 584 нафар фуқаромиз эвакуация қилинди. Уларнинг 82 нафари касаллик ўчоғидан олиб келинди. Уларни 14 кун давомида карантинда ушладик. Худога шукр, уларнинг ичида вирус билан зарарланганлар чиқмади ва уларга жавоб бердик.

Бугунги кунда олимлардан иборат штаб ва илмий кенгаш ташкил қилганмиз. Улар ҳар куни Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти, Хитой ва бошқа қўшни давлатлар билан алоқа ўрнатиб, тажрибаларни ўрганиб боришмоқда.
Таълим муассасаларига ҳам вирусни аниқлаш ва унинг олдини олиш йўллари ҳақида кўрсатмалар берилган.

Сиз менга мухбир сифатида савол беряпсиз. Сизга ҳам шуни айтган бўлардимки, бу борада сизларнинг ҳам ўрнингиз катта. Бизда бу борада катта хавотир келиб чиқмаслиги ҳамда тўғри йўл билан профилактик чораларни етказишимиз керак.
Умуман, аҳолининг тиббий ва санитар маданиятни оширишда гап кўп. Бунда ҳамма биргаликда ишлаши керак.

Илёс Сафаров суҳбатлашди

arenda kvartira tashkent


Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Жамият » Алишер Шодмонов: Янги очиладиган университетлар, коронавирус ва коррупция ҳақида