
Ўзбекистон аввало ЖСТга аъзо бўлиши, ЕОИИга эса шундан кейин мақсадга мувофиқ, деб ҳисоблайди Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати Дилрабо Холбоева.
«Адолат» СДП фракцияси йиғилишларида Ўзбекистоннинг ЕОИИга аъзолиги масаласида муҳокамалар давом этмоқда. Партия сайтида парламент депутати Дилрабо Холбоеванинг шу мавзудаги таҳлиллари жойлаштирилган.
Холбоевага кўра, ЕОИИ ўзининг асл моҳияти бўйича иштирокчилар учун тенг шартларда фаолият юритсагина барчага фойдали ташкилотга айланиши мумкин. Холбоева дастлаб ташкилотга аъзо бўлишнинг афзалликлари ҳақида фикр юритган.
«ЕОИИ доирасида хизматлар соҳасида ягона транспорт макони ташкил этилади. Бу эса халқаро ташишлар соҳасида рухсат бериш тартибларини соддалаштириш, йўловчиларнинг юклар ва транспорт воситаларининг эркин ҳаракатланишини таъминлайди.
Қишлоқ хўжалигида божхона тартибларини соддалаштириш ҳисобидан тадбиркор, фермерларимиз учун улкан бозор эшиклари очилади. Улар ўзлари етиштирган маҳсулотларни тўғридан тўғри экспорт қила бошлайдилар. Натижада ЕОИИ давлатларига Ўзбекистондан мева-сабзавот маҳсулотларини етказиб бериш самарадорлиги бир йилда қўшимча 350 млн АҚШ долларига ошиши мумкин», – дейди у.
Депутат юқоридаги каби эҳтимолий ижобий ўзгаришларга қарамасдан, ташкилотга аъзолик ички бозорда айрим маҳсулотлар тақчиллигини юзага келтириши мумкинлигини айтади. Бу орқали эса бозорларимизда мева-сабзавот нархларининг ошиши кутилади, дейди у.
«Худди шундай ҳолатни гўшт маҳсулотлари мисолида ҳам кўришимиз мумкин. Ҳозирги кунда мамлакатимизда чорвачилик маҳсулоти экспорти Вазирлар Маҳкамаси рухсати билан амалга оширилади. Яъни ички бозорни ўзи тўйинмаётган айни бир шароитда ҳеч ким гўштни тўғридан тўғри экспортга чиқариб юбора олмайди. ЕОИИга аъзолик эса мазкур тартибни бекор қилади. Натижада тадбиркорларимизни ҳорижга гўшт экспортига ўтиб кетиши ўзи шундоқ ҳам тақчил бўлиб турган ички бозоримизда нархнинг сезиларли ошишига олиб келади.
Бундан ташқари, ички бозорни тўйинтириш учун учинчи мамлакатлардан импорт қилинаётган гўшт маҳсулотлари ҳам биз учун қимматга туша бошлайди. Амалдаги тартибга кўра, мамлакатимизга тирик ҳайвонлар олиб киришга, шунингдек, уларнинг гўшти учун импорт божи 0 фоизни ташкил этади. Яъни ҳозирда бож тўловларисиз олиб киряпмиз.
ЕОИИда эса тирик ҳайвонлар олиб киришга 5 фоиз, гўшт олиб киришга эса 15 фоиз импорт божи қўлланилади.
Кўриб турганингиздек, аъзо бўлиб кирганимиздан кейин учинчи мамлакатлардан импорт қилаётган тирик ҳайвонларимиз нархи 5 фоизга, гўшт маҳсулотларимиз нархи 15 фоизга кўтарилади», – дейди депутат.
Дилрабо Холбоева Ўзбекистон учун ЕОИИда иштирок этиш бир қатор соҳаларда кўплаб ўзгаришларни амалга оширишни талаб этишини эслатади. Унинг фикрича, бу қуйидаги йўналишлардир:
Биринчидан, санитария назорати масалалари бўйича Ўзбекистонда амал қиладиган санитария-гигиена қоидалари ва нормаларини ЕОИИ ягона санитария-эпидемология ва гигиена талабларига ҳамда лабораторияларни озиқ-овқат хавфсизлиги бўйича жиҳозлаш талабларига муфовиқлаштириш зарур.
Иккинчидан, фитосанитария назорати масалалари бўйича карантин объектлар ва карантин остидаги маҳсулотларнинг ягона рўйхати, лаборатория диагностикаси ва чегара фитосанитария назорат постларини жиҳозлашга қўйиладиган талаблар бўйича мавжуд тафовутларни бартараф этиш лозим.
Учинчидан, ветеринария назорати масалалари масалалари бўйича текширишларни ўтказиш механизмларини ва ветеринария назорати объектлари ва товарлари ягона рўйхатини, замонавий ускуналар билан жиҳозлаш юзасидан инфратузилмага (лабораториялар ва чегара пунктларига) қўйиладиган талабларни муфовиқлаштириш билан боғлиқ масалалар мавжуд.
«Мазкур масалалар, яъни инфратузилмани ЕОИИ талабларига муфовиқлаштириш учун ҳукуматнинг ҳисоб-китобларига кўра 1 млрд. доллар атрофида маблағ талаб этилади.
Шу ўринда, яна бир мулоҳаза мавжуд. ЕОИИга аъзоликни юқоридаги иқтисодиётимизга фойда деб саналаётган йўналишлари, келтирилаётган рақамлар, кўрсаткичлар, мамлакатимизнинг бошқа бир тузилма – Жаҳон савдо ташкилотига аъзо бўлса, бир неча баробар юқорироқ даражага чиқиши аниқ.
Афсуски, дунёнинг 164 мамлакатини бирлаштирган мазкур ташкилотга аъзо бўлиб кирмаган саноқли давлатлар қаторига кирамиз. Албатта, ЖСТ билан музокаралар жонланганини эътироф этиш лозим. Шу боисдан Ўзбекистон аввало ЖСТга аъзо бўлиши, сўнгра ЕОИИга аъзо бўлиши мақсадга муфовиқ деб ҳисоблайман», дейди парламент аъзоси Дилрабо Холбоева. «Замин»ни Telegram’да ўқинг!
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босингМавзуга оид янгиликлар