date
views 3 371

Маддоҳлик вируси – миллатни тиз чўктирувчи дард

Маддоҳлик вируси – миллатни тиз чўктирувчи дард
«Маддоҳнинг юзига тупроқ сочинг!» (Ҳадис)

Маддоҳлик – бирор шахсни мақташ орқали унинг эътиборини қозониб, бундан келадиган манфаатни тама қилиш. Бунда мақташдан мақсад айнан манфаат кутиш бўлгани боис, мақтов сўзлари аксарият ҳақиқатга тўғри келмайди – муболаға, кўпиртириш ёки ёлғондан иборат бўлади.

Яна шуни таъкидлаш керакки, маддоҳлик кенг қулоч ёйгандан кейин аниқ бир манфаат кўзга кўринмаса ҳам маддоҳлик қилиш давом этаверади, чунки у энди сурункали касалликка айланган бўлади.

«Нимаси ёмон бунинг, бир киши бошқасини мақтаса мақтабди-да» дейишимиз мумкин. Ҳа, бир қарашда бундан ҳеч кимга зарар етмаяпти. Бироқ, бу фақат бир қарашда...

Маддоҳнинг ўзига етадиган зарарлар
Ҳазрати Одам танаси яратилиб, ичига руҳ пуфлангандан сўнг унга жамики фаришталар таъзим қилишди. Инсонни яратган Зот иродаси эди бу, Инсон шахсининг оламдаги нуфузини белгилаш эди. Кейин эса одам қавми Яратганнинг ердаги вакили деб эълон қилинди – Ер сайёрасини обод қилиш топширилди унга.

Бу улкан вазифа эса инсон шахсининг юксалиши билан, камолотга интилиши, мағрур, қаддини тик тутадиган ва қадрини биладиган инсон бўлиши билангина амалга ошади – фақат шундай шахслар бирлашмасигина бутун бошли сайёрани обод қилиши мумкин.

Маддоҳлик эса бунга... ғирт тескари сифат.

Маддоҳлик ўша – буюк шарафдан воз кечиш дегани. Киши энди дунёни обод қилишга сафарбар этилган, буюклиги коинотга эълон қилинган, ақл-у заковати билан фаришта қавмидан устун қўйилган зот эмас, балки шунчаки ўзи каби бир инсонни мадҳ этиб, унинг «дастурхони»дан ул-бул унга етиши умидида маддоҳликни касб қилиб олган ҳақир жонзотдир. У энди барча яхшиликлар унга Роббисидан келишини инкор этиб, ўзини балохўрлик мақомига туширган шахс.

Маддоҳ билан юз берадиган фожиа аввало унинг руҳида содир бўлади. Маддоҳ руҳида кечадиган жараённи кўриб бўлганида эди, мудҳиш, қийшайган-букчайган, маънавий қадриятлар оёғи осмонда бўлган, руҳий олам марваридлари оёқости бўлган нурсиз манзара кузатилган бўларди. Чунки бунда инсон руҳидан шараф, ғурур кетган бўлади. Ўрнини эса ўз-ўзини хорлашдан лаззат олиш эгаллайди.

Бундай «руҳий саратон» ўта юқумли бўлади – маддоҳлик «вируси» секинлик билан атрофга тарқалади, олди олинмаса бир муддатдан кейин маддоҳлар сони геометрик прогрессияда кўпаяди, отадан болага ўтади. Биз билган мумтоз вирусдан фарқли томони – унинг тарқалишини тиббий ниқоблар билан тўхтатиб бўлмайди...

Айниқса бу касаллик ёш авлоднинг руҳига талафот етказиши – халқ келажагини ишғол этиб, эртасини савол остига қўйиши ачинарли. Бундай муҳитда униб-ўсган болаларнинг дунёқараши зиддиятли шаклланади – катталарнинг мантиқсиз тасарруфи уларнинг тафаккурида тизимсизликни пайдо қилади.

Муттасил мадҳ этиладиган шахсга етадиган зарарлар
Унга етадиган зарар тез эмас, секинлик билан қад кўтаради, «кўза ичидаги дев» каби аввалига кичкина тешикдан чиқиб, катта нарсага айланади.
Муттасил мадҳ бу – киши руҳини «замбаракдан ўққа тутиш», руҳий қўрғонини секинлик билан барбод этиш дегани.

Муттасил мадҳ йўналтириладиган киши руҳида секинлик билан содир бўладиган ишлар:
- кишининг ўзини ҳамда қилаётган ишларини танқидий баҳолай олиш қобилияти фалажланади;
- асл воқелик билан алоқаси узилади ва унинг ўрнини хаёлий эгри воқелик эгаллайди;
- киши ўзини маъсум, хатога йўл қўймайдиган деб била бошлайди ва бу туйғу тобора кучайиб бораверади.

Шу ҳисобда айтиш мумкинки, маддоҳлик бу – қотиллик. Фақат бунда қотиллик руҳий – кўзга кўринмас оламда юз беради. Маддоҳлик инсон руҳига ҳамла қилади ва имкон бўлди дегунча уни ўлдиради ва унинг ҳамласи бутун бошли ҳарбий қўшинларнинг кучидан кучлидир. Қандайига?

Жамиятга етадиган зарар
Маддоҳликни руҳий қотиллик дедик. Бироқ, бу ҳаммаси эмас. Маддоҳлик вируси тарқалиб, кўлами кенгайгандан кейин гап миллат руҳининг бузилиши ҳақида кетади.
Буни баъзи, номига республика, аслида авторитардан ҳам ошиб ўзига хос султонликка айланиб қолган давлатларда кузатиш мумкин.

Бундай давлатларда кузатаётганимиз манзара эса мудҳиш: давлат устига келган шахсни кўкка кўтариш одат тусига айланган, маддоҳлик сурункали тус олган, ҳаётий қарорларни қабул қилиш деярли бир кишининг иродасига асосланади ва муҳокама қилинмайди. Шахсга сиғиниш мафкура даражасига кўтарилган бўлади, таълим даргоҳларида ижтимоий фанлар деярли йўққа чиқарилиб, ўрнига бир кишининг иродасига «бўйсуниш таълимоти» дарс берилади.

Руҳи бузилган бундай «султон»лар мадҳияларга муҳтож бўлиб қолади – кучли, наркоти́к қарамликка ўхшаган қарамлик юзага келади уларда. Табиийки, биринчи шахснинг бундай қарамлигидан манфаатланишни истайдиганларнинг сафи унинг атрофида кенгаяди.

Бундан ташқари, маддоҳлик муҳитида ўзининг қабиҳ ниятларини амалга оширишни истайдиганлар, халқ мулкини пинҳона ўмаришни кўзлаган кимсалар ниятига етади.

Маддоҳлик ҳукм сурган муҳитда миллат онги қақшатқич зарба ейди. Чунки бундай муҳитда одамлар муаммолар ечимини ўзларининг жонбозлиги билан эмас, балки битта одамнинг («давлатнинг») иродаси билан боғлай бошлашади. Бундай туйғу кишиларда ўрнашгандан кейин эса лоқайдлик, ҳафсаласизлик ёйилади, ақлни ишлатиш, тафаккур қилишга эса «эҳтиёж қолмайди». Ўтмишда буюк, ҳозирда эса буюклигидан асар ҳам қолмаган миллатларнинг қулаши сабабини хусусан шу ерда излаш керак...

Миллатни тиз чўктирувчи дард
Маддоҳлик ростанам миллатни тиз чўктиради. Чунки у инсон яралишининг асл мақсадига зиддир. Инсон бу учун яралмаган. Асл яралиш мақсадига зид тасарруф билан эса ҳеч қачон муваффақиятга эришиб бўлмайди.

Маддоҳлик ҳар икки томонни – маддоҳни ҳам, мадҳ этилганни ҳам бахтсизликка олиб борувчи дард. Унинг оқибатида инсон қадри, жамият салоҳияти, ишлар самараси, моддий ва маънавий бойликлар заволга учрайди.

Маддоҳлик гуноҳларнинг энг каттаси бўлмиш ширк балоси томон қўйилган шахдам қадамдир. Баъзи ҳолатда айнан ўзидир. Дунёни измида тутиб турган, ёмғир-у шамолни яратган, жонимиз қудрат қўлида бўлган Зотни қўйиб, бир инсонни илоҳлаштиришга олиб борувчи улкан дарддир.

Шокир Шарипов

Манба: Kun.uz
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Жамият » Маддоҳлик вируси – миллатни тиз чўктирувчи дард