12:24 / 23.07.2020
2 312

«Буз-буз»ларга оид машмашалардан тортиб попуги пасайтирилган мансабдорларгача…

«Буз-буз»ларга оид машмашалардан тортиб попуги пасайтирилган мансабдорларгача…
Кеча Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлигида (АОКА) судларнинг жорий йил биринчи ярмидаги фаолияти ҳамда суд-ҳуқуқ соҳасидаги муҳим ва долзарб масалалар бўйича матбуот анжумани ўтказилди.
1
ДАВЛАТ ОРГАНЛАРИ, вазирлик ва республика миқёсидаги ташкилот раҳбарларининг оммавий ахборот воситалари (ОАВ) вакиллари учун тез-тез брифинг ташкил этиши яхши анъанага айланиб бораётганди. Ўтган йилнинг охирига келиб, бундай тадбирлар ўрнини секин-секин тегишли виртуал шаклдаги «матбуот хизмати хабарлари» эгаллашга ўтди. Масъуллар учун шуниси қулай экани аниқ. Рост-да, журналистларга «тирик нишон» бўлгандан кўра, жимжимали ҳисобот-у ахборотларни матбуот хизматлари орқали тарқатиш қайси раҳбарга ёқмайди?!
2
ЖОРИЙ ЙИЛНИНГ биринчи чораги охирига келиб, карантин қоидалари жорий этилиши билан, мутасаддиларнинг «қулоғи тинчиди». Пандемияга қарши курашга масъул идорларни айтмаса, бошқа ташкилотларга ОАВ учун махсус брифинг ташкил этиш ташвиши қолмади ҳисоб. Ҳозирги шароитдан келиб чиқилса, «тинч қулоқ — кўнгил ҳузури» дейишга тил бормайди. Бироқ сурнай навосини эшитса, дорбознинг товони қичиганидек, бугун ҳар қадамда «ажи-и» деб чиқиб келаётган муаммолар ОАВ ходимларида кўплаб саволлар туғдираётгани бор гап. Саволларга очиқ мулоқотлар чоғида тўлароқ жавоб олиш эътиборидан анъанага айланай-айланай деганда «депсиниб қолаётган» брифингларни соғиниб қолганимиз чин.
3
ШУ МАЪНОДА, кеча Олий суд томонидан ташкил этилган брифинг «чўллаб қолаёзган» ОАВ ходимлари учун кичик чашма вазифасини ўтади. Олий маҳкама журналистлардан қочадиган эмас, пешвоз чиқишдан чўчимайдиган органга айланиб бораётгани рост (буни эътироф этмаслик инсофдан бўлмайди — Олий суд ташаббуси билан махсус брифинглардан ташқари ҳар ойда бир марта ОАВ ходимлари билан учрашувлар ташкил қилинаётганди, пандемия сабаб бундай тадбирлар «дам еб» қолгани — бу энди инсон омилига боғлиқ эмас). Нима дейсизки, суд тизими мутасаддилари билан қанча кўп жонли мулоқотлар ўтказилмасин, ҳаммаси баҳс-мунозараларга бой ўтади, баъзан тортишувлар «чегарадан чиқиб» кетишини-ку, айтманг...

Саволлар кўп-да, тизим ходимларига.
4
КЕЧАГИ ТАДБИРДА Олий суд раисининг нақ уч нафар ўринбосари иштирок этди (кам учрайдиган ҳолат). Уччаласи ҳам зерикиб қолгани йўқ. Аксинча, пайдар-пай берилган саволлардан яхшигина «терлашди» ҳатто. Эътиборлиси, тадбирда савол беролмай қолган ОАВ ходими қолмади. Берилган саволлар ҳам очиқ қолгани йўқ... Жавоблардан журналистнинг «қорни тўйган-тўймагани» — бошқа гап энди.

ЧУЧВАРАДАН МАҚСАД — гўшт емак бўлганидек, брифингдан муддао — ахборот беришдир. Тадбирдаги савол-жавобларни битта мақолга сиғдириш имконсиз, шу боис улар ҳақида алоҳида-алоҳида хабарлар тайёрлашни яқин келажакка қолдириб, ўтган ярим йилда судлар фаолиятини акс эттирувчи рақамларга мурожаат қилсак.
5
ЖИНОЯТ ИШЛАРИ БЎЙИЧА судлар томонидан ўтган ярим йилда 17251 (ўтган йилнинг шу даврида айни рақам 18745 нафарни ташкил этган) нафар шахсга нисбатан 13991 та (2019 йилда — 14269) жиноят иши кўриб тамомланган. Шундан, 3374 (2845) та жиноят иши тарафларнинг ярашганликлари муносабати билан тугатилиб, 3535 (3028) нафар шахс жиноий жавобгарликдан озод қилинган (дарвоқе, ярашув институти жорий этилган 2001 йил 18 октябрдан ҳозирги кунга қадар бундай тоифадаги 210322 та жиноят иши бўйича 226863 нафар шахс жиноий жавобгарликдан озод қилинган, уларга «судланган» тамғаси босилмайди).

АЙТИЛИШИЧА, УМУМИЙ ЖИНОЯТЛАР СОНИ ўтган йилгига қараганда камайган. Бироқ вояга етмаган (ёки меҳнатга лаёқатсиз) шахсларни моддий таъминлашдан бўйин товлаш, қўшмачилик (ёки фоҳишахона сақлаш), ҳаракат хавфсизлиги қоидаларини бузиш, безорилик каби жиноятлар сони сезиларли равишда кўпайган. Эътиборлиси, ярим йилда 256 та иш бўйича 371 нафар шахс оқланган ёки ишлар реабилитация асосларида тугатилган (кейинги уч йилда оқланганларнинг умумий сони 2360 нафарни ташкил этади). Судда абжағи чиқиб, охир-оқибат судланувчиларнинг оқланишига олиб келган «дело»ларнинг 58 фоизи (ярмидан кўпроғи!) прокуратура, 28 фоизи ДХХ, қолган 14 фоизи ИИБ терговчилари «ижодига» (тасдиқланмаган айблов шунақа дейлади-да!) тўғри келади. Демак, терговдаги сифат муаммоси оғриқлигича қолмоқда...

ДАРВОҚЕ, ЖИНОЯТ ИШЛАРИ бўйича судлар тўла таркиб билан ишлаётгани йўқ. Маълумотларга қараганда 73 та судьялик штати ўз эгасини кутиб ётибди (жиноят ишлари бўйича судларда жами 434 та судьялик лавозими штатлари мавжуд бўлиб, айни пайтда 361 нафар судья фаолият кўрсатяпти).
6
ФУҚАРОЛИК ИШЛАРИ БЎЙИЧА ишлар — суднинг энг ғурбат тармоғи ҳисобланади (норасмий тарзда айтганда, албатта). Фуқаролик-ҳуқуқий муносабатлар келиб чиқадиган низоларнинг тури кўп, кўз илғамас қирралари, шунингдек, маълум вақт ўтгач, лоп этиб чиқиб қоладиган янги ҳолатлари ҳам йўқ эмас. Айни омиллар низо бўйича жараён узоқ давом этишига сабаб бўлиши аниқ. Буни билган билади, билмаган йўқ: шу ва шу каби сабаблар натижасида фуқаролик ишлари бўйича судьялар бошида кўп калтак синишини ҳам.

ПАНДЕМИЯ САБАБ фуқаролик ишлари бўйича судларда айрим тоифадаги ишлар (уйдан кўчириш, уйга киритиб қўйиш, никоҳни бекор қилиш ва ҳоказо) кўрилиши вақтинча тўхтатилган. Шунга қарамай, кўрилган ишлар сони ўтган йилнинг шу даврига (91744 та) қараганда кўп: 92348 та! Фуқаролик судига мурожаат қилганларнинг аксарияти муроди ҳосил бўлган кўринади (67488 та даъво ариза қаноатлантирилган), 10368 та даъво ариза асоссиз деб топилиб, рад қилингани айрим даъвогарларга «йилт этган ҳар нарса тилло эмасдир» мақолини эслатса, ажабмас. 4030 та ҳолатда даъво юзасидан иш юритиш тугатилгани, 10462 та ариза кўрмай қолдирилгани замирида эса кўпроқ томонларнинг муроса-ю мадораси ётади. Бунда судьянинг ҳиссаси катта.

«БУЗ-БУЗ»ЛАРГА ОИД МАШМАШАЛАРни суддан айро тасаввур қилиб бўлмай қолгани бор гап. Суғориладиган қишлоқ хўжалиги ер майдонлари ўзбошимчалик билан эгалланганига оид низолар билан боғлиқ ишларни-ку, айтманг. Бу борада Олий суд баёнот устига баёнот беришга мажбур бўлаётганининг ўзи ҳақиқий манзараларни такрор-такрор тушунтиришга тўғри келаётганини кўрсатади. Кечаги тадбирда ҳам айни масала яна кўтарилди. Айтилдики, ўтган вақт давомида 13510 та даъво талаби асосида 10115 та фуқаролик иши кўриб чиқилиб, шундан 8111 таси қаноатлантирилган.

Бироқ бу «буз-бузлар»га оид пачка-пачка суд қарорлари чиқариляпти, мазмунидаги маломатларга асос бўлолмайди. Киритилган даъволарнинг 486 таси асоссиз деб топилиб, рад этилган, 646 таси бўйича иш юритиш тугатилган бўлса, 872 та даъво талаби кўрмасдан қолдирилган. Ўзбошимчалик билан эгалланган ер майдонига қурилиб, одамлар яшаётган уй-иморатларни бузишга оид 1688 та даъво талабини кўриб чиқиш Олий суд раҳбарияти ташаббуси билан тўхтатилганини наҳот яна такрорлаш шарт бўлса?!
7
ИҚТИСОДИЙ ИШЛАР БЎЙИЧА судларда олти ойда (биринчи инстанция суди сифатида) 51727 та иш кўриб чиқилган. Жами 1769 та суд мажлиси видеоконференцалоқа режимида ўтказилгани алоҳида таъкид этилди. Негаки, бу иштирок этувчи шахсларнинг 3274 нафар вакили ўзлари жойлашган ҳудудлардан чиқмаган ҳолда (масофдан туриб) судда иштирок этганини, бунинг натижасида қарийб 926,3 млн. сўм маблағи тежалганини англатади-да. Ҳал этилган ишлар бўйича даъвогар (аризачи)лар фойдасига 2,9 трлн. сўмдан ортиқ маблағ ундирилган. Кўриб чиқилган ишларнинг 14255 таси хусусий тадбиркорлар, кичик бизнес субъектлари ва фермер хўжаликларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилишга оид бўлиб, улар фойдасига ундирилган маблағлар миқдори 824,7 млрд. сўмни ташкил этади.

ЯНА БИР ГАП. Судларда (ҳаммасида) низо кўрилиб, қарорлар чиқарилар экан, бу судьянинг иши шу билан якунига етганини англатмайди. Авваллари кўпам кўзга ташланмасди, кейинги пайтларда ишларни кўриш жараёнида аниқланган қонунбузилиш ҳолатлари юзасидан айбдор мансабдор шахсларга нисбатан ҳуқуқий таъсир чораларини қўллаш бўйича қўшимча суд актлари чиқарилаётгани яққол кўзга ташланаётир. Мана, биргина иқтисодий судлар томонидан шу мазмунда жами 1272 та суд акти қабул қилинган. Яъниким, (мансабдорларга нисбатан) 125 та маъмурий иш қўзғатилган, 198 та моддий, 250 та интизомий чора қўллаш ҳақида қарор, қонунбузарликларнинг олдини олиш ва келгусида такрорланмаслиги юзасидан 699 та хусусий ажрим чиқарилган...

Хўжалик юритувчи субъектлар билан муносабатда кўпгина мансабдорлар чегарадан чиқиб кетяптида, сираси.
8
МАЪМУРИЙ СУДЛАР — янги ҳуқуқий институт. Айни судлар ташкил этилиши фуқаролик ва жиноят ишлари бўйича судларнинг юкламаларини анча енгиллаштиргани аён. Қуйидаги рақамлардан мазкур суд ташкил этилмасидан аввал бошқа судлардаги ишлар ҳажми қандай бўлганини тасаввур қилиб олаверинг: 2020 йилнинг биринчи ярмида маъмурий судларда 183 137 нафар шахсга нисбатан қўзғатилган 149684 та иш кўриб чиқилган. Шунингдек, юридик шахслар ва фуқаролардан келиб тушган 6871та ариза бўйича оммавий-ҳуқуқий муносабатларга оид низолар ҳал этилган...

ЖАМИ МАЪМУРИЙ ҲУҚУҚБУЗАРЛИКЛАР тўғрисидаги ишларнинг 101 907 таси (68,1 фоизи) бўйича 120 484 нафар шахсга нисбатан маъмурий жазо қўлланилган. Ўтган давр давомида маъмурий судлар томонидан Мажбурий ижро бюроларига 67183 та — 105,1 млрд. сўмлик ижро варақлари юборилган. Ҳозирча шундан 51,0 млрд. сўми хазинага тушибди...

ИШЛАР ТАҲЛИЛИГА КЎРА, маст ҳолда автомашина бошқариш ва тўлов интизомига риоя этиш масаласида катта ижобий силжиш бор. Шунинг баробарида майда безорлик (МЖтК, 183-модда), ИИБ ходимининг қонуний талабларига бўйсунмаслик (МЖтК, 194-модда) каби маъмурий ҳуқуқбузарликлар сони кескин ортган.

ДАРВОҚЕ, тақдим этилган маълумотда «Эпидемияларга қарши кураш қоидаларини бузиш»га (МЖтК, 56-модда) оид ишлар борасида ҳеч гап йўқ. Шубҳасиз, пандемия сабаб бундай ишлар сони ўтган йилгига таққослаб бўлмайдиган даражада ортиб кетган. Бундай тоифа ишларнинг сони ва салмоғи ҳақида гапириб, ярага туз сепгиси келинмади, чамаси...

ШУНДАЙ ГАП ЮРАДИКИ, маъмурий суд судьяларининг иши бошқа судларга таққослаганда осон, ихчам-ихчам «дело»лар кўрилиб, қарор чиқариладики, бунда ортиқча риёзат чекиш йўқ... Албатта, бу ўта-ўта нисбий гап. Кўрилаётган ишларнинг қувватида фарқ бўлиши мумкин, бироқ, ҳар қайси судда, моҳиятан, барибир инсон тақдири туради. Маъмурий судларда «ихчам-ихчам» ишлар кўрилиши тўғри. Бироқ оммавий-ҳуқуқий муносабатларга доир ишларни ҳал қилиш мазкур суд судьяларининг чекига тушган.

Оммавий-ҳуқуқий муносабатларга оид низо — мансабдорларнинг «панжасига панжа»га уриш деганидир. Бу (судьядан) профессионал лаёқатдан ташқари профессионал жасорат ҳам талаб қиладиган омил. Нима, судларга етадиган «кўринмас қўллар» йўқ дейсизми?! Бўлганда қандоқ. Шунга қарамай маъмурий судларда озмунча мансабдорнинг попуги пасайтирилаётгани йўқ... Бардавом бўлсин.
9
ЯНА ИККИ ОҒИЗ ГАП. Юқоридаги баёнлар, келтирилган мухтасар рақамлардан (рақамлар ғиж-ғиж, кераклиси келтирилди) судлар фаолиятида ҳақида озир-кўпдир тасаввур эга бўлдингиз, чоғи. Қабул қилинаётган ишларнинг сони бошқа, сифатида бошқа, албатта. Сифат масаласи бошқа мавзу ва у бошқача оҳангни талаб қилади, аслида. Қуйи судлар томонидан чиқарилаётган қарорларнинг 3 фоизидан 8 фоизигачаси юқори судларда ўзгартирилаётгани ёки бекор қилинаётгани айтилади. Фоиз ҳисобида олинса, рақам катта эмас.

Бироқ кўрилаётган ишларнинг умумий сонидан келиб чиқилса, кичкина рақамларга жо бўлган ишлар миқдори тўрт хонали сонларга яқинлашиб қолади. Бундан ваҳима ясалмоқчи эмас. Судларнинг бир неча поғонага бўлиб қўйилганидан мақсад шу: қуйи судларда йўл қўйлиши эҳтимоли бўлган хато-камчиликлар юқори босқичларда бартаф этилиб, пировардида, қонунийликни таъминлашдир. Бу тушунарли. Аммо ўтган олти ойда иш фаолиятида жиддий камчиликларга йўл қўйган 35 нафар судья интизомий жавобгарликка тортилгани, олти нафари вазифасидан озод этилгани уларга қўйилаётган талабга ҳам, кадрлар билан боғлиқ муаммоларга далолат қилади...

Шунисига эндиям «йў-ўқ!» демайлик?!

arenda kvartira tashkent


Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Жамият » «Буз-буз»ларга оид машмашалардан тортиб попуги пасайтирилган мансабдорларгача…