20:12 / 28.10.2020
1 861

Дорихоналарда нарх-наво нега ҳамёнбоп эмас?

Дорихоналарда нарх-наво нега ҳамёнбоп эмас?
Карантин шароитида халқимизни энг зарур дори воситаларига бўлган эҳтиёжини қондириш ва қонунбузилиши ҳолатларининг олдини олиш муҳим масала. Аммо шундай қийин вазиятда одамларнинг ташвишидан чўнтак қаппайтириш илинжида бўлган дорихоналар эгалари бўлган «тадбиркор»лар ҳам йўқ эмас.

Бугун орамизда ўзи яшайдиган шаҳар-туман бўйича дорихонадаги нархларни солиштириб, ундаги кескин тафовутдан асаби бузилаётган, бундай фарқ қаердан юзага келади? – деган саволга жавоб излаётган ҳамюртларимиз сони ортиб бормоқда.

Хўш, маълум бир ҳудуддаги битта кўчада жойлашган дорихоналарда битта ишлаб чиқарувчининг, бир хил таъсир кучига эга ва бир хил қадоқланган дори нархлари нега бир-биридан кескин фарқ қилади? Нархларнинг 30-50 минг сўмгача ва ҳатто ундан катта миқдорда фарқланишини қандай тушуниш мумкин? Бирида арзонроқ, иккинчиси эса шаҳар ёки туман бўйича энг қиммат...

Дори воситалари нархларидаги фарқни кўпроқ ишлаб чиқарувчидан дорихонага етказиб берилишигача боғлиқ харажатлар билан асослаш тўғрими? Албатта, ушбу жараёнда кўплаб воситачи «тадбиркор»лар даромад топади. Уларнинг харажати ўзаро фарқланиши мумкин. Барибир, нархдаги фарқ шунчалик катта бўлиши асослими?

Фарғона шаҳрида бир-бирига яқин ҳудудда жойлашган «Хурмо» хусусий корхонасига қарашли 2-сон дорихона, “Vodiy Evro Farm Servis“ МЧЖ, “Ray Gras Fergana” МЧЖ 2-сон филиали, “Best Life”МЧЖ сингари дорихоналарда “Favizovir”, “Croprinosin”, «Трамбапол», «Тромбас», «Азимак», «Курантил» каби дори воситалари 20-50 минг сўм, баъзан ундан ҳам кўпроқ фарқ билан сотиляпти.

Мамлакатимизда ишлаб чиқарилган, шунингдек, Россия, Ҳиндистон, Германия, Венгрия, Украина, Грузия сингари хориж давлатларидан олиб келинган дори-дармонлар нархида сезиларли фарқ бор. Дорихоналар сотувчиларининг қайд этишича, кейинги пайтда коронавирус профилактикаси билан боғлиқ дори-дармонларга бўлган талаб жуда юқори бўлаётгани учун нархлар ошиб кетмоқда. Шу боис дорихоналарда баъзан оддий таблеткалар, ҳатто тана ҳароратини ўлчовчи термометрлар тақчиллиги кузатиляпти. Битта дори воситасини 1 млн. 200 минг – 1 млн. 300 минг сўм, 650-700 минг сўмдан сотилаётгани ҳолатлари ҳам учраб турибди.

Дорихоналарда ҳимоя ниқоби (маска) режими қатъий бўлиши зарур. Аммо аксарият ҳолларда сотувчилар ҳимоя ниқобисиз кириб келган харидорлар билан ҳеч қандай огоҳлантиришсиз савдо қилмоқда.

— Вилоятда 1530 та дорихона ва унинг филиаллари мавжуд,-дейди Фарғона вилояти фармацевтика тармоғини ривожлантириш бўлинмаси бошлиғи Орифжон Фозилов. – Биз фақат дорихоналарга лицензия беришга масъулмиз. Агар дорихона фаолияти юзасидан истеъмолчилар ёки масъул идоралардан шикоят бўлса, кейин лицензияни бекор қилиш масаласи кўриб чиқилади. Бугунги кунга қадар бу борада бизга ҳеч қандай шикоят бўлгани йўқ.

Фарғона вилояти давлат солиқ бошқармаси масъуллари томонидан вилоятдаги 1121 та дорихоналарга 179 нафар ДСИ ходимлари бириктирилган. Дорихоналарда тасдиқланган рўйхат асосида бўлиши шарт бўлган дори воситалари доимий таъминланиши ва 3 ойлик захирасини яратиш, дори воситаларини белгиланган меъёрларга мос устамалар асосида сотиш, нархларни асоссиз оширмаслик ҳамда савдо жараёнида онлайн назорат-касса техникалари тўлиқ қўлланиши юзасидан кафолат хати олинган. Бугунги кунга қадар солиқ идоралари томонидан 17 та қонунбузилиши ҳолатлари аниқланди.

Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаменти вилоят бошқармаси ходимлари томонидан эса 135 та ҳолатда қонунбузилиши ҳолатлари фош этилди.

Риштон туманидаги “Sayyora” хусусий корхонасига қарашли дорихонада «Гепарин 5мл №5» дориси 250 минг сўмдан сотилаётгани аниқланиб, белгиланган устама асосида сотилмаётгани учун нархи 126 минг сўмга туширилди. Дорихона сотувчиси У. Раҳмонов нархни асоссиз оширмаслик бўйича расман огоҳлантирилди.

Худди шу «Гепарин 5мл №5» дори воситасини Қувасой шаҳрида жойлашган «Фартуна-Юр» хусусий корхонасига қарашли дорихонада 375 минг сўмдан сотилаётганлиги маълум бўлди. Сотувчи Н. Мелибоева расман огоҳлантирилиб, мазкур дорини белгиланган устама меъёри бўйича 126 минг сўмдан сотиш зарурлиги тушунтирилди.

Департаментнинг вилоят бошқармаси томонидан ўтказилган назорат тадбирларида «Гепарин 5мл №5» дориси Олтиариқ туманига қарашли «Муҳаммад Азиз фарм» дорихонасида 153 минг сўм, «Меҳригиё фарм Олтиариқ» дорихонасида 165 минг сўмдан сотилаётгани аниқланди ва тушунтириш ишлари натижасида бу дорини белгиланган устама меъёри асосида 126 минг сўмдан сотиш йўлга қўйилди.

Биргина «Гепарин 5мл №5» дори воситаси Олтиариқ ва Риштон тумани, Қувасой шаҳрида бир-биридан 150 минг, 225 минг сўмгача қиммат нархда, катта фарқ билан сотиляпти. Шаҳар ва туманларда худди шу каби бир хил турдаги яна ўнлаб дори воситалари сезиларли фарқ билан сотилиши ҳолатлари аниқланди.

Таҳлилларга қараганда, карантин даврида вилоятга бир неча янги дорилар олиб келинди. Бу оммавий тус олмаган бўлса-да, шифокорлар томонидан беморларга керакли-кераксиз дориларни ёзиб бериш ҳолатлари кўплигидан ҳам кўз юмиб бўлмайди. Бунинг эвазига эса дори-дармонларни импорт қилувчи тадбиркорлар томонидан шифокорлар маълум миқдорда «рағбатлантирилади». Бундай ҳотамтойликнинг жабри яна истеъмолчига тушади: дори-дармоннинг нархи ошаверади...

Ботир МАДИЁРОВ

Dasturlash foundation


Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Жамият » Дорихоналарда нарх-наво нега ҳамёнбоп эмас?