16:43 / 30.11.2021
2 211

Адлия вазирлиги депутат Расул Кушербаев долларни «қора бозор»дан алмаштирганини қоралади

Адлия вазирлиги депутат Расул Кушербаев долларни «қора бозор»дан алмаштирганини қоралади
Фото: Telegram / Расул Кушербаев
Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати Расул Кушербаев Facebook’да жонли эфирга чиқиб, ўзи истиқомат қиладиган Янгийўл шаҳрида 27 ноябрь, шанба куни бир соат давомида валюта айирбошлаш шохобчасини излагани, бироқ уларнинг барчаси ёпиқлиги сабаб 50 долларни «қора бозорда» алмаштиришга мажбур бўлганини ёзиб, Марказий банкни танқид қилганди. Ҳолатга Адлия вазирлиги муносабат билдириб, унинг бу ҳаракатини қоралади.

Унда таъкидланишича, депутат бу ҳаракати билан Ўзбекистон қонун ва тартибларини бузганини ҳамда ўз ҳаракати учун жавобгар бўлишга тайёр эканини намойишкорона маълум қилди. Вазирлик хабарда кўтарилган муаммо ҳаётда учраётганини инкор этмаган ҳолда, унинг айнан ҳуқуқий томонига алоҳида эътибор қаратди.

«Биринчидан, Ўзбекистон Республикаси ҳудудида белгиланган юқоридаги қоидалар ва қонун талаблари кимгадир қулайлиги ёки қулай эмаслиги, ёқиши ёки ёқмаслиги, унинг фикридан, қарашларидан ва ижтимоий мақомидан ёхуд ҳафтанинг қайси куни эканидан қатъий назар бажарилиши мажбурийдир.

Ўзбекистонда ҳуқуқий онг ва маданият, қонун устуворлигини таъминлаш ва ҳуқуқий давлат қуриш бўйича жамият бирлашиб, шу мақсадлар сари интилиб яшаб келмоқда.

Албатта мамлакатда қонун устуворлигини таъминлашда ҳали қатор муаммолар мавжуд ва бу борада қилиниши керак бўлган ишлар жуда кўп. Буни ҳар кунги ҳаётимизда, жамият вакиллари фикрларида, халқаро кузатувчилар ва ташкилотлар рейтингларида ҳам кўриб турибмиз. Шундай экан, ушбу муаммоларни ечиш ва қонунийликни таъминлаш устида бош қотириш керакми ёки тескарисини тарғиб қилиш керакми, деган ҳақли савол туғилади.

Иккинчидан, жамиятни қийнаётган, ўз ечимини кутаётган муаммо ва камчиликлар очиқ ва шаффоф барча даражада муҳокама қилиниб, ечимлар ўртага ташланмоқда. Бунда аҳолининг барча қатламлари, депутатлар, сенаторлар ва мутахассислар ўз фикрларини эркин баён этмоқда.

Лекин депутат Расул Кушербаев томонидан қонун билан жавобгарлик белгилаб қўйилган ҳуқуқбузарликни била туриб содир этиб, бу хатти-ҳаракатини кенг оммага намойишкорона маълум қилиниши жамиятни қонун устуворлиги томон эмас, тескари томонга чорлади, ноқулай пайтда қонунларни бузиш мумкин, ёқмайдиган талабларга кўз юмса бўлади, жавобгарликдан қўрқмайман деган энг нотўғри ва асоссиз сигнални жамиятимизга юборди.

Айниқса, бу ҳаракатлар, қонун қабул қиладиган энг олий орган вакили томонидан, ўзи қабул қиладиган қонунларга риоя этилишини тарғиб қилиши керак бўлган масъул инсон томонидан содир этилгани энг ачинарли ҳолатдир.

Келажакда ҳурматли депутат қонун устуворлигини бошқалардан талаб қилганда, ўзининг ушбу ҳаракатларини жамият аъзолари унга эслатишлари аниқ.

Учинчидан, Қонунчилик палатаси депутати сифатида Расул Кушербаев ўз ваколатлари доирасида масалани тизимли ҳал қилиш мақсадида тегишли сўров билан мутасадди идораларга мурожаат этиши, қонунларга ўзгартириш бўйича ташаббус билан чиқиши ҳам мумкин эди (валюта соҳасидаги қонунларга).

Афсуски, Расул Кушербаевнинг шахсий ўрнак сифатида қонунларни бузиш орқали муаммони ҳал этиш ва бундай ҳуқуқбузарликни маънан ёқлаш усулини танлагани, шу орқали ҳуқуқий нигилизмни тарғиб қилишга олиб келаётганини оқлаб бўлмайди.

Тўртинчидан, «Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатининг ва Сенати аъзосининг мақоми тўғрисида»ги қонуннинг 3-моддасига асосан депутат ўз фаолиятини Ўзбекистон Республикасининг Конститусияси, ...қонунларига ва бошқа қонун ҳужжатларига мувофиқ амалга оширади. Мазкур қонуннинг 11-моддасига асосан депутат одоб қоидаларига қатъий риоя этиши лозимлиги, депутатнинг ўз мақомидан жамият ва давлатнинг қонуний манфаатларига зиён етказадиган тарзда фойдаланишига йўл қўйилмаслиги назарда тутилган», — дейилади вазирлик муносабатида.

Расул Кушербаевнинг юқоридаги хатти-ҳаракатига унинг депутатлик мақомини эътиборга олиб, фақат тегишли ваколатли орган ҳуқуқий баҳо беришга ҳақли экани ва бу жараён амалга ошмагунча ҳеч ким уни қонунбузар деб эътироф этиш мумкин эмас эмаслиги ҳам билдириб ўтилган.

Шунингдек, «Hamkorbank» АТБ Янгийўл филиали томонидан билдирилган муносабатга таяниб, банк биносида жойлашган валюта айирбошлаш шохобчаси шанба кунлари хорижий валютани сотиб олиш хизматини кўрсатиши қўшимча қилинган.

Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистонда 2019 йил август ойида кўп йиллардан бери биринчи марта чет эл валютасини нақд кўринишда сотиб олишга рухсат берилди. Бунга қадар одамлар долларни фақат халқаро банк пластик карталари орқали (Visa, MasterCard ва бошқалар) сотиб олишлари мумкин эди.

Валюта қимматликларини қонунга хилоф равишда олиш ёки ўтказганлик учун эса Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 170-моддасида жавобгарлик белгиланган.

arenda kvartira tashkent

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Жамият » Адлия вазирлиги депутат Расул Кушербаев долларни «қора бозор»дан алмаштирганини қоралади