
Фото: Халқ сўзи
Форель дунёда энг кўп истеъмол қилинадиган, харидоргир, экспортбоп ва ноёб балиқ тури ҳисобланади. Аммо бу турдаги балиқлар жуда нозик хусусиятга эга, яъни улар ҳар қандай сув ҳавзасида ҳам яшаб кетавермайди. Қарши туманида яшовчи тадбиркор Аброр Жўраев бу балиқ турини шу ҳудуд шароитида, артезиан орқали ер остидан тортиб олинган сувда кўпайтиришни тажрибадан ўтказди.
— Бизнинг ҳудудимизда 40 метр чуқурликдан чучук сув чиқади, — дейди Аброр Жўраев. — Ер ости суви ҳарорати 17 даража бўлиб, бу сувда форель балиғи бемалол ривожланишини ўз тажрибамдан ўтказдим. Дастлаб кичик ҳовузларда балиқ ўстирган бўлсам, 2020 йилда ярим интенсив усулда балиқ боқишга ихтисослашган «Хонбалиқ» кластерини очдим. Ҳозирда 15 минг дона форель балиғи чавоқларини 30 та интенсив усулдаги ҳовузда парвариш қиляпман. Уларнинг ҳар бири олти ойда 1,5 килограмм тош босади. Форель балиқларини супермаркет ва бозорларга чиқаришни мўлжаллаб турибман.
Яқинда Ўзбекистон Республикаси Қонунчилик Палатаси Спикери ўринбосари, OʼzLiDeP фракцияси раҳбари, Фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари Кенгаши раиси Актам Хаитов мазкур кластер фаолияти билан танишди. Форель балиқлари етиштиришни кўпайтириш ва бу жараённи аҳоли хонадонларида ҳам жорий этиш борасида тавсиялар берди.

— Аҳоли хонадонларида махсус ҳовузлар барпо этилса ва кластер томонидан балиқ увилдириқлари етказиб берилиб, боқиш технологиялари ўргатилса, албатта, кластер имкониятлари ҳам кенгаяди, аҳоли даромадлари ҳам ошади, — деди А. Хаитов. — Бу фаолиятни қўллаб-қувватлаш мақсадида биз Фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари Кенгаши жамғармасидан имтиёзли кредитлар ажратишга тайёрмиз.
«Хонбалиқ» кластери раҳбари Аброр Жўраев келгусида фаолиятини кенгайтириб, хонадонларда бу турдаги ноёб балиқларни кўпайтириш эвазига йилига 200 тонна балиқ етиштиришни мўлжалламоқда. Ҳозирда 6 киши доимий иш билан банд этилган бўлса, кейинчалик уларнинг сафи анчагина кенгаяди.
Фахриддин Бозоров
Форель БалиғиХонбалиқ КластериАброр ЖўраевАҳоли ХонадонлариБалиқ ЕтиштиришКредит Имтиёзлари Янгиликлар
«Замин»ни Telegram’да ўқинг! Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босингМавзуга оид янгиликлар