1 789
Россияга қўлланаётган санкциялар Ўзбекистон иқтисодиёти ва мигрантлар даромадига қандай таъсир қилади?
Фото: DPA/РИА Новости
Россияга Ғарб давлатлари молиявий жиҳатдан «ҳужум» қилди. Натижада рубль тарихий энг паст даражага тушиб, доллар ва еврога нисбатан ўз қийматини сезиларли миқдорда йўқотди. Бу Ўзбекистон иқтисодиёти ва Россияда ишлаётган меҳнат муҳожирлари даромадларига қандай таъсир кўрсатади?
Ғарб давлатлари коллектив равишда Россия Марказий банки активларини музлатишга қарор қилди. Халқаро санкцияларга тушган Россия банклари SWIFTʼдан узилади, заруратга қараб бошқа банклар ҳам тизимдан четлатилиши мумкин. Бунинг ортидан рубль тарихий энг паст даражага тушиб, доллар ва еврога нисбатан ўз қийматини сезиларли миқдорда йўқотди. Россия МБ қайта молиялаштириш ставкасини 9,5 фоиздан 20 фоизгача кўтарди. Мамлакат экспортёрлари учун валюта тушумларининг 80 фоизини резидентларга мажбурий сотиши белгиланди.
Давлат статистика қўмитаси маълумотларига кўра, 2021 йил якунлари бўйича Россия 7,5 миллиард долларлик савдо айланмаси билан Ўзбекистоннинг энг йирик савдо шериги (2018–2020 йилларда Ўзбекистоннинг ташқи савдодаги энг йирик ҳамкори Хитой бўлган) сифатида қайд этилган. Kun.uz Россия иқтисодиётидаги «қора кунлар» Ўзбекистонга қандай таъсир қилиши мумкинлиги ҳақида мутахассислар фикрларини тўплади.
Валижон Тўрақулов, ташқи савдо бўйича эксперт
Фото: YouTube / Osmondagi bolalar
«Россияга Ғарб давлатлари молиявий жиҳатдан ҳужум қилди. Ҳар қандай иқтисодиётнинг ҳаракатлантирувчи асосий кучи пул ва унинг қанчалик яхши айланишига боғлиқ. Яъни пул айланиши учун бюрократик тўсиқлар қанчалик кам бўлса ва комиссия тўловлари фоизлари арзон бўлса, бу иқтисодиёт тез ривожланишига ижобий таъсир қилади. Шу нуқтайи назардан Ғарб Россияни SWIFT’дан (таъбир жоиз бўлса банкларнинг Whatsapp платформаси) узиб қўйди. Ҳозирда Россия ҳам экспорт қилишда, ҳам импорт қилишда жиддий муаммоларга дуч келмоқда.
Рубль 30 фоиздан ортиқ даражада қадрсизланди. Уруш давом этаётган шароитда Россиянинг ўзида долларга бўлган талаб кескин ошди. Бир нарсага эътибор қаратиш муҳим: рубль қанчага қадрсизланса, импорт маҳсулотларининг нархи шунчага ошади. Импортни ҳам иккига бўлиш мумкин. Биринчиси, хомашё импорти. Демак, Россия ўзининг ички истеъмоли учун қиладиган хомашё импортидан тўлалигича фойдалана олмаяпти, чунки доллар керак, доллар эса жуда қиммат. Бундан ташқари, четга экспорт қиладиган маҳсулотлар учун ҳам хомашё керак. Оддийгина оёқ кийими ишлаб чиқариш учун ҳам қайсидир мамлакатдан маълум миқдорда хомашё олиб келиш лозим.
Бу эса мамлакат экспорт салоҳиятига жиддий таъсир қилади. Ҳам импорт товарлари нархи, ҳам ички ишлаб чиқариш маҳсулотлари нархи (ташқаридан келадиган хомашё қимматлашиши сабаб) ошиши оқибатида бутун Россияда маҳсулотлар қимматлашиши кузатиляпти. Истиқболда иқтисодий турғунлик ҳам вужудга келиши мумкин. Нархлар қимматлашиб, инфляция ошиб кетадиган бўлса, ишлаб чиқариш ва қурилишлар тўхтаб қолади. Хусусан, қурилиш шундай бир соҳаки, у орқали бутун бир саноат (озиқ-овқат, қурилиш материаллари, кийим-кечакка талаб юзага келиши натижасида) ҳаракатланади. Иккинчиси, озиқ-овқат импорти. Чекловлар Россияда озиқ-овқат маҳсулотларининг ҳам қимматлашишига сабаб бўлади.
Россияга қарши киритилган санкцияларнинг Ўзбекистон иқтисодиётига таъсир ҳақида тўхталиб ўтсак. Ҳозирда меҳнат муҳожирларимиз томонидан Россиядан юборилаётган пуллар Ўзбекистон ялпи ички маҳсулотининг тахминан 10 фоизига яқинини ташкил қилади. Бу ердаги оғир иқтисодий вазият сабаб пул оқими келиши кескин пасаяди, ҳаттоки мигрантларимиз ушбу мамлакатда иш топа олмай қолиши ҳам мумкин. Муҳожирларнинг Ўзбекистонга қайтиши эса ҳам иқтисодий, ҳам ижтимоий муаммоларни юзага келтиради. Қайтиб келган фуқароларимизни иш билан таъминлаш муаммоси кун тартибига чиқади.
Россия ва Ўзбекистон ўртасидаги ташқи савдо ҳақида тўхталиб ўтадиган бўлсам, Россия дунё бозорига асосан энергоресурслар (нефть ва газ), темир, пўлат ва ёғоч экспорт қилиш бўйича етакчи ўринларни эгаллайди. Ушбу маҳсулотлар таклифи камайиши, глобал миқёсида нархлар ошишига таъсир кўрсатади. Ўзбекистон ҳам юқоридаги маҳсулотларни катта миқдорда Россиядан импорт қилади. Уруш чўзиладиган бўлса ва санкциялар юмшатилмаса, Ўзбекистон ички бозорида ҳам Россиядан импорт қилинадиган маҳсулотлар нархи ошади.
Ўзбекистон эса асосан рус бозорига пахта (текстиль учун), автомобиль ва қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари экспорт қилади. Ҳозирги кенг кўламли санкциялардан зарар кўришимиз аниқ. Агар тўловларни долларда эмас, рублда қабул қилишга рози бўлган тақдиримизда ҳам рус халқининг сотиб олиш қобилияти пасайиши ҳисобига барибир экспорт қисқаради. Россияда фақат давлат эмас, бутун бошли халқ камбағаллашяпти. Сотиб олиш қобилияти пасайган давлатга биз ҳам озиқ-овқат маҳсулотларини экспорт қила олмай қолишимиз мумкин.
Шу билан бирга, бунинг фойдали томони ҳам бор. Бу Россия йўналишига қарам бўлиб қолган экспорт бозоримизга сигнал бўлиши керак. Ҳукумат ва экспортчилармиз бозор диверсификациясини амалга ошириб, фақатгина Россия бозори эмас, Хитой, Марказий Осиё ва Ўрта Шарқ мамлакатларидаги имкониятларни ўрганиши лозим. Бир бозорга қарам бўлиб қолиш, ўша бозорда қандай салбий ўзгариш бўлса, сиз ҳам шу нарсани татиб кўришингизга сабаб бўлади. Мана шу қарамликдан қутулиб олишга имконият сифатида кўриладиган бўлса, ҳозирги ҳолат яхши. Мен жуда ёмон ҳолатнинг яхши томонини ҳам кўришга ҳаракат қиляпман.
Яна бир жиҳат, Россиянинг санкцияларга тушиши натижасида бошқа бозорлар ёпилиши сабаб юзага келган бўшлиқни Ўзбекистон тўлдириши ҳам мумкин. Аммо Россиядан биз импорт қиладиган товарларнинг бўшлиғини тўлдириш катта бир муаммо. Бу янги бозорларни топиш орқали амалга ошиши мумкин. Шу жойда бир нарсани таъкидлаб ўтиш жоизки, агар Жаҳон Савдо Ташкилотига аллақачон аъзо бўлганимизда эди, ҳозирги ҳолатимизда арзон ва осон янги бозорларни топа олардик. Бу ҳам аслида тезроқ иқтисодиётимизни эркинлаштириш, эркин савдога йўл очиш учун яхшигина сигнал».
Юлий Юсупов, иқтисодчи
«Россиядаги иқтисодий инқироз ишчи кучига, хусусан, Ўзбекистондан келган меҳнат муҳожирлари хизматларига талаб пасайишини англатади. Шунга кўра, мигрантлар сони, уларнинг даромадлари ва Ўзбекистонга пул ўтказмалари ҳажми камаяди. Пул ўтказмалари ҳажмига таъсир ўтказадиган яна бир катта зарба рублнинг қадрсизланишидир. Яъни рубль қанчага қадрсизланса, мигрантларнинг Ўзбекистонга юборадиган ўтказмалари ҳам шунчага камаяди. Россия меҳнат муҳожирларимиз учун асосий мезбон давлат эканини инобатга олсак, буларнинг барчаси Ўзбекистондаги валюта тушумлари ҳажмига, мигрант оилалар даромадига салбий таъсир кўрсатиши муқаррардир.
Пул ўтказмалари ҳажми камайиши эса хорижий валютанинг Ўзбекистонга кириб келишини камайтиради. Бу эса сўм курсига босим ўтказади. Хорижий валютага бўлган талабнинг кескин ўсиши туфайли Қозоғистон тенгеси аллақачон пасайишни бошлади. Сўм Марказий банкнинг қаттиқ назоратида бўлгани учун ҳам ҳали қадрсизланмади. Марказий банк ўз захиралари ҳисобига валюта курсини сунъий равишда узоқ муддат ушлаб туриши мумкин. Сабаби валюта курси барқарорлиги ҳам девалвация, ҳам инфляция кутилмаларини камайтиради ва хорижий валютага бўлган шошилинч талабни пасайтиради.
Аммо бундай сиёсатнинг иккита катта камчилиги бор: Марказий банкнинг олтин-валюта захиралари йўқотилади ва ишлаб чиқарувчиларимизнинг (экспортчилар ва импорт билан рақобатлашувчи компаниялар) рақобатбардош мавқейи миллий валюталари қадрсизланган мамлакатларга (хусусан, Россия, Қозоғистон) нисбатан ёмонлашади. Ўзбекистонда бу мамлакатларнинг маҳсулотлари арзонлашади, бизнинг маҳсулотларимиз эса у ерда қимматлашади. Айтиш мумкинки, катта эҳтимол билан сўмнинг кескин қулаши бўлмайди, аммо миллий валютанинг босқичма-босқич девалвацияси (ҳозирча суст) тезлашади.
Ташқи савдо масаласида аниқ прогнозлар қилиш қийин. Бир томондан, инқироз сабаб Россия ва Украинадаги даромадлар пасайиши ўзбек товарларига бўлган талабни камайтиради (Россия мамлакатимизнинг энг йирик савдо шерикларидан биридир). Иккинчи томондан, Россиянинг транспорт изоляцияси (Россия орқали кўплаб товарларимиз Европа бозорларига олиб чиқилган) ва молиявий операцияларни амалга оширишдаги қийинчиликлар баъзи йўналишлардаги товарларни жисмонан етказиб беришни чеклаб қўяди. Бу ҳолатлар Ўзбекистон экспорт салоҳиятига салбий таъсир кўрсатади.
Бошқа томондан, асосий экспорт товарларимиз бўлган олтин ва газнинг жаҳон бозоридаги нархлари ошишини кутишимиз мумкин. Шунга кўра, ушбу товарларни сотишдан келадиган валюта тушуми ошади.
Шунингдек, Марказий Осиёнинг Россияга яқинлиги ва унинг “геосиёсий манфаатлари” мавжуд бўлган ҳудуд экани минтақа давлатларининг инвестициявий жозибадорлигига салбий таъсир қилиши мумкин».
Беҳзод Ҳошимов, иқтисодчи
«Айтиш жоизки, рублнинг нархи тўғридан тўғри кўп ўзбекистонликларнинг даромадларига таъсир қилади. Бир неча миллион ҳамюртимиз рублда даромад олади. Уларнинг даромадлари ҳисобига кўпгина оилалар кун кўришади. Табиийки, ўзбекистонликларнинг даромадлари пасайиши ҳеч ким учун яхши янгилик эмас. Бир йилда 4-5 миллиард доллар Россиядан Ўзбекистонга келса ва бу рақамларнинг, дейлик, 30–40 фоизга қисқариши ниҳоятда жиддий масала. Худди шундай, Россиядаги иқтисодий инқироз ҳам даромадларга, ҳам иш ўринларига таъсир қилади. Яъни бор ишчиларнинг даромадлари пасайибгина қолмай, янги иш жойлари очилиши камаяди — бу нарса биз учун, табиийки, муаммо. Масаланинг қисқа муддатли ечимлари йўқ. Балки чуқур институционал ислоҳотлар қилишни бошлашга мажбур бўлиб қолармиз».
Миркомил Холбоев, иқтисодчи
Фото: Миркомил Холбоев / Facebook
«Россия иқтисодиётига қўйилган санкциялар натижасида ишсизлик ортиши, рубл қадрсизланиши ҳамда Россия банкларининг SWIFT’дан узиб қўйилиши ўзбек мигрантлари пул ўтказмаларига жиддий таъсир ўтказиши табиий. Биргина рублнинг жиддий даражада қадрсизланиши мигрантлар (доллардаги) ойлик маошининг қарийб икки баробар камайишига сабаб бўлиши мумкин.
Россиядан пул ўтказмаларининг кескин пасайиши даромад даражаси пастроқ бўлган вилоятларга кескин таъсир қилади. Биринчидан, ўртача (умумий) даромади пастроқ бўлган вилоятларда чет элдан пул ўтказмалари улуши бошқа даромад даражаси баландроқ бўлган вилоятларга нисбатан юқори. Иккинчидан, паст даромадли вилоятларда (масалан, Сурхондарёда) чет элга кетган фуқароларнинг аксарияти паст малакали ишчилар ҳисобланади. Паст малакали мигрантларнинг асосий қисми эса айнан Россияда фаолият олиб боради. Шу икки жиҳатга кўра ҳозирги инқироз, даромад даражаси пастроқ вилоятларда кўпроқ сезилиши мумкин. Яъни бу вилоятларда яшовчилар кўпроқ камбағаллашади». “Замин” янгиликларини “Twitter”да кузатиб боринг
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босингМавзуга оид янгиликлар
Шавкат Мирзиёев: “Фаластинлик болалар ва аёлларни беғараз даволашга тайёрмиз”
НАТО собиқ қўмондони: “Путин Украинанинг тахминан 20 фоизини қўлга киритади”
АҚШ Исроилга пули тўланган бульдозерларни бермади
Рақобат қўмитаси биржада Аи-80 бензини бошланғич нархига чеклов ўрнатди
Трамп Путинга қўнғироқ қилиб, Украинадаги урушни муҳокама қилди
Трампнинг ўғли Зеленский яқин орада «нафақадан» маҳрум бўлишини ёзди
Иммунитетни кўтариш учун 6 та энг яхши витамин
Россия томонидан учирилган иккита дрон Молдова ҳудудига қулаб тушди