16:39 / 27.04.2022
1 375

Нега минглаб россиялик IT-мутахассислари Ўзбекистонга кўчиб келмоқда?

Нега минглаб россиялик IT-мутахассислари Ўзбекистонга кўчиб келмоқда?
Тошкент / Фото: Владимира Смирнова / ТАСС
Украинада уруш бошлангач, Россиядан кўплаб бизнеслар чиқиб кета бошлади. Вазият шунчаликка бордики, Россияда фаолият юритаётган онлайн корхоналар ҳам ғарблик мижозларидан қуруқ қолиши эҳтимоли пайдо бўлди. Бундай вақтда тезда яқинроқдаги бошқа мамлакатга кетиш талаб қилинарди. Ўзбекистонга ҳам Россия ва Беларусдаги минглаб IT-мутахассислари кўчиб кела бошлади.

Ўзбекистон россияликлар борадиган машҳур давлатлар сирасига кирмайди. Аммо мамлакатда IT-компаниялари учун жорий қилинган имтиёзлар, нисбатан арзон авиачипталар сабаб Ўзбекистон бу соҳадаги мутахассислар учун янги эмиграция ҳабига айланди. Маҳаллий IT-парк директори ўринбосари Баҳодир Аюповнинг айтишича, 2022 йил феврал ойи охиридан буён мамлакатга Россия ва Беларусдан 5-6 минг атрофида одам келган.

Бу мигрантларнинг кўпчилиги узоқ қолишни истамайди. Ўзбекистон уларни ушлаб қолиш учун нималар қилмоқда?

Москвадаги «Сколкова» бизнес-мактабини тамомлаган ўзбекистонлик тадбиркор Ҳикмат Абдураҳмонов март ойи бошида Тошкентга қайтди. Тадбиркор қайтишда самолётда 50 нафар атрофида славян кўринишидаги йўловчилар борлигига эътибор беради. Ахир одатда самолёт ўзбекистонликлар билан тўла бўларди-да.

Бу ноодатий ҳолатга гувоҳ бўлган Ҳикмат Абдураҳмонов ҳайратини бўлишиш учун Ўзбекистонда IT-парк ташкил этган таниши Фарҳод Ибрагимовга қўнғироқ қилиб, «Сенга ўхшаган одамлар келишди», деб ҳазиллашади меҳмонларнинг аксари IT-мутахассиси эканига ишора қилиб. Фарҳод Абдураҳмонов эса бундай ҳолат бир ҳафтадан буён ҳамма рейсларда такрорланаётганини айтади.

Абдураҳмоновнинг айтишича, IT-паркларга минглаб россиялик дастурчилар кела бошлайди ва уларнинг сони шунчалик кўпайиб кетадики, IT-паркда меҳмонларга уй-жой топиш ва яшаш гувоҳномаси олишга ёрдам берадиган дастур ишлаб чиқилди. IT-парклар кўпроқ хорижлик дастурчиларни жалб этиш учун Ўзбекистон ҳукумати томонидан жорий қилинган ягона чора эмас. 1 апрелдан дастурлаш соҳасида ишловчилар, бундай корхоналар ташкил қилганлар, ахборот технологиялари соҳасида ишловчи муҳожирлар ва уларнинг оила аъзолари учун 3 йиллик виза бериш тартиби жорий этилди.

14 апрел куни эса президент Шавкат Мирзиёев мамлакатни ҳудудий IT-марказга айлантириш, ҳудудий IT-паркларга камида дунё даражасидаги 30 та IT-компанияларни жалб қилиш кераклигини айтди. Forbes Ўзбекистон нега россиялик IT-мутахассислари учун машҳур йўналишга айлангани, нега улар мамлакатда кўп ушланиб қолмоқчи эмаслиги ва ҳукумат уларни ушлаб қолиш учун нималар қилаётганини таҳлил қилди.

Мажбурий кўчиб келиш

Россия Украинага бостириб киргач, EPAM номли IT-компания Россия ва Беларусдан минглаб ишчиларини Ўзбекистонга олиб ўтишга мажбур бўлди. IT соҳасидаги бошқа корхоналар каби EPAM ҳам 2019 йилда ташкил этилган маҳаллий IT-паркларга ёрдам сўраб мурожаат қилади. Бу корхоналар Россия ёки Беларусда фаолиятини давом эттирадиган бўлса, ғарблик мижозларидан айрилишдан қўрққани учун Ўзбекистонга келган.

Меҳмонлар учун IT-парк махсус TashRush дастурини ишлаб чиқади. Унга кўра келаётган меҳмонлар Тошкент аэропортида кутиб олинади, уларга маҳаллий сим-карталар берилади, меҳмонхонагача кузатиб қўйилади, диққатга сазовор жойларга олиб борилади, ишлаш учун рухсатнома олиш, суғурта ва банк ҳисоблари очишга ёрдам берилади. Ҳатто IT-парк меҳмонларнинг бутун жамоасини олиб келиш учун чартер рейс ташкил қилган ҳолатлар ҳам бўлган.

Forbes билан суҳбатлашган EPAM ходимларидан бирининг айтишича, у март ойи бошида Минскдан Тошкентга келган. Уни аэропортда кутиб олиб, меҳмонхонадаёқ вақтинчалик яшаш учун рўйхатдан ўтказишган. Тошкентдаги IT-раҳбарияти айнан қайси компаниялар ўз ходимларини олиб келаётганига аниқлик киритмаган, лекин аниғи шуки, феврал ойи охиридан буён 2000 нафардан ортиқ мутахассислар юқорида айтилган TashRush дастуридан фойдаланган. IT-паркка ташриф буюрувчилар сони эса икки бараварга кўпайган. Айни пайтда IT-паркда 584 нафар резидент рўйхатга олинган бўлиб, яна 200 дан ортиқ аъзолик аризаси берилган. Уларнинг аксари Россия фуқаролари.

Маҳаллий IT-паркда рўйхатдан ўтиш учун мамлакат ҳудудида юридик шахс мақомида белгиланган 18 та фаолият туридан бири билан шуғулланиши ва бу борада бизнес режа тақдим этиши лозим. «Broniboy» етказиб бериш иловаси асосчиси Александр Радионовнинг айтишича, юридик шахс сифатида рўйхатдан ўтиш жараёни максимал осонлаштирилган. Тадбиркорлардан шунчаки PINFL-рақам олиб уни хорижга чиқиш паспорти ёки вақтинча яшаш рухсатномаси билан ҳар қандай давлат хизматлари агентлиги биносида рўйхатдан ўтказиш сўралади. Кейин 25 доллар тўлов қилиб, бир кун ичида юридик шахс рўйхатдан ўтказилади.

IT-паркда корхона офиси бўлмай туриб ҳам рўйхатдан ўтиш мумкин. Аввало корхонанинг даромад манбалари эътиборга олинади. Ҳар бир сотилган товардан олинадиган хизмат ҳақи эвазига пул топадиган онлайн дўкон вакиллари IT-парк резиденти бўлолмайди. Улар ишлаб чиқарган маҳсулоти ва платформаси учун пул олаётган бўлиши керак.

IT-парк резидентлари ҳар ой даромадининг 1 фоизини комиссия тариқасида тўлайди ва эвазига кўплаб имтиёзларга эга бўлади. Аъзо компаниялар эса деярли солиқ тўламайди. Даромад солиғи 12 фоиздан 7,5 фоизга, дивиденд солиғи 10 фоиздан 5 фоизга туширилган. Резидент хорижликларни ишлаш учун рухсатномасиз қабул қилиши мумкин. Улар учун божхона тўловлари бекор қилинган, IT-паркда имтиёз асосида офис ижарага олиш мумкин. Йиллик маоши 30 минг доллардан кам бўлмаган ходимлар эса 3 йиллик виза олиши мумкин бўлади. Бундай резидентларга барча ўзбекистонликларга кўрсатиладиган тиббий ёрдам кўрсатилади, яшаш учун рухсатнома 90 кун ичида қийинчиликсиз янгилаб берилади.

Одатда хорижликлар Тошкентда яшаш рухсатномасини (прописка) олиш учун пойтахтдан камига 300 минг долларлик кўчмас мулк сотиб олиши талаб қилинади, аммо IT-виза соҳиблари ҳар қандай қийматга кўчмас мулк сотиб олиши мумкин. Айнан мана шу имтиёзлар сабаб IT-компаниялар ёппасига Ўзбекистонни танлашди. Масалан, солиқлар борасида Ўзбекистон Арманистон ва Грузиядан кўра яхшироқ имкониятларга эга.

«Broniboy» етказиб бериш хизмати асосчиси Радионовнинг айтишича, Ўзбекистондаги солиқ юкламаси анча қулай. У ҳозирча IT-парк резиденти эмас, шу сабаб даромадининг 6 фоизини енгиллаштирилган кўринишда солиққа тўламоқда. Шунингдек, 15 фоизлик қўшимча қиймат солиғи ҳам. Радионов тез орада камроқ солиқ тўлаш учун аъзоликка ариза топширишни режалаштирмоқда.

TashRush дастури ишлаб турганига қарамай, кўплаб россияликлар Ўзбекистонга мустақил тарзда келган. Умумий ҳисобда Россия ва Беларусдан 5-6 минг атрофида дастурчилар Ўзбекистонга ташриф буюрган. Баъзи нашрлар бу рақамлар 9 мингдан ошгани ҳақида ёзади.

Forbes билан суҳбатлашган аксар россияликлар Ўзбекистонни арзон авиачипталар учун танлаганини айтган. «Арманистон ва Туркияга чипталар нархи 50 минг, ҳатто 200 минг рублгача кўтарилиб кетган бир вақтда Ўзбекистонга 20 минг рублга учиш мумкин эди», дейди Skyeng компанияси менежери Дмитрий Абрамов. Унинг ўзи аввал Самарқандга чипта сотиб олиб, кейин Тошкентга ўтиб кетган.

Яна бир жуфтликнинг айтишича, Тошкентга мушуклари сабаб келиб қолган. Улар парвоз олдидан мушукларини эмлаб, махсус текширувдан ўтказгунича чипталар нархи кўтарилиб, аввалига боришни режалаштиришгани Ереванга тўғридан тўғри рейс ҳам қолмаган. Иккита рейсда учиб мушукларини қийнаб қўйишни истамай турган бир вақтларида Тошкентга арзон чипта борлигини кўриб қолишган.

Аммо Тошкентда уларга айнан мушуги муаммо туғдира бошлаган. Чунки одамлар ўз уйини ҳайвонлари бор оилага ижарага беришни истамаган. Ниҳоят эр-хотин Москвада яшаган танишларининг уйларини мушуклари билан бирга ижарага олган. Сунъий интеллект бўйича мутахассис бўлган Егор исмли йигитнинг айтишича, Тошкентда квартира топишни қийинлаштирадиган жиҳатлардан бири – бу борада эълон бериладиган сифатли платформанинг камлигидир.

Тошкентда миграция оқими кўпайгунга қадар квартиралар ойлик нархи 300-500 доллар атрофида бўлган. Яхши пул тўлай оладиган хорижликлар пайдо бўлиши билан нарх-наво ўртача 500-700 долларгача ошган.

Молиявий муаммо

Дмитрий Абрамовнинг айтишича, Ўзбекистонга пластик картасиз келган. Чунки Россияда тўловларни амалга ошириш учун телефон ёки нақд пулдан фойдаланган. У Самарқандда Россия картасидан телефонни кўрсатган ҳолда пул ечиб олса бўладиган банкомат топган. Аммо Россия банклари томонидан очилган Visa ҳамда Mastercard карталари блоклангач, бундай усулда пул ечиб олиш имконсиз бўлиб қолган.

Шундан кейин Абрамов маҳаллий «Ипак йўли» банкидан карта очган. Бунинг учун паспорт, маҳаллий сим-карта ва рўйхатган ўтгани ҳақида ҳужжат талаб қилинган. Самарқанддаги банклардан бирида ундан вақтинча яшаш рухсатномаси ҳам сўралган.

«Ўзбекистонда Visa карта очиш учун 3 доллар кифоя. Аммо хизмат учун ёки тўловлар учун комиссия тўлаш талаб қилинади. Маҳаллий Humo ва Uzcard карталари эса тўловлар учун пул олмайди», дейди Абрамов.

6 март куни Россия Марказий банки россияликларга ўз картасидан хориждаги ўз картасига пул ўтказишни ҳам чеклади. Шунда Дмитрий Абрамов «Золотоя корона» хизматидан фойдаланишга қарор қилди. Ваҳоланки, кейинроқ Россия Марказий банки россияликларга хориждаги ҳисобига 10 минг долларгача ўтказишга рухсат берганди. Бунга сабаб сифатида SWIFT ўтказмаларида комиссия баландлиги ва баъзан пуллар манзилга етиб бормаслигини келтиришмоқда.

«Золотоя корона» орқали пулларни ечиб олиш анча қулай. Бу хизмат иловаси юклаб олинади, Россия рақами орқали иловада рўйхатдан ўтилади, Ўзбекистонга қандай пул жўнатилиши белгиланади (сўм ёки доллар), сумма кўрсатилади, Ўзбекистонда рўйхатдан ўтган телефон рақами кўрсатилади ва Россия картасидан рублда ўтказма амалга оширилади. Конвертация онлайн амалга оширилади. Операция охирида пул юборилган манзил рақами кўринади. Бу рақамни исталган банкка кўрсатган ҳолда ечиб олиш мумкин. Ўзбекистонда «Мир» карталари ҳам ишламоқда, лекин «Золотоя корона»да коммисия арзонроқ.

IMEI ҳақида

Forbes билан суҳбатлашган Никита Захаров Ўзбекистонда сим-карта телефонга қўйилгач, 30 кун ичида IMEI кодни рўйхатдан ўтказиш тўғрисида огоҳлантириш келишидан ҳайратга тушганини айтади. Акс ҳолда телефон ишламайди. «Мен иккита телефон билан келгандим, лекин битта одам битта телефонни рўйхатдан ўтказа оларкан. Шу сабаб иккинчи телефоним фақат Wi-Fi орқали ишламоқда», дейди суҳбатдош.

Захаров Ўзбекистондаги дўконларда пластик карталар пин-кодини сотувчиларнинг ўзи киритиши, одамлар баланд овозда кодларини айтишидан ҳам ажабланган. Унинг эътибор беришича, кўпчиликнинг пин-коди 1111 бўлган. Карта кодини оддий қилмаслик ва уни ҳеч кимга айтмаслик бўйича махсус ижтимоий реклама ҳам бор.

Россияликлар шундай ноқулайликларга қарамай, Ўзбекистонда ҳаёт анча арзон эканига эътибор берган. Масалан, такси учун ўртача 200-300 рубл тўлашади. Жамоат транспорти ва метро ҳам жуда арзон. Москва билан таққослаганда яшаш анча арзонга тушади. Россияликлар маҳаллий таомлар мазали экани ва арзонлиги, тил борасида муаммо йўқлигига, одамлар меҳмондўстлигига ҳам эътибор қаратган. «Улар бизнинг келганимиздан хурсанд, одамлар қаерда карта очиш мумкин деб сўралган 500 та саволга ҳам эринмай жавоб беришади», дейди Егор.

Суҳбатдошлардан бирининг айтишича, Ўзбекистонда кўп қолмоқчи эмас, ёзда Туркияга кетишни режа қилган. Ёзда ҳаво 40-45 даража исиб кетиши, интернет тезлиги ёмонлиги ва баъзан умуман ўчиб қолиши уни хавотирга солган. Айтишича, кўплаб дўстлари ҳам Ўзбекистонда қолмоқчи эмас. Португалия, Малта, Исроил, Арманистон ёки АҚШга кетмоқчи. Аммо 20 фоиз атрофида эмигрантлар Ўзбекистонда қолишга қарши эмас.

Ўзбекистон Венчур капитали ассоциацияси раҳбари Дилшод Зуфаровнинг айтишича, муҳими хорижлик компаниялар мамлакатга кириб келиши ва маҳаллий бозор учун маҳсулотлар яратиши. «Афсуски, ҳозирча Ўзбекистонда офисини очган IT-компаниялар бошқа бозорлар учун маҳсулот ишлаб чиқармоқда. Ўзбек бозори ҳали ўрганиш босқичида, у катта эмас, аммо стартаплар учун имкониятлар бера олади», дейди Зуфаров.

IT бўйича мутахассис Ҳикмат Абдураҳмоновнинг айтишича, ҳозирча ўзбек бозорида молия технологияси, онлайн таълим ва тиббиёт соҳасида дастурлар харидоргир. Стартаплар 50 мингдан 300 минг долларгача баҳоланиши мумкин.

arenda kvartira tashkent

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Жамият » Нега минглаб россиялик IT-мутахассислари Ўзбекистонга кўчиб келмоқда?