Мали юлдузлари Россияга қарши ўйинга тўлиқ таркибда келади

Россия терма жамоаси март ойида Мали билан уй учрашувини ўтказади. Россия футбол иттифоқи ҳозирча бу ҳақда расман баёнот бермаган бўлса-да, Мали томони ўйин Краснодарда бўлиб ўтишини бир неча бор тасдиқлади. Бу ҳақда euro-football.ru хабар беради.
Мали футбол федерацияси бош котиби Сиди Бека'йе Россияга қарши баҳс учун жамоа энг кучли таркибда келишини маълум қилди. Унинг сўзларига кўра, Биссума, Ниакате, Сангаре, Нене каби етакчилар ва бошқа футболчилар тахминан 25–26 март кунлари Краснодарга етиб келиб, ўйинолди машғулотини ўтказади.
Шунингдек, Бека'йе Россия билан ўртоқлик учрашувини ташкил этиш бўйича келишув унчалик мураккаб бўлмаганини таъкидлади. У Мали терма жамоаси кучли рақибга қарши ўйнашдан мамнун бўлишини қўшиб ўтди.
Эслатиб ўтамиз, Россия терма жамоаси Европа футбол уюшмалари иттифоқи ва FIFA санкциялари остида қолмоқда, шу сабабли ҳозирча фақат ўртоқлик учрашувларида майдонга тушиши мумкин.
“Zamin”ни Telegram'да ўқинг!