Қатарда барча футбол турнирлари номаълум муддатга тўхтатилди

Қатар футбол ассоциацияси мамлакатда ўтказиладиган барча футбол учрашувлари ва мусобақаларини вақтинча тўхтатганини маълум қилди. Қайта старт бериладиган сана ҳозирча йўқ — турнирлар кейинги билдиришномагача бекор қилинган. Бу ҳақда euro-football.ru хабар беради.
Ушбу вазият фонида Finalissima ўйинининг бошқа жойга кўчирилиши эҳтимоли ҳам пайдо бўлди. Аргентина ва Испания терма жамоалари март ойининг охирида айнан Қатарда соврин учун баҳс олиб бориши керак эди.
Аввалроқ АҚШ Эрон ҳудудига қарши ҳарбий амалиёт бошланганини эълон қилганди. Можаро бир қатор давлатларга, жумладан Қатарга ҳам таъсир кўрсатди. Ҳозир минтақадаги хавфсизлик ҳолати оғирлашгани сабаб футбол ўйинларини ўтказиш мумкин эмас.
Ёзда АҚШ, Канада ва Мексика жаҳон чемпионатига мезбонлик қилади. Умид шуки, ўша пайтга бориб дунё бўйлаб вазият барқарорлашади ва хавфсизлик таъминланади.
“Zamin”ни Telegram'да ўқинг!