10:23 / 27.06.2020
2 201

«Биринчи Хайрулла Ҳамидов». Футбол журналистлари устози ҳақида

«Биринчи Хайрулла Ҳамидов». Футбол журналистлари устози ҳақида
Бугун журналистлар куни. Одатда бундай касбий байрамларда соҳа эгалари эътироф этилади. Соҳа эгаси ким ўзи? Журналистика кафедраларида ёшларга журналистикадан билим бераётган домлаларми? Газета ёки сайт муҳаррирларими?

Биласизми, ҳозир бироз бошқача давр. Янгилик ва фикр етказиш формати, услуби, эркинлиги шу қадар ўзгартидики, уни бир қолипга солиб бўлмайди. Бир томондан баҳолаб бўлмайди. Бу ўз навбатида осон, ҳам қийин давр. Энди қандай ёзиш, ўқувчиларни жалб қилиш, қандай услуб танлашдан ҳам кўра, муқаддас ўлчовларни ушлаш, унга амал қилиш орқали бу соҳани тозароқ, холисроқ, эркинроқ ушлаб туриш мумкин.

Соҳада қалам тебратаётган аксарият журналистлар шу соҳада ўқимаганлар, университет парталарида ўтирмаганлар. Демак, профессионал, уста журналистларнинг масъулияти янада катталашади – энди улар ўз фаолиятлари орқали ўрнак бўлишлари, журналистларга журналистикани ўргатишлари керак бўлади.

Футбол, умуман спорт журналистикаси ҳақида гап кетганда, устозим Хайрулла Ҳамидовни алоҳида эътироф этаман. Негалигини қуйида тушунтираман.

Абдулла Қодирий «Ўтган кунлар» билан ўзбек романчилигига асос солмаганида ҳам барибир, бир кун илк роман ёзилиши муқаррар эди. Чунки абадий муҳит бу учун шароит яратиб бўлган, ўқувчи янгилик учун тайёр палла келганди, менимча. Аммо бу Қодирийнинг ҳизматларини камситмайди, албатта, айнан у - кўпчилик ҳайиқиб турган бир даврда, бу соҳада илк қадамни ташлай олган адиб...

Худди адабиёт сингари, футбол шарҳловчилиги ҳам, журналистикаси ҳам турли даврларда ўзига хос ўзгаришларни бошдан кечиргани шубҳасиз. Чунки жамият ривожланади, шакл ва услуб ўзгаради, ўз-ўзидан одамлар янгиликларга тайёр бўлиб бораверади. Аммо журналистиканинг бу ўзгаришларга ўз вақтида реакция бера олиши учун алоҳида бир шахсиятларга, қайсидир маънода ўз «қодирийлари»га таянишини эътироф этган бўлардим.

Мисол учун, рус шарҳловчи Василий Уткинни олайлик. Ҳаммамиз ҳам ўз вақтида рус шарҳловчилик мактаби билан таниш бўлганмиз, ҳозир ҳам бефарқ эмасмиз. Озеров, Перетурин, Маслаченко каби эски авлод билан бугунги Генич, Стогниенко ёки ёши катта бўлса-да, янги авлод вакили бўлган Розановлар ўртасида Василий Уткин туради.

Тенгдошларидан фарқли равишда, айнан Уткин ўзгариш пайти келганини ҳис қила олган, ўша пайтларгача борилмаган чегараларни бузган, қайсидир маънода шарҳловчилик ва умуман спорт журналистикасининг янги даврига асос солишга муваффақ бўлганди.

Ўзбек футбол шарҳловчилиги ёки журналистикаси ҳақида гап кетганда, Хайрулла Ҳамидовни мана шундай мактаб асосчиси деб биламан. 90-йилларда ёзма журналистика, нолинчи йиллар бошида шарҳловчилик касбига кириб келган Хайрулла Ҳамидов ўша чегараларни илк бор босиб ўтган, ўзи билибми-билмайми, ўзидан олдинги ва кейинги журналистика ўртасида кўприк вазифани ўтаганди. Хабар етказишнинг янги даври, энг муҳим фарқ, энди ёзувчи ва ўқувчи ўртасида мулоқот ҳосил бўлишни бошлаган, бу мулоқотнинг ўзи ҳам алоҳида бир матбуотга айланишни бошлаган паллаларда Хайрулла Ҳамидовнинг услубига талаб пайдо бўлганди.

Моҳирона топқирлик дейсизми, ўзгача ёндашув деб баҳо берасизми, адабий тил ва спорт журналистикасининг янада яқинлаштирилгани дейсизми, фарқи йўқ, бир жиҳат бу вазифа Ҳамидов томонидан муваффақиятли бажарилганини исботлайди. Яъни, Ҳамидов ижоди ўша нолинчи йиллар бошида қандайдир ўзгача услуб, баъзиларнинг энсасини қотирадиган янгилик сифатида қабул қилинган бўлса, ҳозир унинг шарҳини ёки мақолаларини ўқиб туриб, бошқалардан фарқламаймиз.

Айтмоқчиманки, шарҳловчиликда ва газетачиликда илк йилларда қандайдир ёт қабул қилинган бу услуб ҳозир ажралиб турмайди. Демак, Хайрулла Ҳамидов бу йўналишда муваффақият қозона олган, кўпчиликнинг унга ҳавас қилишига, шу йўлни танлашига замин ярата олган. Шу йўналишда янги бир авлод шаклланди ёки журналистика ўша Хайрулла ака олдинроқ борган нуқтага етиб борди.

Бир пайтлар ҳаммамиз учун устоз саналган Ахбор Имомхўжаев ҳақида бир фикр айтгандим. Қанчалик тўғри ёки нотўғри, ўқувчига ҳавола, хуллас, Ахбор акани ҳаммамиз устоз санасак-да, аслида у кишидан ҳеч нарсани ўрганиб бўлмайди. Нега биласизми? Чунки Ахбор ака битган ҳар бир ёзувнинг ортида улкан тажриба ва футболга бахшида умр ётган бўлади. Биз Ахбор аканинг умрини, у инсоннинг фидойилигини ўз танамизда ҳис қилмай туриб, албатта, у инсон каби ёза олмаймиз. Ахбор аканинг ҳаётини яшаш, у инсон кўрсатган фидойиликни такрорлаш имконияти эса, бизда ҳеч қачон бўлмайди, ишонаверинг. Демак, у инсон каби бўлишнинг сира иложи йўқ.

Хайрулла Ҳамидов ҳақида эса, бу таърифнинг тескарисини ишлатаман.

Хайрулла Ҳамидовни такрорлаш мумкин. Хайрулла Ҳамидовдақа ёзиш қийин эмас. Хайрулла Ҳамидов каби шарҳлашнинг иложи бор. Яна бир «Футбол плюс» кўрсатувини бошқа журналист бемалол ярата олади. Яна бир «Чемпион» газетасини такрорлаш у қадар қийин иш эмас. «Шедевр» ёки «14 ҳудуд»ни тайёрлаш жуда осон, тан олаверинг. «Одамлар орасида» каби ижтимоий газетага жудаям ўхшаш бўлган, балки ундан ҳам яхшироқ ижод намуналарини кўриб келмоқдамиз.

Яъни Ҳамидовнинг ҳар қандай ижодини ўқир ёки томоша қилар экансиз, етишиш мумкин бўлмаган қандайдир буюк иқтидорни пайқамайсиз. Қандайдир сеҳрли сўзлар билан ҳеч ким ета олмайдиган бирор савияни намойиш қилмайди Хайрулла ака. Йўқ. Менимча, Хайрулла акадан яхшироқ ёзадиган журналистлар ҳам, у кишидан яхшироқ шарҳлайдиган шарҳловчилар ҳам доимо бўлгандир, ким билади...

Хайрулла аканинг ўзига хослиги, ютуғи бунда эмас. Бошқалардан фарқли равишда Хайрулла Ҳамидов мана шу ишларни биринчи бўлиб қилганди, сезяпсизми? Мана шу ҳақиқий Хайрулла Ҳамидов феномени.

Яъни бу биласизми, «гапимиз қизиқ» деган йўналишда юзлаб ажойиб иқтибосларни топиш ва бутун мамлакатни кулдириш мумкин, аммо барибир сиз «иккинчи Ҳожибой Тожибоев» бўлиб қолаверасиз. Буни мен ўз танамда ҳам ҳис қилган шогирд сифатида айтяпман. Бу йўналишда энг моҳирлик билан ижод қилган ҳар қандай журналист барибир фақат Хайрулла Ҳамидовга энг яқин кела олганлик билан улуғланади, холос. Яъни «иккинчи Хайрулла Ҳамидов» бўлгани билан...

Футбол билан қиёслаганда, агар Ахбор акани Пелега ўхшатсак, Хайрулла Ҳамидовни ўзбек футбол журналистикасида Марадонага менгзаш мумкин.

50-60 йилларда футбол инсонларнинг қалбига янги бир ғоя сифатида, иккинчи жаҳон урушидан сўнг халқларни бирлаштирувчи бир куч сифатида янги бир босқичга қадам қўйганди. Бутун дунё мана шундай футболга эҳтиёж сезган давр. Пеле каби мукаммал футболчи образи ўша йилларнинг футболига жуда зарур эди. Футболнинг тинчликсевар, бирлаштирувчи ғояси ортидан одамларни эргаштиришда Пеле ва унинг фидойилиги, тўғрилиги катта аҳамият касб этган.

Марадона - 80-йилларнинг, футбол томоша мақомига ўтаётган даврнинг қаҳрамони. Исёнкор. Одамлар бир хилликдан, мукаммалликдан зериккан бир пайтда, футболни майдондан ташқарига ҳам олиб чиқа оладиган, ўша майдон чегарасини бузиб ўта оладиган, инсониятни ўргатиб, қафасга тиқиб қўйган анъаналар, пешволарга қарши тура оладиган Марадонанинг телбаларча қатъияти кўпчиликнинг дилига малҳам бўлди. Аргентиналик юлдуз футболни янги босқичга олиб чиқди.

Иккинчи Пеле ҳеч қачон бўлмаганидек, ҳар қандай янги даҳо доим «иккинчи Марадона» деб қиёсланишини тушунгандирсиз?

Мен газетада ишлашни бошлаганимда, илк муҳарририм Хайрулла Ҳамидов бўлган. У доим, ҳамма билан гаплашар, ҳафтанинг ярми эски соннинг муҳокамаси билан ўтса, ярми кейинги сон режалари билан давом этарди. Газетада ишлаётган ҳар бир журналист, менимча, «Хайрулла ака мен билан бошқача яқинроқ» деб ўйларди, назаримда. Ўшанда мен балки, газета муҳаррири ўзи худди шунақа бўлади, деб ўйлагандирман. Ва аниқки, адашганимни пайқашим учун кўп вақт кетмади.

Телевидение бўладими, радиоми ёки газетами, айнан Хайрулла акага эргашиб, у инсонга ҳавас қилиб, соҳага қадам қўйган журналистларни бошқаларга нисбатан бахтлироқ бўлганлар, деб ўйлайвераман. Балки яна адашаётгандирман. Аммо бир одамнинг ўз устози ҳақида шунақа ўйлаши ҳам, ўша устознинг ютуғи эмасмикин...

Ўзбек футболига ким қанча ҳисса қўшганини аниқ ўлчаш қийин. Футбол журналистикасида эса, янада имконсиз. Аммо аминманки, бугун эмас, жуда узоқ келажакда ҳам ҳатто, агар футбол журналистикасига ҳисса қўшган инсонларнинг холис руйхати тузилса, у ерда Хайрулла Ҳамидов ҳам албатта ўрин олади.

Қ.Асланов

arenda kvartira tashkent

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Спорт » «Биринчи Хайрулла Ҳамидов». Футбол журналистлари устози ҳақида