Россиялик мактаб ўқувчиларининг 80 фоизи сунъий интеллектдан фойдаланмоқда

Санкт-Петербург халқаро иқтисодий форуми доирасида Россия Рақамли ривожланиш вазири Максут Шадаев қизиқарли маълумотларни очиқлади. Унга кўра, мамлакатдаги мактаб ўқувчиларининг қарийб 80 фоизи мунтазам равишда сунъий интеллект ёрдамчиларидан фойдаланиб келмоқда. Бу ҳақда Ixbt.com хабар беради.
Вазирнинг таъкидлашича, ушбу технологияни ўзлаштиришда авлодлар ўртасидаги фарқ яққол кўзга ташланмоқда. Катта ёшли фойдаланувчилар орасида ChatGPT ва бошқа шу каби сунъий интеллект сервисларидан фойдаланиш кўрсаткичлари ёшларга қараганда анча паст эканлиги қайд этилди.
Ҳукумат вакиллари катта авлод вакиллари учун ҳам замонавий рақамли хизматларни ўзлаштиришга шароит яратиш зарурлигини билдиришган. Шу билан бирга, 1-сентябрдан бошлаб мактабларда информатика дарслари доирасида "Сунъий интеллект" профили бўйича ўқитиш йўлга қўйилиши режалаштирилган.
Феврал ойида Россия Маърифат вазирлиги 5-9-синфлар учун мўлжалланган "Сунъий интеллектга кириш" дарсликларини федерал ўқув қўлланмалари рўйхатига киритган эди. Янги дастур болаларга нафақат сунъий интеллектдан фойдаланишни, балки унинг ишлаш принципларини чуқур тушунишни ўргатишга қаратилган.





























Изоҳлар 0
…