09:30 / 14.11.2023
164

Ушбу 4 турдаги дори воситалари тишингизга жиддий зарар етказади

Фото: Лиса

Куз — шамоллаш, тумов, йўтал ва шу каби ёқимсиз муаммолар мавсуми. Шунинг учун ҳам салқин кунлар бошланиши билан ушбу касалликларга қарши курашишга ёрдам берадиган дори-дармонларни тайёрлаб қўйиш зарар қилмайди. Аммо биз учун одатий бўлган ва мавсумий касалликлар вақтида кўп қўлланадиган дориларнинг ҳаммаси ҳам сиз ўйлагандек хавфсиз эмас.

Улар организмнинг қолган аъзоларига, жумладан, оғиз бўшлиғи саломатлигига жиддий зиён етказиши мумкин.

1. Шамоллашда ёрдам берувчи воситалар — йўталга қарши сўриладиган таблеткалар ва лимон

Биз шамоллаш бошланиши билан унинг асосий белгилари — бурун битиши, тумов, томоқдаги оғриқ ва йўтални енгиллаштиришга ҳаракат қиламиз. Кўпчилик томоқ оғриғига қарши ширин таъмга эга бўлган сўриладиган таблеткалардан фойдаланади. Бу турдаги дори воситалари тишларингиз саломатлигига зарар етказишини истамасангиз, уларни харид қилишда таркибига шакар қўшилмаган турини танланг. Таркибида катта миқдорда шакар сақлайдиган восита оғиз бўшлиғида кариеснинг пайдо бўлиши учун қулай муҳит яратиб беради. Таблетка таркибида ксилит бўлса жуда соз — у нафақат томоқ оғриғи, балки кариесга ҳам қарши таъсир кўрсатади.

Бемор томонидан кўпроқ суюқлик ичилса, унинг ҳолати тез орада енгиллашиши бор гап. Бироқ суюқлик сифатида малина мураббоси қўшилган чой ёки асалли сут ичмаган маъқул, ушбу ичимликлар таркибидаги шакар охир-оқибатда кариесга олиб келади. Кўп ҳолларда беморлар шамоллашдан тезроқ тузалиш мақсадида лимон ёки резаворлар шарбати қўшилган чой ичишади.

Бироқ цитрус мевалар ва резаворлар таркибидаги кислоталар тишлар эмалини емириб юбориши кўпчиликнинг хаёлига ҳам келмайди. Шунинг учун лимонли ёки резаворлар қўшиб тайёрланган чойни ичгандан кейин оғиз бўшлиғини яхшилаб чайиш, орадан 20-30 дақиқа вақт ўтгандан кейин эса тишларни ювиб ташлаш тавсия этилади. Тановулдан кейин шакарсиз сақич чайнаш ҳам вазиятни яхши томонга ўзгартиради.

Кислота тиш эмалига салбий таъсир кўрсатмаслиги учун нима қилиш кераклигини биласизми? Бунинг учун тановулдан кейин тишларни паста, чўтка, махсус ип ва ирригаторлар ёрдамида тозалаш керак бўлади. Ушбу ҳолатда тил гигиенаси ҳақида ҳам унутиб қўймаслик муҳим.

2. Бурун учун томчилар оғиз бўшлиғида қуруқликни келтириб чиқаради

Шамоллашда бурун битишини енгиллаштиришга ёрдам берувчи томчи дори воситалари кўп ҳолларда ҳалқум соҳасидаги қуруқликка сабаб бўлади. Бу томчи дорининг томирларни торайтириш хусусияти билан боғлиқ.

Бироқ, нафас олишдаги кичик муаммонинг ўзи ҳам оғиз бўшлиғининг қуриб қолишига олиб келиши мумкин. Натижада оғиз бўшлиғида сўлак етарлича ишлаб чиқарилмайди.

Сўлак бизга нима учун кераклигини биласизми? Биринчидан, унинг таркибида микробларга қарши курашувчи кўплаб моддалар, иккинчидан, тишлар реминерализациясини таъминловчи ва эмални мустаҳкамлашга ёрдам берадиган минераллар мавжуд.

Оғиз бўшлиғидаги қуруқликни бартараф этиш учун томчи дорини қўллашда қатъий қоидаларга амал қилиш шарт — уларни сутка давомида 2-3 маротаба, ўта оғир кечаётган 2-3 кун учун ишлацангиз кифоя. Белгилар енгиллашгандан кейин эса тумовга қарши дорихоналарда сотиладиган тузли эритмаларнинг ўзи билан курашган маъқул. Хонадаги ҳаво намлигини 50 фоиз таъминлаб берадиган намлантиргич ва кун давомида етарлича суюқлик ичиш ҳам вазиятни яхши томонга ўзгартиради. Агар кичик ёшдаги бола аденоид туфайли бурнидан эмас, оғзидан нафас олаётган бўлса, ушбу муаммонинг ечимини ЛОР аъзолари шифокори билан биргаликда топиш зарур.

3. Оғиз бўшлиғи иммунитетини мустаҳкамлаш мумкинми?

Фото: Лиса

Афсуски, иммунитетни фақатгина соғлом турмуш тарзи ҳамда вакциналар ёрдамидагина мустаҳкамлаш мумкинлиги илмий томондан исботлаб бўлинган. Шунинг учун иммунитетни мустаҳкамлаши ваъда қилинадиган турли-туман препаратларни қабул қилишдан ҳеч қандай фойда йўқ эканлигини ёдда тутинг. Оғиз бўшлиғи иммунитетини мустаҳкамлаш учун эса гигиенага амал қилиш, тишларни доимий равишда чўтка, махсус иплар ва сифатли паста билан кунига камида 2 марта тозалаш керак. Таомноманинг табиий маҳсулотлардан иборат бўлишини назорат қилиш, ширинликлар, кислотали маҳсулотлар, ширин ичимликлар истеъмолини камайтириш зарур. Бундан ташқари, тишларингизни йилда бир марта стоматолог ёрдамида тозалаш ҳам мақсадга мувофиқ бўлади.

4. Оғиз бўшлиғи саломатлигига зарар келтирувчи дори воситалари

Фото: Лиса

Таъкидлаш керакки, оғиз бўшлиғи саломатлигига салбий таъсир кўрсатадиган бошқа турдаги препаратлар ҳам мавжуд. Тетрациклин антибиотиклари айнан мана шундай дори воситалари сирасига киради. Агар бу турдаги антибиотикларни ҳомиладор аёл қабул қиладиган бўлса, ҳомила тишларининг шаклида бузилишлар кузатилиши мумкин. Бундай тиш тузилишига фанда “тетрациклин тишлари” деб ном ҳам берилган. “Тетрациклин тишлари”нинг шакли жуда хунук бўлади, шунинг учун ҳам ҳомиладорлик даврида антибиотикларни шифокор назоратисиз қабул қилиш мутлақо тақиқланади.

Бундан ташқари, тишлар ҳолатига салбий таъсир кўрсатадиган кимётерапия препаратлари ҳам мавжуд. Остеопорозни даволаш учун мўлжалланган препаратлар – бифосфонатларни қабул қилиш вақтида эса тишлар имплантациясини амалга ошириш мумкин эмас, акс ҳолда суяк тўқималарига таъсир кўрсатувчи оғир асоратларнинг олдини олиб бўлмай қолади.

Бундай ҳолатларда қандай йўл тутиш керак?

Аслида ҳар қандай дори воситасининг организмга фойдаси билан бир қаторда зарари ҳам бор. Даволовчи шифокор сиз қабул қилаётган препаратнинг тишлар ва оғиз бўшлиғи саломатлигига зарари бор эканлигини айтган ҳолатда ушбу муаммонинг олдини олишга ёрдам берадиган бошқа дори воситаларини ҳам буюриши мумкин.

Кимё терапияси ҳаёт учун муҳим муолажа бўлгани ва кўп ҳолларда беморнинг ҳаётини сақлаб қолиш айнан унга боғлиқлиги сабаб ушбу амалиётдан воз кечиб бўлмайди. Бундай ҳолатларда стоматолог томонидан профилактик кўрик амалга оширилади, кариес, милк касалликлари унинг назорати остида даволанади.

Ҳар сафар кимётерапия амалиётидан кейин жиддий оқибатларнинг олдини олиш учун тиш шифокорига бориш тавсия этилади.

Хулоса ўрнида шуни айтиш мумкинки, агар даволовчи шифокорингиз сиз қабул қилаётган дори воситасининг оғиз бўшлиғи саломатлигига зарар келтириши мумкинлигини айтса, тишларни амалиётлар бошлангунига қадар даволатиш ва уларнинг ҳолатини доимий равишда текширтириб туриш керак бўлади. Агар бемор дори воситасини узлуксиз қабул қилса, бу ҳақида тиш шифокорига айтиши, шифокор даволаш муолажаларини ўтказиш ва уларни режалаштиришда ушбу омилни ҳисобга олиши зарур.


arenda kvartira tashkent

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Саломатлик » Ушбу 4 турдаги дори воситалари тишингизга жиддий зарар етказади