13:18 / 17.08.2024
290

Узоқ умр кўрай десангиз: юрак саломатлигини мустаҳкамлашнинг 7 усули

Узоқ умр кўрай десангиз: юрак саломатлигини мустаҳкамлашнинг 7 усули
Юрак-қон томир касалликларининг аксарияти узоқ вақт давомида яширин кечиши мумкин. Шунинг учун бундай хасталикларни ўз вақтида аниқлаш ва хавф туғдириши мумкин бўлган омилларини бартараф этиш мақсадида мунтазам равишда скрининг текширувларидан ўтиш тавсия этилади.

Фото: Wday
Соғлом юрак сари: қандай қилиб юрак-қон томир касалликларининг олдини олиш мумкин?

Асабларни асраш

Барчага маълумки, сурункали стресс ва доимий асабийлик юрак-қон томир тизимига салбий таъсир кўрсатади. Стресс вужудга келишининг асосий сабабларини аниқлаш учун турмуш тарзингизни таҳлил қилиб чиқинг ва агар иложи топилса, уларни бартараф этишга ва стрессга тўла муҳитдан узоқроқ бўлишга ҳаракат қилинг. Агар бунинг имкони бўлмаса, уларга нисбатан конструктив муносабатни шакллантиринг.

Уйқу режими ва дам олиш

Уйқу режимига амал қилиш ва ўз вақтида дам олишни унутманг. Ўрта ёшдагилар кунига 7-8 соат ухлаши керак.

Тўғри овқатланиш

Нотўғри овқатланиш одати қон босими, холестерин ва глюкоза даражасининг ошишига олиб келади ва оғир ҳолатларда диабет касаллиги ривожланишига сабаб бўлади. Тана массаси индекси қанчалик юқори бўлса, қанд касаллиги, инсульт ва юрак хуружига чалинишга мойиллик шунча кўпроқ бўлади.

Фото: Wday
Ортиқча туздан воз кечиш

Соғлом инсон кунига ўртача 9-12 грамм миқдорда туз истеъмол қилади. Юрак-қон томир касалликларининг олдини олиш учун эса тузнинг кунлик миқдорини 3-5 граммгача камайтириш керак. Дастлаб фастфуд таомлар, ёғли ва тузланган маҳсулотлардан воз кечиш мақсадга мувофиқ бўлади.

Зарарли одатларни камайтириш

Тамаки ва алкоголь маҳсулотларини истеъмол қилиш вақт ўтиши билан қон томирларига катта зарар етказади. Бундай зарарли одатлар юрак-қон томир касалликларидан ташқари бошқа кўплаб хасталиклар ўчоғи ҳисобланади. Спиртли ичимликларни мунтазам ичиш юрак ритмининг бузилишига олиб келади ҳамда инсульт, юракнинг ишемик касаллиги ва тромблар ҳосил бўлиш хавфини оширади.

Жисмонан фаол бўлиш

Юрак фаолиятини яхшилашнинг энг самарали ва синалган усули бу спортдир. Мунтазам жисмоний машқлар билан шуғулланиш юрак-қон томир касалликлари хавфини камайтиради. Тадқиқотлар шуни кўрсатадики, ҳафтасига камида 150 дақиқа ўртача қийинликдаги жисмоний ҳаракатларни бажариш юрак-қон томир касалликларига чалиниш эҳтимолини 30 фоизга ва қандли диабетни 27 фоизга камайтиради. Шу сабабли, юрак фаолияти яхшиланиши учун ҳафтада 5 маротаба, ўртача 30 дақиқадан жисмонан фаол бўлиш етарли.

Юрак саломатлигини текшириб бориш

Агар юрак-қон томир тизими билан боғлиқ ҳеч қандай сурункали касалликлар бўлмаса, йилига бир марта тиббий текширувдан ўтиш тавсия этилади. Бунда текширув қон ва пешоб анализларини ҳамда ЭКГни ўз ичига олади. Бундан ташқари, холестерин ва унинг фракцияси даражаси, липопротеин А, аполипопротеин А ва B, МB креатин фосфокиназ, гомоцистеин, гемоглобин, инсулин резистентлик ҳамда қон ивиш тестини ўтказишингиз мумкин.

Тананинг захира имкониятларини текшириш учун экокардиёграфия, уйқу артериялари ва пастки артерияларни дуплекс сканердан ўтказиш ҳам зарар қилмайди.

arenda kvartira tashkent

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Саломатлик » Узоқ умр кўрай десангиз: юрак саломатлигини мустаҳкамлашнинг 7 усули