
Тинч ва узоқ уйқу — кўпчилик учун соғлом ҳаётнинг белгиси каби кўринади. Аммо Сан-Антониодаги Техас университети Тиббиёт фанлари маркази олимларининг яқиндаги тадқиқоти бу қарашга шубҳа уйғотди. Уларнинг хулосаларига кўра, тунда 9 соат ёки ундан кўп ухлаш айрим ҳолатларда когнитив функцияларни сусайтириши мумкин.
Ушбу тадқиқотнинг натижалари “Alzheimer’s & Dementia” журналида эълон қилинди. Унда АҚШда ХХ аср ўрталаридан бери олиб борилаётган йирик Framingham Heart Study лойиҳаси доирасида йиғилган маълумотлар таҳлил қилинди. 1853 нафар иштирокчининг маълумотлари ўрганилди — улар 27 ёшдан 85 ёшгача бўлиб, инсульт ёки деменция ташхисини олмаганлар.
Уйқу узайган сари – хотира сусаяди
Олимлар танланган гуруҳнинг уйқу давомийлиги, психик ҳолати ва когнитив кўрсаткичларини чуқур таҳлил қилдилар. Маълум бўлишича, узоқ давом этувчи уйқу умумий ақлий фаолият, эслаб қолиш қобилияти, визуал ва фазовий идрок ҳамда ижро функсияларининг пасайиши билан боғлиқ.
Қизиғи шундаки, ушбу салбий таъсирлар антидепрессант воситалар қабул қилиш ёки қилмасликдан қатъи назар, депрессия аломатлари мавжуд бўлганларда янада яққол намоён бўлган. Бу эса уйқу, руҳий саломатлик ва мия фаолияти ўртасида чуқур боғлиқлик мавжудлигини кўрсатади.
Депрессия ва уйқу муаммолари — чамбарчас боғлиқ
Тадқиқот муаллифларининг қайд этишича, депрессия кўп ҳолатларда уйқу билан боғлиқ бузилишлар билан бирга кечади. Бу ҳолатни башорат қилиш мумкин: чунки депрессиядан азият чекаётганларнинг тахминан 90 фоизи ухлаш ёки уйғонишда қийинчиликларга дуч келади.
Иштирокчилар депрессия аломатлари ва антидепрессантлардан фойдаланишига қараб тўртта гуруҳга ажратилган. Энг кўп когнитив сусайиш узоқ ухлайдиган ва депрессия белгиларига эга бўлганларда кузатилган — бу ҳолат уларда мия фаолиятига жиддий таъсир ўтказган.
Уйқуни меъёрда ушлаш муҳим
Мутахассислар эслатишмоқда: катталар учун кунига 7–8 соат уйқу меъёр ҳисобланади. Бундан кам ёки кўп ухлаш когнитив саломатликка таъсир қилувчи омиллардан бири ҳисобланади. Аммо бу кўрсаткич шахсий ҳолатларга боғлиқ равишда фарқ қилиши мумкин.
Zamin.uz таҳририяти мия саломатлиги, руҳий барқарорлик ва уйқу гигиенаси ҳақидаги илмий янгиликларни сизга тез ва осон шаклда етказишда давом этади. Сиз бу хулосаларга қандай қарайсиз? Эҳтимол, меъёрдан кўп ухлаш ҳам саломатликка салбий таъсир қилар?
Уйқу МеъёриДепрессия МуаммолариКогнитив ФункцияТехас УниверситетиУйқу УзунлигиПсихик Ҳолат Янгиликлар
«Замин»ни Telegram’да ўқинг! Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг Мавзуга оид янгиликлар