date

Нима учун газли ичимликлар ва энергетиклар болалар учун хавфли?

Нима учун газли ичимликлар ва энергетиклар болалар учун хавфли?
Замонавий ҳаётда болалар учун турли ширин ичимликлар – газли сувлар, энергетиклар ва сунъий таъмлантирилган шарбатлар одатий ҳолга айланган. Аммо бу маҳсулотлар ичидаги яширин хавфлар кўпчилик ота-оналар эътиборидан четда қолмоқда. Фарзандларимиз саломатлигини жиддий таҳдид остида қолдираётган бу ичимликлар аслида қанчалик хавфли? Келинг, мутахассислар фикри ва илмий изланишларга таяниб, ушбу мавзуни чуқурроқ таҳлил қиламиз.

Энг аввало, бу ичимликлар таркибидаги кофеин, сунъий ширинликлар, ортиқча шакар, фосфор кислотаси, бўёқлар ва консервантлар болаларнинг ўсиб бораётган организмига салбий таъсир кўрсатади. Ҳар куни бир шиша газли ичимлик ичиш болада бир неча ҳафтада қуйидаги муаммоларни юзага чиқариши мумкин:

.Уйқу бузилиши
.Асабийлашиш
.Диққат етишмовчилиги
.Тез-тез бош оғриши
.Тиш эмалининг емирилиши
.Юрак уришининг тезлашуви
.Семизлик ва ортиқча вазн йиғилиши
.Қандли диабет хавфининг ошиши

БМТ Соғлиқни сақлаш ташкилоти (WҲО) болалар учун кунлик шакар истеъмолини 25 граммдан оширмасликни тавсия қилади. Аммо биргина 0.5 литрли газли ичимликда бу миқдор 35–40 граммни ташкил қилади. Бу эса рухсат этилган нормадан тахминан 1.5 баравар кўп.

Реклама тузоғи: "Витаминли", "энергия берувчи" дегани соғлом дегани эмас
Кўплаб ишлаб чиқарувчилар маҳсулотини "қувватлантиради", "диққатни оширади", "таркибида витамин бор" каби сўзлар билан реклама қилади. Аммо бу иборалар истеъмолчининг эътиборини чалғитади. Аслида эса бу ичимликлар муваққат диққатни фаоллаштирган бўлиши мумкин, аммо натижада организм кучсизланиб, чарчоқ ва гиперфаоллик каби салбий ҳолатлар келиб чиқади.

Шунингдек, баъзи ширин ичимликларда аспартам, сукралоза, сахарин каби сунъий ширинликлар ишлатилади. Бу моддаларнинг узоқ муддатли истеъмоли иммунитетни сусайтириши, овқат ҳазм қилишни бузиши ва гормон тизимига салбий таъсир кўрсатиши мумкин.

Кофеин – болалар организмига бегона модда
Энергетик ичимликларнинг асосий таркибий қисми – кофеин. Бу модда катталар учун ҳам меъёрдан ошса хавфли. Болалар организми эса кофеинни тўлиқ қайта ишлай олмайди, натижада:

.Юрак уришида носозлик
.Қон босимининг ўзгариши
.Безовталик ва хавотир ҳолатлари
.Овқатга иштаҳанинг йўқолиши
.Суякларнинг ўсиши секинлашуви кузатилади.

Болалар юраги катталарга нисбатан тезроқ уради, кофеин эса юрак уришини сунъий равишда янада кучайтиради. Бу эса юрак мускулларига ортиқча юк тушишига сабаб бўлади.

Ота-оналар учун огоҳлик: болангиз ичаётган суюқликка эътибор беринг
Ота-оналар, айниқса, ёз фаслида фарзандларига совуқ ичимлик олиб беришни хоҳлашади. Аммо муқобил вариант сифатида оддий сув, табиий сиқилган мева шарбатлари, сут ёки айран каби соғлом маҳсулотларга устуворлик бериш лозим.

Шунингдек:

.Газли ва энергетик ичимликларни умуман уйда сақламанг.
.Фарзандингиз билан очиқ суҳбат қилинг: бу ичимликларнинг зарари ҳақида уларни хабардор қилинг.
.Ўз намунангиз билан намуна бўлинг – ота-онаси ичмаса, фарзанд ҳам қизиқмайди.
.Дўконда маҳсулот харид қилишда ёрлиқларни ўқишга одатлантиринг.
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Саломатлик » Нима учун газли ичимликлар ва энергетиклар болалар учун хавфли?