
Болаларнинг гапиришни ўрганиш жараёни туғилишдан бошланади. Улар аввал тилни эшитиш орқали қабул қилади ва аста-секин сўзларни айтган ҳолда ифода қилишни ўрганадилар. Бу жараён ҳар бир болада ҳар хил суръатда кечади. Аммо тиббий ва психологик тадқиқотларга асосланиб, болаларда нутқнинг ривожланиш босқичлари аниқ белгиланган.
Бир ёшгача босқич
Туғилганидан кейин бола атрофидаги овозларга эътибор беради. 2-3 ойда у турли товушлар чиқара бошлайди, бу босқич «гўнгирлаш» деб аталади. 6-7 ойга келиб, «бубуллаш» — «ба-ба», «ма-ма» каби бир хил товушларни такрорлаш ривожланади. Бу даврда бола эшитган сўзларни эслаб бораверади, лекин ҳали мақсадли равишда гапирмайди.
Бир ёшдан икки ёшгача босқич
Кўп болалар 12 ой атрофида биринчи сўзини айтади. Бу, одатда, «она», «ата», «бу» каби содда ва кўп ишлатиладиган сўзлар бўлади. 18 ойга келиб, боланинг сўз бойлиги ўртача 10-20 та сўздан иборат бўлади. У айрим сўзларни фақат маълум вазиятда қўллайди ва сўзлар орқали хоҳишини билдиришга ҳаракат қилади.
Икки ёшдан уч ёшгача босқич
Бу босқичда бола нутқи сезиларли даражада тез ривожланади. Икки ёшда сўз бойлиги 50-100 тага етади, уч ёшга келиб эса 250-500 та сўзгача кенгаяди. Болалар сўзларни бирлаштириб, икки-уч сўзли оддий гаплар тузишни бошлайди. Масалан, «ота ишда», «мана сув» каби.
Уч ёшдан кейинги босқич
Уч ёшдан сўнг бола сўзлардан фойдаланиб, тўлик гаплар тузишга ўтади. У қарама-қарши маъноларни тушуниб, савол бериши мумкин. 4 ёшда бола ўзини эркин ифода этадиган даражада гапира олади. 5 ёшга келиб, кўп болалар нутқ жиҳатдан катталарга яқинлашади: гаплари тушунарли, қисман тўғри ва мантиқий бўлади.
Гапиришнинг кечикиши нима билан боғлиқ бўлиши мумкин?
Агар бола 18-24 ойгача ҳеч қандай сўз айтмаса, 2 ёшгача икки сўзли гап тузмаса, бу ҳолат эҳтимолий кечикишдан дарак бериши мумкин. Бунинг сабаблари қуйидагилар бўлиши мумкин:
- эшитишда муаммо бўлиши;
- неврологик ривожланишда кечикиш;
- нутқ органлари (овоз пайлари, тил, оғиз)даги туғма муаммолар;
- атрофда тил муҳитининг етарли бўлмаслиги.
Бу ҳолатда логопед, педиатр ва аудиолог каби мутахассисларга мурожаат қилиш тавсия этилади.
«Замин»ни Telegram’да ўқинг!